“Мен қолмайман ҳеч вақт бенаво...”

19:37 20 Февраль 2024 Маданият
210 0

20 февраль — Матназар Абдулҳаким таваллуд топган кун

Ўзининг оташин ва фалсафий шеърлари, Бедилу Паҳлавон Маҳмуддан қилган мумтоз таржималари билан адабиёт бўстони кўркига кўрк қўшган ижодкор, кўплаб қалблардан жой эгаллаган шоир Матназар Абдулҳаким бугун ҳаёт бўлганида 76 ёшга тўлган бўларди.

Шоир бошқа маслакдошларидан фарқли ўлароқ пойтахтга келмасдан вилоятда — Хоразмда яшаб, ижод қилганига қарамай овози Тошкентда ҳам жаранглаб турган. Бугун шоир наинки Хоразм, балки Ўзбекистон, туркий олам адабиёт муҳиблари томонидан севиб ўқилади ва ўқилажакдир.

ТАРЖИМАИ ҲОЛ

Кўринмасдим ҳар ким-ҳар кимга,

Мен – саҳарлар уфурган нафас.

Гардсизлигим, тозалигимга

Чексизликлар қиларди ҳавас.

Бир тонг ногоҳ бўлдим мен шабнам,

Сўнг булутга, ёмғирга дўндим.

Майсаларга айландим кам-кам,

Тупроқ бўлиш дардига кўндим.

Минг йилликлар туркум ва туркум

Қорилдилар зулмат, зиёга.

Саодатли қандайдир бир кун

Дарахт бўлиб келдим дунёга.

Ҳаёт бир йўл – сўнгсиз, бетимсол,

Минг тирилиб, минг ўлиб чопдим.

Насиб бўлди ноёб бир висол,

Жонзот бўлиб таваллуд топдим.

Қаноатлар, тоқат, сабрлар

Ғилдираги айланди гир-гир.

Кечди неча туман даврлар,

Инсон бўлиб туғилдим ахир.

Эндигина ором топиб жон,

Етди десам толега хуш гал,

Ҳар тўкисда – неча минг нуқсон,

Ҳар тўкисда – неча минг ишкал.

Зулмат тўйди, ютиб зиёни,

Зулматларга зиё ҳам тўйди.

Дийдорига тўйдим дунёнинг,

Дийдоримга дунё ҳам тўйди.

Қўйинг, сўйлаб бўлмай мен нолон,

Сиз ҳам тинглаб бўлмангиз ҳалак.

Шу ўзингиз билган тўполон,

Шу ўзингиз билган чархпалак.

Номард бўлай агар нолисам,

Бошқа тирилмайман, ўлмайман.

Бир қутулсам, бир кетиб олсам,

Дунёга мен бошқа келмайман.

ҚОР ҚЎШИҒИ

Лаҳза тиним билмай кутдим бу кунни,

Бугун орзуларим, мана, ушалди.

Сен атайин ухлаб ўтказдинг тунни,

Мен-чи ёғавердим, мен-чи тўшалдим.

Бўронларда елиб, ҳовлингга келиб,

Уйингни айланиб кездим жон ҳалак.

Ниҳоят, ниҳоят, уйғотдим сени

Деразангда бўлиб гирдикапалак.

Ёғдуга кўмилди бедор ҳисларинг,

Улар боис бўлди оппоқ фахримга.

Оҳиста-оҳиста босган изларинг

Ўйилиб-ўйилиб қолди бағримга.

Истасанг, дўстингга от. Турибман шай.

Ахир нечун бундан қилай орлар ман.

Севиб, шодлигимдан осмонга сиғмай,

Сенга зорлар бўлиб ёғган қорлар — ман.

Мен учиб қўнайин, сен қувна ял-ял,

Сен сира қилмагин шодликни канда.

Кечир кўзёшингга ўхшаб қўйсам сал,

Кипригингга аста қўнаётганда.

Шодлигингга қисқа умримни бериб,

Оҳ-фиғон қилмасдан, нолимасдан, жим,

Аста ер қаърига кетаман эриб

Сенга атаб гуллар юбориш учун...

* * *

Танҳо фасл эмасди баҳор,

Унга танҳо меҳримни бердим.

Бамисоли кунгайдаги қор

Ғамлар нигоҳингда эриди.

Мен овозим бўғилгунча то,

Ҳуснинг куйлаб куйдим жизғаниб.

Бироқ ҳансираган саратон

Ёнди сени мендан қизғаниб.

Қуёш ерни оловга чайиб,

Тиниб қолди мушфиқ эпкинлар.

Ипак сочинг бадтар сарғайиб,

Рухсорингга тошди сепкиллар.

Қасд қилганлар, ахир, мудом паст,

Ёз ҳам ўтди армонда, ўсал.

Аввалгидек мен ҳамон сармаст,

Аввалгидек сен ҳамон гўзал.

Шодликларим ниқобланган дард,

Сен бу дардни англайсан аранг.

Кўзларингдан ёғилган мадад

Аввалгидек ҳамон осмонранг.

Сен кўргач шу толени раво,

Ғурбатлардан мен нолимайман.

Мен қолмайман ҳеч вақт бенаво,

Мен ҳеч қачон сенсиз қолмайман.

Сенга хазон тегмас. Сен асл.

Сенга дахл қила олмас куз.

Фасл келиб, кетади фасл,

Фақат меҳрим билмас танаффус.

Ишқ фаслида ҳамиша ҳамал.

Бордир ҳаёт. Йўқдир ўнгишиқ.

Мен учун сен мангу мукаммал,

Мангу ўн саккиз яшар қўшиқ!

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?