МДҲга аъзо давлатлар Адлия вазирлари кенгашининг XVII мажлисида Ўзбекистон Республикаси адлия вазири маъруза қилди

17:39 23 Сентябр 2023 Сиёсат
496 0

Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳрида бўлиб ўтган МДҲга аъзо давлатлар Адлия вазирлари кенгашининг XVII мажлиси доирасида Ўзбекистон адлия вазири Акбар Тошқулов маъруза билан чиқиш қилди.

Вазир ўз маърузасини бошлар экан йиғилганларга миннатдорчилик билдириб, давлат миқёсидаги бу каби тадбирлар ўзаро ҳамкорликни янада юқори чўққиларга кўтариши ва давлатлар ривожига улкан ҳисса қўшишини таъкидлади. Шунигдек, охирги йилларда Ўзбекистон Республикасида олиб борилаётган туб ислоҳотларда Адлия вазирлиги томонидан қилинаётган ишлар ҳақида батафсил тўхталиб ўтди.

Хусусан, адвокатура ва жисмоний шахсларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди. Соҳага замонавий технологияларнинг жорий этилиши адвокатлик ташкилотларини давлат рўйхатидан ўтказиш, қайта рўйхатдан ўтказиш ва фаолиятини тугатиш, малака имтиҳонига ариза бериш, шунингдек, адвокатлик фаолияти билан шуғулланиш учун лицензияни электрон шаклда бериш имконини берди. 

Вазир янги қабул қилинган «Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида»ги қонунга ҳам тўхталиб ўтди.

Мазкур қонун давлат ҳисобидан юридик ёрдам олувчи шахслар доирасини кенгайтиради. Шунингдек, қонунда давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатувчи адвокатлар реэстрини юритишнинг очиқ ва шаффоф механизмларини жорий этиш ҳам назарда тутилган.

Маъруза чоғида вазир давлат хизматлари соҳаси «Давлат хизматларини кўрсатишда фуқаролар манфаатлари биринчи навбатда» тамойили асосида  ривожланаётганини ҳам таъкидлади. 309 турдаги хизмат кўрсатувчи 346 та замонавий давлат хизматлари марказлари ташкил этилиб, 2023 йил охиригача кўрсатилаётган давлат хизматлари турларини 350 тага, 2024 йил охирига қадар эса 450 тага етказиш режалаштирилган.

Охирги 5 йил давомида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларидан талаб қилинадиган 120 та ҳужжатлар ва маълумотномалар бекор қилинди, 200 дан ортиқ тартиб-таомил соддалаштирилди. Субъектлар фаолиятини лицензиялаш, фаолиятга рухсат бериш ва у тўғрисида хабардор қилиш имконини берувчи «лицензия» ахборот тизими яратилиб, мазкур тизимда 115 та давлат хизматлари йўлга қўйилди.

Шунингдек, вазирлик томонидан «сайтдан иловага» тамойилини кенг жорий этиш бўйича ишлар олиб борилиб, 2022 йил 1 августдан давлат хизматларидан фойдаланишда шахсий идентификациялашнинг «Mobile-ID» тизими жорий этилди.

Маъруза давомида вазир қонунчилик соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларни малакали ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш ва Ўзбекистоннинг ҳуқуқий давлат мақомини янада юқорига кўтариш мақсадида зарур шарт-шароитлар яратилиб, улкан ишлар амалга оширилганини таъкидлади.

Хусусан, тартибга солувчи таъсирни баҳолаш тизимини халқаро стандартларга мувофиқлаштириш туфайли тадбиркорлик субъектлари ва аҳолига 603,3 миллион АҚШ доллари миқдорида асоссиз харажатлар келтириб чиқариши мумкин бўлган 150 дан ортиқ меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар бартараф этилди.

Вазир ўз сўзини якунлар экан, Ўзбекистон барча соҳаларни янада такомиллаштириш ва рақамлаштиришга, шунингдек, ушбу йўналишда хорижий мамлакатларнинг илғор тажрибасини ўрганишга тайёр эканини таъкидлади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?