Мираки бўйлаб саёҳат

15:08 22 Май 2025 Жамият
325 0

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ/«Халқ сўзи». Ҳисор тоғ тизмалари бағрида жойлашган Мираки қишлоғи нафақат туман ёки вилоят, балки юртимиздаги энг сўлим гўшалардан бири ҳисобланади. Ҳудуд уч томондан баланд тоғ қоялари билан ўралган. Шарқий томондан 1,5 километр тепаликда юртимиздаги энг йирик гидро иншоотлардан бири — «Ҳисорак» сув омбори жойлашган. Унинг суви қишин-ёзин бирдек «Оқдарё»га қуйилиб туради. Доимо шошқин ва ҳайқириб, кўпириб оқадиган бу дарё қишлоқнинг қоқ марказидан кечиб ўтган. Тоғ жилғаларидан ҳосил бўлган «Қорадарё» анча сокин оқади. У бирмунча саёз ва суви илиқ. Бу дарё бир нечта кичик қишлоқларни кесиб ўтиб, маҳалла марказида «Оқдарё» билан бирлашади. Ҳар икки дарёнинг бўйлари қалин дарахтзорлар билан қопланган. Бу ерлар ёз чилласида ҳам салқин ва баҳаво бўлади. Илгари ҳам Миракида дам олувчилар кўп бўлган, улар ҳар иккала дарё бўйларида маҳаллий аҳоли томонидан ўрнатилган супаларда ҳордиқ олади. Аммо бу ердаги шарт-шароит, хизмат кўрсатиш аҳволи талабга жавоб бермас, ҳудуднинг туристик салоҳиятидан унумли фойдаланилмаётганди.

Президентимизнинг 2023 йил 28 ноябрдаги тегишли қарорига асосан Шаҳрисабз туманининг Мираки, Амир Темур, «Улоч» ва Полмон маҳаллалари ҳудудидаги 240 гектар майдонда замонавий туризм зонасини барпо этиш белгиланиши Миракининг туристик жозибасини оширишда муҳим аҳамиятга эга бўлди. Мазкур қарорга асосан белгиланган ҳудудда туризм объектларини барпо этиш, зарур инфратузилмани яратиш бўйича мастер-режа ишлаб чиқилди.

— Ўтган йилда ҳудудда осма кўприк, селфи майдонлари ва зиплайн ташкил этилди, — дейди вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги Туризм инфратузилмасини ривожлантириш ва бошқариш департаменти директори ўринбосари Жавоҳир Тожиев. — «Ҳисорак» сув омбори ҳудудида катерларда саёҳат хизмати йўлга қўйилди. Айни пайтда 9880 метр узунликда пиёдалар, вело йўлаги қурилиш ишлари якунланди. Учта 20 метрлик, иккита 35 метрлик ҳамда битта 44 метрлик кўприклар барпо этилди. Шу боис «Ҳисорак» сув омборининг соҳиллари сайёҳлар билан гавжум. Кимдир катерда сузмоқда, яна кимдир икки чўққи ўртасида ўрнатилган зиплайнда экстремал саёҳат завқини туймоқда. Осма кўприк, сирпанчиқ, ҳалинчак, савдо ва кўнгилочар мажмуалари сайёҳлар хизматида.

«Ҳисорак» сув омборига чиқиш учун машинада икки километрга яқин йўлни босиб ўтиш керак. Бу бироз машаққатли. Маҳалла марказидан сув омбори соҳилига қадар масофада барпо этилаётган дор йўли саёҳатчиларга баландликда сайр қилиш завқи билан бир қаторда, сув омбори соҳилига чиқиб бориш имкониятини ҳам бермоқда.

«Оқдарё» бўйлари салқин шабада ва сокинлик истаган кишилар учун мос гўшага айланмоқда. Авваллари чакалакзор бўлиб ётган соҳилда энди 10 километрга яқин масофада замонавий дизайн асосида пиёдалар ҳамда вело йўлаклар, дам олиш ўриндиқлари барпо этилган. Турли ранглардаги ёритиш чироқлари бу ернинг кечки вақтларда ҳам янада жозибали кўриниш олишини таъминлайди. Ҳозирда 1100 ўринли иккита меҳмонхона, 3 та хостел, иккита ресторан ва савдо кўнгилочар комплекси қурилиши ишлари жадал олиб борилмоқда. Улар тўлиқ ишга тушгач, Мираки жаҳон андозалари асосидаги сайёҳлик структурасига эга бўлади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?