“Меҳмондўст Шандуннинг сифатли маҳсулотлари”

16:08 07 Сентябр 2023 Жамият
473 0

Аввал хабар берганимиздек, Хитой Халқ Республикасининг бир қатор провинциялари вакиллари юртимиз аҳли билан дўстона учрашувлар ўтказишмоқда. Яқинда Самарқанд вилояти ва Шандун провинцияси вакиллари ўртасида учрашув ва форум бўлиб ўтди. Тадбир “Меҳмондўст Шандуннинг сифатли маҳсулотлари” деб номланган кўргазма билан бошланди.

Форум очилиш маросимида сўзга чиққан Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов ва Хитой Халқ Республикасининг Шандун провинцияси партия қўмитаси котиби Лин У ҳудудлар ўртасидаги ҳамкорлик қадимда ишбилармон доира вакиллари томонидан амалга оширилганлигини таъкидлаб, бугунги кундаги манфаатли алоқалар ҳар икки томон тадбиркорларининг ўзаро ҳамкорлигига боғлиқ эканлигини қайд этишди. Шу боис, форум доирасида белгиланган мулоқотларда ҳар икки томон вакиллари фаол бўлиб, истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишувларни амалга оширишлари лозимлигини таъкидлашди.

Шундан сўнг иккала томон вакиллари Самарқанд вилояти ва Шандун провинциясининг ижтимоий-иқтисодий салоҳияти ҳамда туристик ва инвестициявий имкониятлари акс этган тақдимотларини намойиш этиб, таклифларини ўртага ташладилар.

Тадбир давомида икки томонлама ҳамкорликка оид қатор келишувлар имзоланди. B2B кўринишидаги мулоқотлар давомида ишбилармон доиралар вакиллари иштирокида қатор лойиҳалар муҳокама қилинди. Унда тадбиркорлар ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш, амалга ошириладиган қўшма лойиҳаларнинг самарадорлигини ошириш борасида ўзаро фикр алмашиб, келгуси вазифаларни белгилаб олишди.

Шу ўринда айтиш керакки, 2 — 3 сентябрь кунлари Хитой Халқ Республикасининг Шеньси провинцияси партия қўмитаси котиби Чжао Иде бошчилигидаги делегация ҳам Самарқандда бўлиб, мулоқотлар ўтказганди. Унда Самарқанд ҳамда Шеньси ўртасидаги ижтимоий-иқтисодий ҳамкорлик истиқболлари борасидаги қатор таклифлар ўртага ташланиб, икки томонлама ҳамкорликка оид меморандумлар имзоланган эди. Учрашувлар давомида Шеньси провинциясининг камбағалликни қисқартириш, саноатни ривожлантириш борасидаги тажрибасини вилоятнинг Қўшработ ва Паяриқ туманларида жорий этиш кўзда тутилган. Бу каби учрашувлар мамлакатларимиз ўртасидаги алоқаларни янада ривожланишига хизмат қилади.

Абдулазиз Йўлдошев, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер