Миришкор оила кунига 5 миллион сўм даромад олмоқда

13:00 17 Апрель 2025 Жамият
101 0

Ботир МАДИЁРОВ/«Халқ сўзи». Ёзёвон туманининг «Юқори Сойбўйи» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида истиқомат қилувчи Ёдгорали Қодиров оила аъзолари билан 35 сотих ерда иссиқхона ташкил этиб, бодринг парваришлашади.

Миришкор оила бир ой олдин бодринг ҳосилини бозорга чиқарган бўлиб, дастлабки кунларда ҳар бир килосини улгуржи нархда 30 минг сўмдан сотишди. Ҳозир кунора узиладиган 1 тонна ҳосилнинг килосини 10 минг сўмдан шу ернинг ўзида харидорлар олиб кетишмоқда. Шу тариқа ушбу оила бодринг савдосидан кунига ўртача 5 миллион сўм даромад оляпти.

Бу йил парваришланган «Зара» навли бодринг касалликларга чидамли ва узоқ вақт мобайнида яхши ҳосил беради. Ана шу жиҳатни инобатга олган ҳолда оила аъзолари яна икки ой бодринг узишни мақсад қилишган.

Маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси Исломжон Муқимовнинг айтишича, хизмат кўрсатиш соҳаси ва деҳқончилик маҳалла драйвери сифатида белгиланган. Ўтган йили оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш мақсадида 53 нафар фуқарога қарийб 500 миллион сўм имтиёзли кредит ажратилди. Шу йилнинг биринчи чорагида эса 17 та микролойиҳага 250 миллион сўм кредит берилиши таъминланди.

Айтиш жоиз, бугунги кунда маҳалладаги 1300 та оилада 4300 нафар аҳоли истиқомат қилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?