«Марсдан гапирамиз»: «Қизил сайёра»дан сирли тўлқин шаклидаги тупроқ излари топилди
АҚШнинг Рочестер университети олимлари Марс тупроғида Ерда учрайдиган, лекин фақат совуқ ҳудудларга хос бўлган тўлқин шаклидаги тупроқ қатламларини аниқлади. Тадқиқотчилар фикрича, бу сайёрамиз ва «Қизил сайёра» ўртасидаги ўхшашликлар аввалгидан ҳам кўпроқ эканини кўрсатади.
Тадқиқот «Icarus» илмий журналида чоп этилди. Унга кўра, Марсдаги айрим ландшафтлар шакли Ернинг Арктика минтақалари ёки Рокки тоғлари этакларидаги тўлқин шаклидаги тупроқ қатламларига жуда ўхшаш. Ерда бундай тупроқ шаклланишлари асосан совуқ ҳудудларда, тупроқ музлаб, кейинчалик аста-секин эриб, тупроқ қатламларининг секин пастга силжиши натижасида вужудга келади.
Марсдаги ҳолат эса ўзига хос: у ерда сув деярли йўқ, аммо олимлар муз ва совуқ туфайли ўхшаш жараёнлар кечган деб ҳисоблашмоқда. Фарқи шундаки, Марсдаги музлар эриб сув ҳосил қилмасдан, бевосита буғ ҳолатига ўтган, яъни сублимация жараёни содир бўлган.
Тадқиқот муаллифлари, жумладан, профессор Рейчел Глейдд ва докторант Жон Пол Слейман юқори аниқликдаги сунъий йўлдош суратлари ёрдамида Марсдаги тўққизта кратер ҳудудини ўрганиб чиққан. Натижада, Марсдаги тўлқин шаклидаги тупроқ қатламлари Ерда кузатиладиган солифлюкция лобаларига жуда ўхшаш экани аниқланган. Бироқ Марсдаги қатламлар ўртача ҳисобда Ер дагиларига нисбатан 2,6 баробар баландроқ.
Бу баландлик фарқининг сабаби Марсдаги тортиш кучининг заифроқ эканлигидадир. Яъни, тупроқ заррачалари қулаб тушмасдан аввал кўпроқ баландликка кўтарилиши мумкин. Бу эса Марс сатҳида ҳам Ерга ўхшаш музли даврлар кечган бўлиши мумкинлигини тасдиқлайди.
Олимлар фикрича, Марсдаги бундай тупроқ шаклланишларини ўрганиш «Қизил сайёра»нинг иқлим ўтмишини янада чуқурроқ англашга, шунингдек, у ерда ҳаёт учун қулай муҳит мавжуд бўлган-бўлмаганини аниқлашга ёрдам беради.
Тадқиқот Марс ва Ер ўртасидаги ўхшашликларни янада кўпроқ ёритиб бериши, шунингдек, Марсда бўлажак илмий экспедициялар учун фойдали маълумотлар тақдим этиши кутилмоқда.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- G20 саммитининг Жанубий Африкада ўтказилиши шармандали ҳолат – Трамп
- АҚШ ва Британия Сурия муваққат президенти Ахмад аш-Шаръани «қора рўйхат»дан чиқарди
- Ўзбекистон U-17 терма жамоаси Жаҳон чемпионатидаги иккинчи ўйинида мағлуб бўлди
- Ўзбекистон миллий терма жамоасининг халқаро мусобақа учун қайдномаси эълон қилинди
- Туркия суди Нетаньяҳуни Ғазода геноцид содир этганликда айблаб, ҳибсга олиш ордерини маъқуллади
- Россия НАТОга ҳужум қилиш учун шай ҳолатда — Бундесвер генерали
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг