Оила институтини мустаҳкамлаш ва никоҳдан ажралишларнинг олдини олиш бўйича Оила ва хотин-қизлар қўмитасига парламент сўрови юборилади

13:59 01 Ноябрь 2025 Сиёсат
160 0

Сенатнинг ўн биринчи ялпи мажлисида оила институтини мустаҳкамлаш ва никоҳдан ажралишларнинг олдини олиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар юзасидан Оила ва хотин-қизлар қўмитасига парламент сўровини юбориш масаласи кўриб чиқилди.

Таъкидланганидек, оила муносабатларини тартибга солувчи 20 та қонун, Президентнинг 32 та фармон ва қарори, Вазирлар Маҳкамасининг 45 та қарори қабул қилинган. Янгиланган Конституцияда давлатнинг оиланинг тўлақонли ривожланиши учун ижтимоий, иқтисодий ва ҳуқуқий шарт-шароитлар яратиши мустаҳкамлаб қўйилган.

Шунингдек, низоли оилалар билан индивидуал ишлаш дафтари, “Оқила аёллар” ҳаракати ва маҳалла институти ҳамкорлигида оилавий ажримларнинг олдини олиш бўйича мақсадли ишлар йўлга қўйилган. Суд органлари тизимида ҳам инновацион ёндашув жорий қилиниб, “Оила судьялари” институти тажриба сифатида амалга киритилган.

Шу билан бирга, таҳлиллар соҳада айрим муаммолар сақланиб қолаётганини кўрсатмоқда.

Жумладан, 2024 йилда 271 776 та никоҳ тузилган бўлса, шу даврда никоҳдан ажралишлар сони 45 135 тани ташкил этган. Ўтган йилда никоҳдан ажралишларнинг 28,5 фоизи 30 ёшгача бўлган шахсларга тўғри келган.

Никоҳдан ажралишларнинг энг кўпи Тошкент шаҳри (5 913 та), Фарғона (4 800 та), Андижон (4 781 та) ва Самарқанд вилоятларида (4 599 та) кузатилган.

Жорий йилнинг январь-июнь ойлари давомида 95 275 та никоҳ тузилган бўлиб, никоҳдан ажралишлар сони 23 338 тани (24 фоизни) ташкил этган ҳолда ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 4 фоизга (871 тага) ортган. Республиканинг 112 та туман ва шаҳрида никоҳдан ажралишлар сони ўсган.

Никоҳдан ажралишларнинг сабабларини таҳлил қилиш олдини олиш мумкин бўлган ҳолатлар ҳам борлигини кўрсатмоқда.

Жумладан, фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан 2024 йилда никоҳдан ажратишга доир 32 217 та ариза қаноатлантирилган, шундан 17 535 та ҳолатда (54 фоиз) характер тўғри келмаслиги, 1 807 та ҳолатда (6 фоиз) бошқа никоҳ муносабатига киришганлиги, 1 222 та ҳолатда (4 фоиз) оилага тайёр эмаслиги, 1 033 та ҳолатда (3 фоиз) ўзаро ишончсизлик сабаб қилиб кўрсатилган.

Бундан ташқари, 2024 йилда ФҲДЁ органларида 7 499 та оила ўзаро оилавий келишмовчилик сабабли ажратилган.

Никоҳ ёшини қисқартириш амалиёти ҳам қатор саволларни келтириб чиқармоқда. Ўтган беш йилда ҳокимлар қарорлари асосида 391 та ҳолатда никоҳ ёши қисқартирилган.

Никоҳ ёшига етмаган шахс билан никоҳ муносабатларига киришиш, вояга етмаган фарзандни турмушга бериш ёки уйлантириш, шунингдек, диний маросимларни амалга ошириш ҳолатлари кўпаяётгани қайд этилди.

Муҳокама якунида Оила ва хотин-қизлар қўмитасига тегишли парламент сўрови юбориш тўғрисида Сенат қарори қабул қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?