Метан «заправка»лар фаолиятига чеклов киритилади
Энергетика вазирлиги об-ҳаво кескин совиган кунларда аҳолини узлуксиз энергия ресурслари билан таъминлаш юзасидан кўрилаётган зарур чоралар ҳақида маълумот берди.
Вазирликка кўра, сўнгги кунларда республика ҳудудига совуқ ҳаво оқими кириб келиши натижасида энергия ресурсларига бўлган талаб сезиларли даражада ошиб бормоқда. Бугунги кунда аҳолининг табиий газ кунлик истеъмоли ўтган ҳафтадагига нисбатан 20 фоиз, электр энергияси истеъмоли эса 15 фоиз ортган.
Таъкидланишича, бундай вазиятда тизим корхоналари томонидан электр ва газ узатиш тармоқларидаги ишларни тезкор ҳамда сифатли ташкил қилиш, истеъмолчиларни энергия ресурслари билан барқарор таъминлаш мақсадида тизимда доимий равишда зарур чоралар кўриб борилмоқда.
Хусусан, совуқ кунларда юзага келиши мумкин бўлган носозликларни бартараф этиш учун электр ва газ таъминоти корхоналарида туну кун фаолият юритадиган 1 600 дан ортиқ махсус бригадалар ташкил этилди ҳамда улар керакли автотранспорт воситалари ва захира қурилмалари билан тўлиқ таъминланди.
Маълумот учун, электр таъминоти корхоналарига 877 та автотранспорт ҳамда 450 та махсус техника, газ таъминотига – 220 та автотранспорт ва 259 та махсус техника бириктирилиб, 567 та пайвандлаш аппарати билан таъминланган.
Аҳоли ҳамда ижтимоий соҳа объектларига энергия ресурсларини барқарор етказиб бериш бўйича соҳа объектларида 24 соатлик иш режимига ўтилган бўлиб, жойларда ишларнинг бориши устидан доимий назорат ўрнатилган. Содир бўлган авариявий ҳолатларни зудлик билан бартараф этиш чоралари кўрилиб, аварияни бартараф этишнинг ўртача вақти ўтган йилдаги 3-3,5 соатдан жорий йилда 1-1,5 соатгача қисқартирилди.
Шунингдек, олдинги йилларда генерация қуввати танқислиги туфайли мажбурий чекловлар киритилган бўлса, янги ишга туширилган қувватлар ҳисобига жорий йилда чекловлар киритилиши бартараф этилди.
Ҳаво ҳароратининг кескин пасайиши натижасида истеъмолчиларнинг табиий газга бўлган талаби кескин ошиб, республика газ транспорт тизими объектлари максимал қувватларда ишлашига, шу жумладан, газни ерости сақлаш омборларидан режалаштирилган максимал кунлик газ олинишига ва тармоққа узатилишига қарамай, қувурларда газ босимининг пасайиши кузатилмоқда.
Биринчи навбатда аҳоли хонадонлари ҳамда ижтимоий соҳа объектларини (тиббиёт, мактаб, мактабгача таълим, олий таълим муассасалари ва бошқалар) табиий газ билан таъминлаш устувор вазифамиз эканлигини инобатга олиб, ҳудудлардаги маҳаллий ҳокимликлар билан биргаликда ишлаб чиқилган режа-графикларга мувофиқ, истеъмол юқори бўлган айрим ҳудудлардаги автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари (газ заправкалар) фаолиятига қисқа муддатли чеклов киритилиши режалаштирилмоқда.
«Бу бўйича вилоятлар ва туманлар ҳокимликлари расмий ахборот манбаларида тегишли тартибда маълумот бериб борилиши йўлга қўйилади», дейилади хабарда.
Қўшимча қилинишича, фуқароларга ёнилғи қуйиш, газ тўлдириш ҳамда электр қувватлаш шохобчалари ҳақида онлайн маълумот бериб бориш мақсадида ишлаб чиқилган «Avto24» иловаси ёрдамида шохобчалар фаолияти билан боғлиқ барча маълумотларни онлайн режимда кузатишлари мумкин.
Қолаверса, электр таъминоти бўйича туғилган саволлар бўйича 1154 қисқа рақами ёки Telegram'даги @HET_admin administrator'га ҳамда газ таъминоти бўйича эса 1104 ва 104 қисқа телефон рақамлари ёки Telegram'даги @hududgaz_murojaat_bot'га мурожаат қилиш имконияти яратилган.
Шунингдек, вазирлик фуқаролардан узлуксиз энергия ресурслари билан таъминлаш мақсадида кўрилаётган биринчи навбатдаги чораларни тўғри тушунган ҳолда қуйидаги тавсияларга қатъий риоя қилишларини сўраган:
- электр қурилмалари ва иситиш мосламаларига ниҳоятда эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлиш;
- ресурслардан имкон қадар самарали ва тежамкорлик билан фойдаланиш;
- ностандарт, энергия самарасиз қурилмалардан фойдаланмаслик;
- қурилмалардан фойдаланилмаётган вақтларда уларни тармоқдан ажратиб қўйиш;
- ис газидан заҳарланишнинг олдини олиш.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Собиқ бош вазир узоқ муддатга қамалди
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- Туркияда қалбаки алкоголдан яна 3 нафар ўзбекистонлик ҳаётдан кўз юмди
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг