Мен ҳам сени соғиндим, баҳор!

06:14 01 Март 2025 Жамият
157 0

Баҳор... Нақадар ёқимли, қалбларга илиқлик, кўнгилларга орзу-умид олиб кирувчи сўз бу. Фасллар номлари орасида энг нафис ва энг гўзали ҳам баҳор. Баҳор каломининг ҳатто талаффуз этилишида ҳам ўзгача маъно бордай...

Эътибор берган бўлсангиз, тилимизда баҳорга кўплаб маънодош сўзлар мавжуд. Уни фасллар келинчаги, кўкламойим, гўзаллик ва поклик тимсоли, бободеҳқонни далага чорловчи фасл деб ҳам атайдилар. Бу бежиз эмас, чунки кўклам таровати, яшариш ва яшнаш туйғуси аввало кўнгилларда куртак очади, кейин эса дашту қирлар, боғу роғларда аста-секин кўриниш бера бошлайди.

Назаримизда инсон она табиат билан бир бутунлигини ҳам айнан шу мавсумда, баҳорнинг илк кунларидаёқ яққол ҳис этади. Биз унга ҳар йил баҳридилимизни очиб, ўпкамиз тўлиб, кўзларимиз қувончдан порлаб «Хуш келдинг, азиз Баҳор! Хуш келдинг, қадрдон Кўкламой» деймиз.

Қайд этиш жоизки, баҳор илҳомбахш, кўнгилларга олам-олам завқу шавқ улашадиган, чанқаган руҳга озиқ бўладиган мавсум. Бу бежирим фасл ҳақида не-не шоирлару ижодкорлар тўлқинланиб, орзиқиб, соғиниб ашъорлар битмаган дейсиз. Хусусан, Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф ўзининг бир шеърида бу фаслни суйиб, қуйидагича тараннум этади:

Сочимда оқ, мен баҳордан ўтиндим,

Кўкламойим, кўкингдан бер, бир чимдим.

Қор қўйнида сени қўмсаб, ўкиндим,

Кўкламойим, кўкингдан бер, бир чимдим.

Бу нафақат ижод соҳасида. Табиат уйғониши билан интиқ қалбларда яшнатувчилик, бунёдкорлик ҳис-туйғулари жўш ура бошлайди. Ерни соғиниб қолган қадоқ қўлли, пок ниятли инсонлар дала юмушларига киришиб кетади. Шу тариқа, барака ва ризқу рўз уруғи яхши тилаклар ила тупроққа қадалади.

Баҳорнинг илғаб бўлмас дастлабки нафасини биринчилардан бўлиб беғубор қалбли болажонларимиз сезади, десак, муболаға эмас. Ҳали изғирин кетмасада, улар варрак учиришни бошлаб юборадилар. Ана, қаранглар, эндигина юришни ўрганган болакайлар ҳам акаларига эргашиб бормоқда. Хаёллари мусаффо осмонда, мусаффо осмон каби орзулари эса бир олам уларнинг. Уларнинг бу интилишлари, югуришларига боқиб, шўх қий-чувларига қулоқ тутиб, азиз болажон, варрагинг каби парвоз қил, парвозинг юксак бўлсин, дегимиз келади.

Айниқса, баҳор кунлари тўйиб нафас олсангиз, ҳавода ўзгача ҳид, ажиб бир тароват кезаётганини бутун вужудингиз билан туясиз. Кечагина тарашадай қотган заминдан майсалар барқ уриб чиқмоқда, яқинда хонадонларни сумалакнинг хушбўй иси тутиб кетади, одамлар эса самимият билан бир бирларини табриклашади. Бундай кунлар фақат ва фақат жонажон Ўзбекистонимизга ярашди.

Ростини айтсам, мен ҳам сени соғиндим, баҳор! Илоҳим, бу йил ҳам пойқадаминг қутлуғ келсин кўкламойим!

Саидаҳмад ШУКУРОВ

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?