Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари тақдирланди

17:55 27 Июнь 2024 Жамият
136 0

Ғайрат Отажонов/«Халқ сўзи». Бугун Нукус шаҳрида Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театрида «27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни» муносабати билан тантанали байрам тадбири бўлиб ўтди.

Унда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси Аманбай Оринбаев сўзга чиқиб, бугунги байрам муносабати билан йиғилганларни табриклади.

Тантанали тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Президиуми қарори билан самарали ижод қилиб келаётган бир гуруҳ оммавий ахборот воситалари ҳамда матбуот хизмати ходимлари «Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган журналист» фахрий унвони, «Ўатан пидайысы», «Үмит ушқыны» каби кўкрак нишонлари билан тақдирланди.

Рағбат ижодкорга доим куч беради, дейди «Қорақалпоғистон» телеканали Хабар ва ахборот-таҳлил бош муҳарририяти бўлим бошлиғи Байнаназар Давлетназаров. — Тележурналист сифатида фаолиятимни бошлаганимга 30 йилдан ошди. Ҳамиша бундай тадбирларда бирон натижага эришган кишиларга микрофон тутиб, жараёнлардан репортажлар тайёрлаб келардим. Бугун мукофотланганлар орасида ўзим ҳам «Ўатан пидайысы» (Ватан фидойиси) кўкрак нишони билан тақдирландим. Бу бутун жамоамизга берилган катта эътибор ва ишонч деб биламан. Ушбу мукофот Қорақалпоғистонда бўлаётган янгиланишларни телеканалларда янада кенгроқ ёритиш, ҳар бир ишимизга ижодий ёндашишга илҳом бағишлайди.

Шунингдек, байрам тадбирида жорий йилда фаолиятининг юбилей саналарини нишонлаётган газета-журнал таҳририятларига, телевидение ва радио жамоаларига компьютер, бир гуруҳ соҳа ходимларига Фахрий ёрлиқ ва совғалар топширилди.

Тантанали тадбир санъат ва маданият ходимлари ижросидаги концерт дастури билан давом этди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?