Маърифат юксалган жойда жаҳолат йўқолади
Келажаги ҳақида жиддий қайғурадиган ҳар қандай мамлакат ёшлар таълимига алоҳида эътибор қаратади. Худди шундай Ўзбекистон ҳам.
Бугун замон шиддат билан ривожланяпти, ахборот технологиялари кириб бормаган соҳанинг ўзи қолмади, ҳисоб.
Қайсики, мамлакат замонавий технологиялар борасидаги билимларни пухта ўзлаштиришса, ҳар жиҳатдан ривожланади, иқтисодиёти барқарор бўлади.
Такрор бўлсада айтамиз бунинг учун ёш авлод сифатли таълим олиши зарур. Мутахассислар бежизга глобаллашув натижасида ёшлар ижтимоий ва иқтисодий ўзгаришларнинг энг олди жабҳаларида бўлиб, интеграциялашув жараёнида айнан ёшлар миллат даражаси ҳамда турмуш шароитининг асосий кўрсаткичи сифатида қаралиши керак, деб таъкидламаяпти.
Мамлакатимизда ҳам ўтган беш йилда бу борада аниқ ва мақсадли ишлар қилинди. Ҳозир амалга оширилган ишлар ҳақида тўхталиш ниятимиз йўқ.
Аксинча, келгуси йилларда ёшлар масаласи билан боғлиқ қандай вазифалар белгилангани ҳақида қисқача сўз юритмоқчимиз. Президентимиз Олий Мажлис палаталари қўшма мажлисидаги нутқида «Навқирон ёшларимизни, айниқса, қизларимизни соғлом ва етук этиб тарбиялаш, уларнинг қобилият ва истеъдодини рўёбга чиқариш, Ватанга муҳаббат ва садоқат, миллий ва умумбашарий қадриятлар руҳида камол топтириш бундан буён ҳам эътиборимиз марказида бўлади» дея алоҳида таъкидлаган эди.
Бунинг амалий исботи сифатида Янги Ўзбекистоннинг 2022 — 2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясида ёшлар билан ишлаш, уларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, сиёсий, ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, сифатли таълим олишини таъминлаш, сиёсий жараёнларга фаол жалб қилиш, ёшлар ўртасида тадбиркорликни ривожлантириш борасида ҳаётий вазифалар белгиланди.
Шунингдек, стратегиядан 2022 йилда ёшларни олий таълим билан қамров даражасини 38 фоизга етказиш, ёшларни нуфузли хорижий олийгоҳларга ўқишга юбориш кўламини 2 бараварга ошириш, жисмоний тарбия ва спортга жалб қилинган ёшлар улушини 40 фоизга етказиш, имконияти чекланган ёшлар учун инфратузилма яратиш, турли миллат ёшлари учун қўшимча қулай шарт-шароитлар яратиш, уларда фуқаролик бурчини англаш, ватанпарварлик, бағрикенгликка асосланган миллатлараро муомала маданиятини юксалтиришга қаратилган мақсадлар ўрин олган.
Стратегияда «Янги Ўзбекистон – маърифатли жамият» концепциясини ишлаб чиқиш вазифаси қўйилган. Бу нима дегани? Бу — аҳоли, айниқса, ёшларнинг интеллектуал салоҳияти ва дунёқарашини юксалтириш, халққа муҳаббат ҳамда садоқат руҳи билан яшайдиган баркамол авлодни тарбиялаш олий мақсад сифатида белгиланганлигини англатади.
Дарҳақиқат, маърифат юксалган жойда жаҳолат йўқолади. Ушбу концепция доирасида таълим сифатини оширишни назарда тутувчи Мактабларни ривожлантириш давлат дастури ишлаб чиқилади. Мактаб таълим тизими учун ўқув дастурлари ва дарсликлари илғор хорижий тажриба асосида тўла қайта ишлаб чиқилади.
Таълим тизимининг энг асосий негизи — мактаб. Стратегияда таълим тизимини янада такомиллаштиришда айнан ўрта таълимга эътибор қаратилгани оқилона қарордир.
Олий таълим тизимида ҳам жуда катта марра олинган. Келгусида 10 та олийгоҳ нуфузли халқаро рейтинглар олишига эришиш масаласига алоҳида урғу берилган. Қолаверса, хусусий университетларда таълим олувчиларга 7 йиллик таълим кредитини олиш тартиби жорий этилади.
Санайверсак, кўлами кенг вазифалар тугамайди. Муҳими, улардан кўзланган мақсад аниқ. Ёшлар салоҳиятини ривожлантириш ва уни мамлакат инновацион ривожланиши учун қўллашдир.
Шозафар ШОАҲМЕДОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси
ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзоси.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Саккизта гол урилган ўйинда “Барселона” ғалаба қозонди
- “Башакшеҳир” Туркиянинг гранд клуби билан дуранг ўйнади
- Ўзбекистон миллий терма жамоаси учун Жаҳон чемпионати қуръаси омадли ўтдими?
- Ўзбекистон терма жамоасининг Жаҳон чемпионатидаги ўйин саналари эълон қилинди
- АҚШ Европадан НАТО мажбуриятларининг асосий қисмини ўз зиммасига олишни талаб қилди
- FIDE жаҳон кубоги чемпиони Жавоҳир Синдаровни кутиб олиш маросими бўлиб ўтди (+фоторепортаж)
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг