Миллий қадриятларимиз ва демократик тараққиёт асоси

БМТ Бош Ассамблеяси сессиялари доимо инсоният олдида турган долзарб муаммоларни муҳокама этиш, уларга ечим излаш масалаларига қаратилган бўлиб, бу борада давлатларнинг қарашлари ўртага ташланади, халқлар манфаатидан келиб чиқиб хулосалар белгиланади.
БМТ Бош Ассамблеясининг 80-юбилей сессиясида Президентимиз томонидан илгари сурилган ташаббуслар мамлакатимиз ташқи сиёсатидаги устувор йўналишларни аниқ ифода этди. Нутқ глобал муаммолардан тортиб, минтақавий ҳамкорлик, миллий ислоҳотлар, экология, сув хавфсизлиги, логистика ва ёшлар масалалари каби кўп қиррали йўналишларни қамраб олди.
Давлатимиз раҳбари дунёда урушлар, ижтимоий ва технологик тенгсизлик, иқтисодий ҳамда гуманитар инқирозлар ортиб бораётганини қайд этиб, бу жараёнларда БМТнинг асосий платформа сифатидаги роли муҳимлигини алоҳида таъкидлади. Хавфсизлик Кенгаши трансформация қилиниши ва “БМТ-80” ташаббусларини қўллаб-қувватлаш зарурлиги билдирилди.
Янги Ўзбекистон ислоҳотлари натижасида мамлакатимизда камбағаллик даражаси 35 фоиздан 6,6 фоизгача туширилгани, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳасида катта натижаларга эришилгани айтиб ўтилди. Мактабгача таълимда қамров 27 фоиздан 78 фоизга, олий таълимда эса 9 фоиздан 42 фоизга ошгани кўрсатилди. Шунингдек, Бутунжаҳон профессионал таълим саммити ва болалар саратонига қарши курашга бағишланган тадбир Ўзбекистон ташаббуси билан ўтказилиши эълон қилинди.
Давлатимиз раҳбари нутқларида анъанавий тарзда Афғонистон масаласи муҳим ўрин тутади. Бу гал ҳам Афғонистоннинг халқаро майдондан четда қолмаслиги зарурлиги қайд этилди. Транспорт ва энергетика коридорларини ушбу давлат орқали ривожлантириш резолюцияси таклиф этилди. Ғазо ва Украинада сиёсий ечим топиш зарурати ва тинчликка чақириқ билдирилди.
Бундан ташқари, денгизга чиқиш имконияти йўқ мамлакатларнинг муаммоларига эътибор қаратилиб, “Барқарор ривожланиш мақсадлари учун ўзаро транспорт боғлиқлигини мустаҳкамлаш” глобал механизмини жорий қилиш таклиф этилди.
Асосий мавзулардан бири Орол денгизи муаммоси бўлди, дейиш мумкин. Жумладан, экология ва сув хавфсизлиги бўйича Орол денгизи тубида 2030 йилга қадар 80 фоиз майдонда яшил қопламалар яратиш режаси тилга олинди. Шунингдек, Сувни тежаш бўйича жаҳон форуми ва иқлим миграциясига қарши Глобал пакт ишлаб чиқиш ташаббуси илгари сурилди.
Рақамли тенгсизликни камайтириш зарурлиги қайд этилиб, соғлиқни сақлаш, таълим ва маданият соҳаларида сунъий интеллект ечимларини алмашиш бўйича халқаро механизм яратиш таклифи билдирилди.
Президентимиз ўз чиқишида ёшлар масаласига алоҳида эътибор қаратиб, “Жаҳон ёшларининг тинчлик сари ҳаракати”ни таъсис этиш ва қароргоҳини Ўзбекистонда жойлаштириш таклифини илгари сурди. Шу билан бирга, ислом маърифати ғояларини чуқур ўрганиш, Ислом цивилизацияси марказини очиш, Имом Бухорий, Имом Термизий ва Имом Мотуридий меросига бағишланган тақдимотларни БМТда ўтказиш режаси билдирилди.
Депутат сифатида бу нутқни Янги Ўзбекистон ислоҳотларининг изчил давоми ва миллий манфаатларимизнинг халқаро майдонда муносиб ҳимоя қилиниши сифатида баҳолайман. Ушбу нутқ парламент олдига қонун ижодкорлиги йўналишида илгари сурилган таклифларни қонунчилик асосларига жорий этиш, уларнинг самарали амалга оширилиши устидан парламент назоратини кучайтириш, жамият ва давлат институтлари ўртасида ҳамкорликни янада ривожлантириш каби вазифаларни қўймоқда. Ундаги ғоялар миллий қадриятларимиз ва демократик тараққиёт ғоялари билан уйғун тарзда ҳам халқимизнинг, ҳам жаҳон ҳамжамиятининг умумий манфаатларига хизмат қилади.
Азамат ПАРДАЕВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- «Бунёдкор» мураббийи Сергей Арсланов вафот этди
- Ўзбекистонда доллар курси пастлади
- Қондаги глюкозани пасайтириш учун кечки овқатланишнинг идеал вақти маълум бўлди
- Сардобанинг сири нимада?
- Камчатка соҳилларидаги кучли зилзиладан сўнг Ўзбекистон Консуллиги ватандошларимизга мурожаат қилди
- Бухоролик докторант ниманинг эвазига Президент совғаси – автомобилга эга бўлди?
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг