Машина олиб қочган ўғри тўрт йил озодликдан маҳрум этилди

12:39 30 Октябр 2024 Жамият
181 0

Спиртли ичимликларга ружу қўйиш турли иллатлар келиб чиқишига, ҳатто жиноят содир этилишига сабаб бўлади. Бу фикр исботини Андижон шаҳрида яшовчи Сарвар Каттахонов (исм-фамилияси ўзгартирилган) билан боғлиқ ҳолат мисолида ҳам кўриш мумкин. Гап шундаки, кунларнинг бирида ширакайф ҳолда кўчада юрган Сарвар соат 22:00 лар чамаси ўткинчи «Дамас»ларнинг бирига қўл кўтаради. Ҳайдовчи Омадбек Маллаев гарчи ишини тамомлаб, уйига қайтаётган бўлса-да, Сарварни машинасига ўтқазди.

Бир километрча юришгач, ҳайдовчи йўл бўйидаги дорихонага ишора қилиб йўловчига юзланди:

– Икки дақиқага шу ерда тўхтасак. Гриппга қарши дори олиб кетишим керак эди...

Сарвар бунга рози бўлади.

Ҳайдовчи машинадан тушгач, калит уловнинг ўзида қолганини кўрган Сарварнинг хаёли бузилди. Ҳаракатларининг оқибатини ўйлаб ҳам ўтирмай, шартта рулга ўтирдию, «Дамас»ни миниб қочди.

Манзилга етай деганда, машинани ортга буриб, ҳайдовчи тўхтаган манзил – дорихона томон отланди. Орадан ярим соат вақт ўтган, табиийки, машинанинг эгаси «Дамас»нинг олиб қочилганлиги ҳақида тегишли органларга хабар бериб улгурганди...

Ҳолат юзасидан олиб борилган суриштирувлар, кейинчалик суд муҳокамаси жараёнида Сарвар ичкилик таъсирида нима қилаётганлигини англамай, транспорт воситасини ўғирлаш ёки талон-торож қилиш нияти бўлмаганини айтади.

Тўғри, у Омадбекнинг машинасини яшириб қўйгани ёки талон-торож қилгани йўқ, бироқ юқоридаги хатти-ҳаракатининг ўзиёқ унга нисбатан жиноят иши очишга сабаб бўлди. Транспорт воситасини олиб қочиш Жиноят кодексининг 267-моддасига кўра, шахсни жавобгарликка тортишга асос бўлади.

Суд ушбу ҳолатни атрофлича ўрганиб, судланувчининг айбига қисман иқрорлиги ва пушаймонлигини, жабрланувчининг унга нисбатан ҳеч қандай даъвоси йўқлигини эътиборга олиб, Сарвар Каттахоновга нисбатан тўрт йилга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади. Ўйлаймизки, бу муддат жиноятчининг ўз қилмишидан хулоса чиқариши учун етарли вақт. У билан боғлиқ ҳолат тафсилотлари шум ниятда юрган, жиноятга мойил шахсларга сабоқ бўлса неажаб!

Элёр ПИРМАТОВ,

жиноят ишлари бўйича Андижон шаҳар суди судьяси.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер