Менингитга чалинган ҳар 6 кишидан 1 нафари вафот этмоқда — ЖССТ

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти менингитни ташхислаш, даволаш ва унга чалинган беморларни парваришлаш бўйича илк глобал кўрсатмаларини эълон қилди. Бу ҳақида Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар берди.
Менингит — бош ва орқа миянинг яллиғланиши ҳамда умумий интоксикация белгилари билан кечадиган ўта юқумли касаллик бўлиб, ҳозиргача унинг баъзи турларига нисбатан самарали даво чоралари, ташхис усуллари ва вакциналар яратилганига қарамай, ҳамон бу патология инсонлар саломатлигига жиддий хавф солиб келмоқда.
Маълумотларга кўра, 2019 йили дунё бўйича бу хасталикка чалинган 2,5 миллион нафар бемор рўйхатга олинган. Улардан 1,6 миллион нафарида касалликнинг энг хавфли тури ҳисобланган 24 соат ичида ўлимга олиб келувчи бактериал менингит аниқланган. Оқибатда 240 минг киши вафот этган.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг янги кўрсатмалари энг сўнгги тадқиқот ва далилларга асосланган бўлиб, қўлланма ушбу касаллик билан боғлиқ ўлим ҳолатлари ҳамда ногиронликни камайтиришга доир муҳим тавсияларни ўз ичига олган.
ЖССТ бош директори доктор Тедрос Гебреесуснинг маълум қилишича, бактериал менингитни юқтирган ҳар олти бемордан бир нафари ҳалок бўлмоқда. Омон қолган аксарият беморлар ҳам узоқ муддат давомида касалликнинг оғир асоратларидан қийналишади.
Ташкилот эълон қилган янги йўриқномада менингит касаллигини юқтирган бир ойликдан ошган болалар, ўсмирлар ҳамда катталарни клиник даволашга қаратилган маълумотлар мавжуд.
Йўриқномадаги тавсиялар касалликни даволашдаги тиббий ёрдамларнинг барча жабҳаларини қамраб олади. У бирламчи ва иккиламчи тиббиёт муассасалари, жумладан, шошилинч, стационар ва амбулатория ёрдамини кўрсатувчи мутахассислар учун мўлжалланган.
«Мазкур йўриқнома ЖССТга аъзо давлатлар томонидан қабул қилинган 2030 йилгача менингитга барҳам беришга доир ҳаракатлар режаси мақсадларига мосдир», — дейилади хабарда.
Шунингдек, ушбу йўриқнома орқали бактериал менингит эпидемиясини бартараф этиш, хусусан, эмлаш орқали касалланиш кўрсаткичини 50 фоизга ва ўлим ҳолатларини 70 фоизга камайтириш назарда тутилган.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Айрим оилаларга бир марталик моддий ёрдам берилади
- Ўзбекистонда доимий аҳоли сони ҳар куни неча кишига ошяпти?
- Шаҳрам Ғиёсов тажрибали рақибини муддатдан олдин мағлуб этди
- Самарқанд яна бир нуфузли форумга мезбонлик қилади
- Марказий банк шошилинч огоҳлантириш билан чиқди
- «Leapmotor» Ўзбекистонда ўтказилган автомобиль тести натижаларидан норозилигини билдирди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг