Меҳнати қадрланган кишининг ўзига ишончи янада ошади

Мамлакатимизда барча соҳаларда амалга оширилаётган инсон ва унинг манфаатларини таъминлашга қаратилган туб ислоҳотлар вилоят, туман марказларидан тортиб энг чекка ҳудуддаги қишлоғу овулларгача кириб борди. Сўнгги йилларда аҳолининг тадбиркорлик фаолиятини манзилли қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш масаласи давлат сиёсати даражасига олиб чиқилди. Хусусан, Президентнинг тадбиркорлар билан учрашиб, мулоқот қилиши анъана тусини олди. Бинобарин, амалга оширилаётган ислоҳот ва янгиланишлар энг устувор вазифаларимиздан бири, аҳоли турмуш фаровонлиги ошишига замин яратмоқда.
Яқинда Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ҳудудларда хизмат кўрсатиш соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида амалга ошираётган ишларимиз ва келгусидаги режаларимизни гапириб берганимда, у киши фаолиятимизни ижобий баҳолаб, давлат мукофоти билан тақдирлашини маълум қилди.
Очиғи, бундай юксак эътирофни кутмагандим. Камтарона меҳнатларимизни эътироф этиб, муносиб рағбатлантираётган, тадбиркорлик учун барча шарт-шароитларни яратиб бераётган Президентимизга чуқур миннатдорлик билдирмоқчиман.
Аслида, хизмат кўрсатиш, ишлаб чиқариш соҳаларидаги тадбиркорлигимиз йилдан-йилга равнақ топаётганининг боиси битта — мамлакатимизда яратилган қулай бизнес муҳити. Бу эса катта-катта лойиҳаларни амалга оширишимизга куч бағишлаётир. Масалан, юз миллиард сўм эвазига Денов туманидаги Қизилсув дарёси бўйида “Ёшлар сайилгоҳи” бунёд этяпмиз. Замонавий лойиҳалар асосида қад ростлаётган сайилгоҳда савдо ва хизмат кўрсатиш нуқталари, турли кўнгилочар масканлар қурилмоқда. Яқинда ишга туширилиши кутилаётган бу масканда мингдан ортиқ киши ишли бўлади.
Термиз шаҳрида замонавий қурилиш материали ишлаб чиқарувчи корхонамиз бир кунда 1 500 квадрат метр сендвич панеллари тайёрлаш қувватига эга. Бу ерда ҳозирда 60 га яқин иш ўрни яратилган.
Айни пайтда Термиз туманида сендвич панелда ишлатиладиган базальт ва пенопласт қопламаларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ишлари амалга оширилмоқда. Шунингдек, Олтинсой туманида мавжуд базальт захирасидан фойдаланиб, импорт ўрнини босадиган экспортбоп маҳсулот ишлаб чиқарилиши кўзда тутилган. Умумий қиймати 26 миллион АҚШ доллари бўлган мазкур лойиҳа ишга туширилиши натижасида яна 350 та янги иш ўрни яратилади. Ушбу корхонамиз йил якунигача фойдаланишга топширилади.
Эртанги кунга ишонч, қалбимизга фахр бағишлаган мазкур мукофот нафақат менга, балки Сурхон воҳасидаги жамики тадбиркорларга берилган юксак эътибордир. Биз тадбиркорлар фақат даромад олишни кўзлаётганимиз йўқ, давлат раҳбарига елкадош бўлиб, халқ манфаатига хизмат қилаётган лойиҳаларни амалга оширишни мақсад қилганмиз.
Баҳром РАУПОВ,
«Surkhon Sandwich» МЧЖ таъсисчиси,
«Дўстлик» ордени соҳиби.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни
- Самарқандда ЮНЕСКОнинг 43-сессиясига тайёргарлик авжида
- Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тартиби белгиланди
- Ҳудудларда 34 та юқори технологияли саноат лойиҳалари амалга оширилади
- Эндиликда муддати ўтган товарларнинг сотилиши автоматик равишда чекланади
- Хорижий тилларни ўрганмоқчи бўлган ёшларга «2+6» дастурига мувофиқ субсидия ажратилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг