«Мен камбағал эмасман…»

15:05 16 Сентябр 2024 Жамият
202 0

— Эй, жўра, бу гапни қайдан эшитдинг, ким айтди мени камбағал деб? Ахир мендаям куч бор, қувват бор! Юр буёққа, ана қара, ариқда сузиб юрган ўрдакларнинг ҳаммаси меники! Бу товуқлар ҳам. Қўй-қўзиларимни кўр! Бодом, олма, шафтолининг ҳосили зўр бўлди бу йил. Бу ниманинг ҳисобига? Албатта, пешона тер билан яратилган. Меҳнат қилган одам ҳеч қачон кам бўлмайди. Буни ўнг ва сўл қулоғинг билан эшитиб ол!

Дўстининг бу гапини эшитиб, Санақул ота кўзини олиб қочди. Гўё ер ёрилмади, ерга кириб кетмади. Кейин аста деди:

— Мардонбой, сен хафа бўлма, шу маҳаллада раис сени ҳам камбағаллар рўйхатига киритганини кўриб қолдим. Шунга…

— Нима! Ҳали шунақами? Бир кўрай ўша раисни, нега мени рўйхатга киритади? Шунча меҳнат қилиб, энди камбағал бўлиб қолдимми? Мендаям ор бор, номус бор!

Мардонбой ота аёли олиб келган чойни обдан қайтариб, дўстига бир пиёла узатди. Ўзи ҳам иссиқ кўк чойни ҳўплар экан деди:

— Камбағаллар йўқ эмас, бор. Лекин шу ўзини бечора кўрсатаётган тўрт мучаси соғ одамлар ҳам йўқ эмасда. Уларга иш ёқмайди. Салқин чойхона, оғизга ёқадиган таом ва бир-иккита улфатлар бўлса бас! На оилани, на рўзғорни ўйлайди. Хотин бечора болаларни қандай боқаман деб бировларнинг уйида ишлайди. Эр эса уйга келиб хотинга ўшқиради. Ишлагани иш йўқ, дейди. Каттагина томорқа эса ажриқ босиб ётади.

— Энди жўра сениям тушунаман, ишламасанг тура олмайсан, кетмонинг қуёшда ялтирайди, — деди Санақул ота. — Топганинг ҳалол. Биламан, сен қанча ишласанг, шунча тетиклашиб бораверасан. Эшитган чиқасан, камбағалликни қисқартириш умумхалқ ҳаракатига айланибди. Албатта бунда биз кексалар ҳам иштирок этамизда. Масалан, сени олайлик, шунча куч-ғайратни қайдан оляпсан, сени меҳнат қилишга нима ундаб туради? Шуларни камбағал оилаларга гапириб беришинг керакда.

— Ҳа, эшитдим дўстим, — Мардонбой ота тенгдошининг фикрларини маъқуллади. — камбағалликни пул тарқатиш билан тугатиб бўлмайди, дейилди ўша йиғилишда. Яна бир гап. Камбағал оилаларнинг 35 фоизи қўлида ҳунари йўқ, ишга лаёқати йўқ экан. Уларни баъзи корхоналар шунинг учун ишга олмайдида. Яна бир рақамни эшитиб, ҳайратландим. камбағал оилаларнинг 83 фоизида каттагина томорқаси бор экан. Тўғри уларда сув ва электр муаммоси йўқ эмас. Қаловини топса қор ёнади, ишлаш керакда. Аммо шу йиғилишда Президентнинг бир гапи жуда ёқди менга. «Одамларга қанча ёрдам бермайлик, маҳаллалар шароитини яхшиламасак, камбағаллик қисқармайди» деди. Келгуси йилда маҳаллалар инфратузилмасини ривожлантириш учун 1,6 миллиард доллар ажратиладиган бўлди. Сув насослари, қуёш батареялари, электр, йўл, интернет учун ишлатилади бу маблағ.

— Шунча пул, маҳаллаларга! — ажабланди Санақул ота. — Бу зўрку! Энди қишлоқларга файз кирар эканда. Томорқалар ҳам яшнайди. Бозор тўкин бўлади, бозор. Шуниси муҳимда, жўра.

— Шу гапингга бир нарса ёдимга тушиб кетди, — дўстининг гапини бўлди Мардонбой ота. — Тунов куни шаҳарга тушувдим. Набирам ҳам 12 қаватда яшар экан. Чиқдим. Лекин у қаёққадир кетган экан денг. Шунда қўшниси мени уйига таклиф қилди, «дам олиб туринг, йўлда толиққансиз» деди. Яхши одам экан. Уйига кирдиму, оғзим ланг очилиб қолди. Биласанми, гўё уйга эмас, боққа киргандай бўлдим. Хоналарнинг ҳамма томонида гул ўсиб ётибди. Баъзилари шифтга етган. Буям майли, балконда лимон пишиб турибди. Балконнинг бор бўйи тувакда лимонлар билан тўлдирилган. «Дўхтир лимонзорда нафас олинг деган эди, лимонзорни шу ерга олиб келдим» дейди уй эгаси. Мана буни инновация деса бўлади. Яначи, улар бош пиёз борку, уни артганда томир томонини ташлаб юборишмас экан. Яшикка солинган тупроққа пиёзнинг томир томонини экиб, сув қуйишар экан. Пиёз ўсиб ётибди. Кўкат ўзларидан чиқяпти. Мана яна бир инновация!

— Энди сен ҳамма кўпқаватли уйда яшовчилар балконни лимон етиштирсин демоқчимисан?

— Йўқ, бу хаёлимга ҳам келгани йўқ. Айтмоқчиманки, ҳамма нарсани эпласа бўлар экан. Баъзилар томорқаси, имконияти бўла туриб, қилолмаган ишни, бир одам балконда амалга ошираётганига қойил қолганимдан айтдимда, сенга. Эпласанг чангалда шўрва, дегани шуда, жўра!

— Эй, дарвоқе, йиғилишда ҳоким, ҳоким ўринбосарлари халқ ичига кирмаётгани танқид қилинди. Қандай келсин, уларнинг вақти йўқда. Масалан, бизнинг маҳаллага ҳоким бирор марта бўлсин, келгани йўқ. Ҳолинг қандай деб мендан эмас бошқалардан сўрасин. Бева-бечораларга қарашсин! Камбағал одамларга ёрдам берсин!

— Айтмоқчи, сен ҳам бу йилги ҳосилнинг ярмини одамларга тарқатибсан, деб эшитдим, тўғрими?

— Энди биласан, шу эл бизга қадрдон. Топганимизни одамлар билан баҳам кўрамизда. Уларга берсанг, қайтади, пул бўлиб эмас, раҳмат бўлиб қайтади. Олтин олма дуо ол, дуо олтин эмасми, деган мақол бекорга айтилмаган, жўражон.

— Хўп омон бўл, мен борай, келин сигир соғадиган вақт бўлди. Невараларга қарай, беданага хўрак бериш керак, қўшни кампирнинг сал мазаси йўқ, унга овқат чиқарай. Ҳадемай кичкина невара мактабдан келади, дарсларига қарашай, парникдан гул узай, бугун аёлимнинг туғилган куни…

Фахриддин БОЗОРОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер