Маррани баланд олган миришкорлар

Ботир МАДИЁРОВ/«Халқ сўзи». Шу кунларда марказий Фарғона ҳудудида жойлашган Ёзёвон туманида қишлоқ хўжалиги ходимлари, фермерлар, сувчию механизаторлар буғдой далаларида элимиз ризқ-рўзини нест-нобуд қилмасдан ўриб-йиғиб олишда жонбозлик кўрсатмоқда. Вилоятда биринчи ғалла ўримига киришган 199 та фермер хўжалиги 6 минг 500 гектар майдонида «Аср», «Давр», «Веха» ҳамда «Ультра» навли бошоқли дон экилиб, «Фарғонадонмаҳсулотлари» АЖ билан 19 минг 550 тонна ғалла етказиб бериш бўйича фьючерс шартнома тузилган. Ғаллани сифатли ўриб-йиғиб олишда 23 та отряд тузилган бўлиб, мавсумда 23 та юқори унумли комбайн қатнашмоқда.
— Қишлоқ хўжалигида илм ва инновацияга асосланиб, иш олиб борилса натижа беради, — деди Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров. — Замон талаби асосида ишлаган фермер ҳар томонлама манфаатли бўлади. Эндиликда ғалладан гектарига 50 центнер ҳосил олган ҳеч қандай фойда кўрмайди. Ҳозирда салмоқли даромад олишни мақсад қилган фермер ҳар гектар ердан 90-100 центнерни кўзлаб ишлаши зарур. Айни пайтда Ёзёвон туманидаги «Баҳромбек», «Мезон» фермер хўжаликларида жорий этилаётган янгиликлар ва эришилаётган натижалар қувонарлидир.
— Ғаллачиликда ихтисослашган илмий-амалий марказлар, олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда асосан уруғлик ҳосил етиштирамиз, — дейди «Баҳромбек» фермер хўжалиги раҳбари Мирзоҳид Олимов. — Хорижий тажриба асосида эртапишар, касалликларга чидамли ва серҳосил навлардан маҳаллий шароитда юқори ҳосил олиш мақсадида илмий-амалий тажрибалар олиб бориш йўлга қўйилган. Шу боис хўжалигимизда ҳар гектар ғалла майдонидан олинадиган ҳосил салмоғи аллақачон 100 центнерлик маррани забт этган. Бу йилги мақсад янада улкан – ҳосил чўғи ҳам шунга яраша. Ёзёвонлик ғаллакорлар жорий йилда ҳам нафақат вилоятда, балки мамлакатимизда биринчилардан бўлиб бу борадаги шартнома режасини уддалаш ҳаракатида.
Марказий Фарғонанинг чўл ҳудудида жойлашган ерда деҳқончилик қилишнинг ўзига яраша заҳматлари бор. Ҳудуддаги 15 та фермер хўжалик ғаллачилик йўналишида фаолиятини олиб боради. Бу йил 580 гектар майдонда ғалла етиштирилиб, 1343 тонна буғдой йиғиб олиш мақсад қилинган. Икки кунда Ёзёвон туманининг олис чўл ҳудудидаги «Дўстлик», «Аҳмаджон ҳожи» фермер хўжаликлари ғалла топшириш режасини вилоятда биринчи бўлиб бажарди.
— Бугун аграр тармоқ вакиллари ҳар жабҳада фаол, — дейди Қува тумани «Томорқа ер участкаларини ривожлантириш илмий-амалий маркази томорқа хизмати» МЧЖ раҳбари Хурсаной Исломова. — Шу мақсадда мамлакатимизнинг нуфузли олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари жалб этиб, фарғоналик фермер ва деҳқон хўжалиги раҳбарларининг билим ҳамда амалий кўникмасини ошириб боришга кўмаклашилмоқда.
Марказда қишлоқ хўжалигидаги ўнлаб тармоқларни ривожлантириш бўйича қисқа муддатли ўқув курслари фаолияти йўлга қўйилган. Хорижий ҳамкорлик кўламини йилдан йилга кенгайтириб бориш учун Хитой, Жанубий Корея, Германия, Россиянинг соҳага ихтисослашган олий таълим муассасалари, илмий марказлари билан алоқалар тобора мустаҳкамланмоқда. Ердан барака топаётган фарғоналик миришкорлар асло кам бўлаётгани йўқ. Ўтган йилда вилоят фермер хўжаликлари томонидан соф даромад ҳисобига 406 млрд сўмлик 1137 та замонавий техникалар сотиб олинди. Фермерлар янгича ёндашув ва инновацион ечимлар меҳнат сарфи ва харажатни қисқартириш, якунда даромад кўламини янада оширишга хизмат қилишини таъкидламоқда. Зеро, қишлоқ хўжалиги ривожи халқимизнинг дастурхони тўкин ва ҳаёти тўкис бўлиши ҳамда юртимизнинг иқтисодий салоҳиятини ошириш ҳамда қўшимча қиймат занжири яратишга хизмат қилади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендиялар миқдори 10 фоизга оширилади
- Эрон ва Исроил ўртасидаги зиддиятлар хронологияси ёхуд бугунги «уруш»нинг илдизи қаерда?
- Олимлар Альцгеймер касаллигидан ҳимоя қилувчи парҳез ҳақида маълумот беришди
- Доллар курси ошишда давом этмоқда
- Паркентда йилига 20 минг сайёҳни қабул қиладиган туристик мажмуа очилмоқда
- Ўзгаришларни сўз билан уйғотган журналист
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг