Миллий матбуот марказида истеъдодли шоира Дилора Холиқованинг «Ваъда» китоби тақдимоти бўлиб ўтди — Фоторепортаж
Фото: Давронбек Эрназаров/«Халқ сўзи»
Бугун, 19 июнь куни Республика Миллий матбуот марказида истеъдодли шоира Дилора Холиқованинг «Ваъда» китоби тақдимоти бўлиб ўтди.
Дилора Холиқованинг шеърияти соғинч, умид, комиллик, ҳажр, армон каби инсоний туйғулар, хазонрезги куз, ёмғирли тун, мусаффо тонг рангларининг мураккаб ва уйғун композицияси дейиш мумкин. Унинг сатрлар оҳанг-куйдай янграйди, мавзуларга теран мазмун ва бетакрор бадиият уйғунлигини бахшида этади. Номардлик, субутсизлик, бефарқлик ва юзсизлик каби иллатлар қаршисида кучли изтироб чекаётганини илғайсиз.
Муаллиф китобда ўзининг ватанга, ёрга, ота-онага бўлган адоқсиз севгисини янгича шакл ва услубда ифода этади, миллатнинг ўтмиш ва бугунги дардларини ўз кўнгил ҳидоятидан ўтказиб, доимий ҳайрат ва титроқ билан қаламга олади. Шу тариқа тафаккур қудрати ва қалб уйғунлигига эришган юксак шеърият ҳар қандай ўқувчини ўзига беихтиёр мафтун этади.
Тадбир якунида «Қанот» лойиҳаси доирасида муаллифнинг шеърлари бўйича ўтказилган ижодий танловнинг 40 дан ортиқ ғолиб ва совриндорлари ҳам тақдирланди.
Маълумот учун, Дилора Холиқова 1985 йил Навоий вилояти Қизилтепа туманида туғилган. Навоий давлат педагогига институти (ҳозирги Навоий давлат университети)нинг ўзбек тили филологияси факультетини тамомлаган.
Турли йилларда «Учқудуқ» ва «Янги Қизилтепа» газеталарида мухбир сифатида меҳнат қилган. Салкам 20 йилдан буён педагогик фаолият билан шуғулланади. Ёш ижодкорларнинг «Зомин семинари» (2006 йил) иштирокчиси. Унинг шеърлари «Кенгликлар сурури», «Субҳ», «Навоий гулшани» тўпламларидан ўрин олган, Туркия, Қозоғистон, Тожикистон ва Ҳиндистон каби хорижий давлатларнинг журналларида эълон қилинган. «Ваъда» муаллифнинг илк тўпламидир.
Давронбек ЭРНАЗАРОВ, Отабек САИДАҲМАДОВ
«Халқ сўзи»
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- АҚШ ва Британия Сурия муваққат президенти Ахмад аш-Шаръани «қора рўйхат»дан чиқарди
- G20 саммитининг Жанубий Африкада ўтказилиши шармандали ҳолат – Трамп
- «Олтин куз» II Халқаро камер ва симфоник мусиқа фестивали бўлиб ўтади
- Машинада хавфсизлик камарини тақиш мумкин бўлмаган касалликлар рўйхати тасдиқланади
- Ўзбекистон U-17 терма жамоаси Жаҳон чемпионатидаги иккинчи ўйинида мағлуб бўлди
- Ўзбекистон миллий терма жамоасининг халқаро мусобақа учун қайдномаси эълон қилинди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг