Матонатли инсонлар фақат афсоналарда эмас, улар сизу бизнинг ёнгинамизда ҳам бор (Фоторепортаж)

Фото: Алихон Утарбеков/"Халқ сўзи"
Баъзан ҳаёт зарбалари, ташвишлари олдида ўзимизни ожиз ҳис қиламиз, тушкунлик ҳисси бизни ўз “бағрига олади”. Натижада ҳаётдан нолиймиз, дунёни адолатсизликда айблай бошлаймиз. Бироқ инсон матонати, сабр-бардоши билан инсон, ҳар қандай оғир дамда ҳам ўзлигини йўқотмагани билан азиз ва шариф.

Ана шундай инсонийликнинг юксак намунасини кўрсатган кишилар фақат афсоналарда, қадим мозий қатларида ёхуд эртакларда эмас, сизу бизнинг ёнгинамизда, замондошлар орасида ҳам мавжуд.

Пойтахтимиздаги Универсал спорт саройида Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси, Миллий паралимпия ассоциацияси ва бошқа мутасадди ташкилотлар томонидан 3 декабрь — Халқаро ногиронлар куни муносабати билан ташкил этилган “Имконсизликда имкон топганлар” деб номланган байрам тадбирида ана шундай матонат соҳиблари яна бир бор эътироф этилди.

Бу қаҳрамонларнинг айримлари кенг йўлларда югуриш, яқин инсонларининг қўлларидан тутиб, бағрига босиш имкониятидан маҳрум. Аммо улар эришаётган натижалар ҳар қанча таҳсинга лойиқ. Улар гарчи имконияти чекланган бўлса-да, нуфузли спорт мусобақаларида юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб келишмоқда...

Тадбирда таъкидланганидек, кейинги йилларда мамлакатимизда имконияти чекланган инсонларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ўзларига мос ва қулай касбларни эгаллашлари, қисқача айтганда, ҳаётда муносиб ўрни топишлари учун кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Президентимизнинг 2017 йил 1 декабрдаги “Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони бу борадаги эзгу ишларда дастуриламал бўлмоқда.

Жорий йилда Ўзбекистон Республикасининг “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги Қонунининг қабул қилиниши инсонларнинг ногиронлиги бўлган шахсларга муносабатини ўзгартириш, жамиятда уларнинг тўлиқ ва тенг ҳуқуқли иштирокини таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Кўрсатилаётган беқиёс ғамхўрлик ва қўллаб-қувватлаш ўзбекистонлик имконияти чекланган спортчиларнинг натижаларида ҳам акс этмоқда. Хусусан, 2016 йили Рио-де-Жанейро шаҳрида (Бразилия) бўлиб ўтган ХV ёзги Паралимпия ўйинларида ҳамюртларимиз 8 олтин, 6 кумуш ва 17 бронза — жами 31 та медалга сазавор бўлди.

Яна бир эътиборга молик воқеа 2018 йили Индонезияда ўтказилган Пара Осиё ўйинларида қайд этилди. Ушбу мусобақада терма жамоамиз 53 нафар спортчи билан қатнашиб, рекорд даражада — 75 та (33 олтин, 24 кумуш ва 18 бронза) медални қўлга киритди. Якунда терма жамоамиз умумжамоа ҳисобида 6-ўринни эгаллади.

Спортчиларимиз Токиода ўтказиладиган паралимпия ўйинларида жами 8 та спорт туридан иштирок этишни мақсад қилган. Булар: пара енгил атлетика, пара сузиш, пара дзюдо, пара ўқ отиш, пара таэквондо, пара пуэрлифтинг, пара каноэ ва пара академик эшкак эшиш. Ҳозирги кунгача ушбу нуфузли мусобақада қатнашиш учун 16 нафар спортчимиз лицензияни қўлга киритган. Олдинда турган лицензион мусобақалар ва якуний рейтинг жадвалларига кўра, юртдошларимизда яна камида 20 тага яқин лицензияга эга чиқиш имконияти мавжуд. Айни пайтда ўзбекистонлик паралимпиячиларнинг ана шу мусобақаларда муносиб иштирокини таъминлаш йўлида Ўзбекистон Миллий паралимпия ассосацияси томонидан барча шарт-шароитлар муҳайё қилинган.
Фазлиддин АБИЛОВ “Халқ сўзи”



Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- 23 ёшли йигит ўқишга кира олмаганини яшириш учун 4 кишини ўлдирди. Уларнинг барчаси оила аъзолари
- Ўқувчилар ўртасида математика бўйича «Қўқон олимпиадаси» ўтказилади. Ғолибларга «Нексия» ва «Кобальт» берилади
- Фарғонада 19 яшар қизни зўрлаган уч эркак ҳақидаги хабарларга муносабат билдирилди
- Ибн Сино ҳақмиди? Олимлар Италиянинг Жильо ороли аҳолисида орасида бирорта ҳолатда коронавирус қайд этилмаганига изоҳ берди
- Тошкентда селфига тушиш учун поезд устига чиққан болани 27 минг вольт ток урди
- Ўзбекистонда Президент сайловига тайёргарлик кўриш жараёни 2021 йил 1 мартдан бошланади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг