Марказий Осиёда биохилма-хилликни сақлаш, кўчиб юрувчи ҳайвонот оламини муҳофаза қилишнинг долзарб масалалари CITES CoP20 муҳокамасида

12:14 02 Декабрь 2025 Жамият
169 0

Йўқолиб кетиш хавфи остидаги ёввойи фауна ва флора турлари билан халқаро савдо тўғрисидаги конвенциянинг (CITES CoP20) 20-Томонлар конференцияси доирасида Самарқандда “Иқлим ўзгариши шароитида Марказий Осиёда биохилма-хилликнинг ёмонлашуви ва экологик хавфсизлик” мавзусида тадбир бўлиб ўтди.

Тадбирда иштирок этган халқаро экспертлар, олимлар, экологик ташкилотлар вакиллари экотизимлар барқарорлиги ва биохилма-хилликни сақлаш Марказий Осиё давлатлари хавфсизлиги ҳамда барқарор ривожланишининг асосий шарти эканини таъкидладилар.

Табиий тизимларнинг деградацияси Марказий Осиё мамлакатларининг иқтисодий ва ижтимоий барқарорлигига бевосита таъсир қилиши кўрсатиб ўтилди.

Шунингдек, ноёб ўсимлик ва ҳайвон турларини рақамли мониторинг қилиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Бу ёндашув экотизимларни барқарор бошқаришнинг муҳим воситаси сифатида кўриб чиқилди. Бундан ташқари Афғонистон билан чегарадош ҳудудларда биоресурслардан барқарор фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш масалалари муҳокама қилинди. Бу ҳудудларда сиёсий ва ижтимоий омиллар табиий муҳофаза ишларини мураккаблаштирмоқда.

Бошқа мавзулар қаторида углеродга чидамли қишлоқ хўжалигини ривожлантириш имкониятлари, биохилма-хилликни сақлаш бўйича кредитлар яратиш ҳамда ушбу ёндашувларни Ўзбекистоннинг табиатни муҳофаза қилиш стратегияларига интеграция қилиш масалалари кўриб чиқилди.

Бугунги кунда глобал экологик муаммолар тобора чуқурлашиб борар экан, ёввойи ҳайвонот оламини муҳофаза қилиш масаласи халқаро майдонда энг долзарб йўналишларидан бирига айланмоқда.

CITES CoP20 доирасида “Хавф остидаги йўлли сиртлон” мавзусида ўтказилган параллел тадбир ҳам йўлли сиртлонни сақлаб қолиш учун шошилинч ва мувофиқлаштирилган халқаро чоралар зарурлигига бағишланди.

Айтиш керакки, йўлли сиртлон — экотизимларнинг муҳим санитари бўлиб, касалликларнинг тарқалишини олдини олиш ва табиий мувозанатни сақлашда муҳим рол ўйнайди. Бироқ, унинг экологик аҳамиятига қарамай, бу тур глобал табиатни муҳофаза қилиш кун тартибида кам ифодаланган ва бутун тарқалиш ҳудудида ўсиб бораётган таҳдидларга дуч келмоқда.

Муҳокамалар давомида турга бўлган глобал ёндашувни ўзгартириш нафақат биологик хилма-хилликни сақлаш, балки зооноз касалликларнинг тарқалиш хавфини камайтириш учун ҳам зарурлиги таъкидланди. Иштирокчилар, шунингдек, минтақавий ҳамкорлик истиқболларини, мумкин бўлган молиялаштириш манбаларини ва йўлли сиртлонни ҳимоя қилишни биологик хилма-хилликни сақлаш бўйича миллий стратегияларга киритиш йўлларини кўриб чиқдилар.

Кўчиб юрувчи турлар бир мамлакат чегарасидан иккинчисига ўтади. Демак, уларнинг хавфсизлиги ва яшаш жойларининг узвий боғлиқлиги халқаро ҳамкорликни талаб қилади. Ҳар бир давлат ўз ҳудудидаги муҳофаза чораларини кучайтирса-да, экологик йўлакларнинг узлуксизлиги глобал ҳамкорлик билан таъминланади.

Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер