Марғизорлик темирчининг кутубхонаси

14:45 28 Октябр 2025 Жамият
240 0

Икки дарё оралиғидаги Норин туманида жойлашган Марғизор қишлоғини кўпчилик миришкор деҳқонлар қўрғони сифатида билади. Тадбиркорлик ҳаракатига кенг йўл очилиши билан бу ерда ишбилармонлар ҳам кўпайиб қолди. Улар сафида темирчилик касбини эъзозлаб келаётган Муҳаммадамин Абдуллаев ҳам бор. У кўҳна ҳунарни бир умр сандон устида темирни болғалаб ўтган падари бузруквори Мирзамаҳмуд отадан ўрганган. Олти мингга яқин аҳоли яшайдиган маҳаллада унинг ишига ҳамиша эҳтиёж бор. Кимдир кетмон ясатгани келса, бошқа биров кескир болта ёки тешага буюртма беради. Анча бўлди, ишини якка тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтказиб, Марғизор ва ёндош маҳаллалар аҳлига хизмат кўрсатиб келмоқда.

Болаликдан китобга меҳр қўйган уста олтинчи синфда ўқиётганда Абдулла Қодирийнинг “Меҳробдан чаён” асарини ўқиб қаттиқ таъсирлангани, ҳатто қаҳрамонлар тақдирига ачиниб хум-хум йиғлаганини қайта-қайта хотирлайди. Шундан бошлаб мутолаа унинг энг севимли машғулотига айланди. Ўқиш, рўзғорга қарашишдан ортган пайтларида вақтини мактаб кутубхонасида ўтказарди. Ўшанда бу ерда адабиётлар унча кўп бўлмаган, қизиқарли китобларни ўқиш учун кунлаб навбат кутишга тўғри келарди. Ўшандаёқ “Катта бўлсам энг яхши асарларга тўла кутубхона қураман”, деган ниятни дилига тугиб қўяди. 2019 йили асосий иши темирчиликдан орттириб, маҳалладаги ташландиқ ерда устахона, унга ёндош мўъжазгина кутубхона биносини тиклади. Ўзи ўқиган китоблари беш юзтадан ошганди. Қўни-қўшнилар, ўқитувчилик касбида ишлаётган яқинлари туҳфаси билан адабиётлари сони уч мингдан ўтиб кетди. Таркибида кексаю-ёш, турли касб эгалари бўлган муштарийлар сони кундан кунга ортиб бораётган кунларнинг бирида маърифатпарвар инсоннинг хайрли ишига кўз тегди. Шундоқ ёнгинасида савдо ишини йўлга қўйган тадбиркор турли важу корсонларни рўкач қилиб, унинг жойини эгаллаш ҳаракатига тушади. Ваҳоланки, Муҳаммадаминнинг қурилиш учун зарур бўлган барча қонуний ҳужжатлари мавжуд эди. Икки ўртадаги тортишувлар кейинги даъвогарнинг фойдасига ҳал бўлди, жой қўлдан кетди. Ўшанда ичидан нималар ўтганини ўзи билади. Бироқ, ҳафсаласи пир бўлмади. Сал нарироқдан ким ошди савдосига қўйилган жойни сотиб олиб, бошқа бир иморатни тез фурсатда тиклади. Китоблар янги бинога кўчирилди. Ҳозир бу ерда ўн мингдан ортиқ адабиёт бор. Кўпчилик “Халқ кутубхонаси” деб атайдиган масканга кунда-кунора ташриф буюрган ихлосмандлар сони минг нафардан кўпроқ.

– Инсон ўз ишидан завқлангани сари олдинга интилаверади, – дейди 53 ёшли М. Абдуллаев. – Кейинги пайтларда китобга келаётганлар гавжумлашгани сари кутубхонамиз торлик қилиб қолгандек туюлди. Бунинг устига ўқув залининг йўқлигидан улар китобни уйларига олиб кетиб ўқишига тўғри келаётганди. Оила аъзоларимиз билан келишиб ҳовлимизнинг бир қисмига каттароқ бинони тиклашга аҳд қилдим. Унда қадриятлар музейи, миллий ҳунармандчилик хонаси, қирққа яқин кишига мўлжалланган мутолаа залини барпо этдик.

Бугун фидойи инсон ҳовлисидаги қурилиш деярли ниҳоясига етиб қолди. Муҳаммадамин уни қишли-қировли кунларга қолдирмай яқин вақтда китобхон маҳалладошларига туҳфа этиш ҳаракатида. Тақдимотга норинликлардан ташқари пойтахт ва вилоятдан таниқли ижодкорлар, ҳатто, қўшни Қозоғистон, Қирғизистондан китобсеварлик туфайли танишган дўстларини таклиф этиш ниятида. Бироқ унга қадар ҳовлидаги маърифат биносини янгидан-янги адабиёт, тарихий ашёлар, ҳунармандчилик буюмлари билан тўлдириш зарур. Нуфузли меҳмонлар ташрифи олдидан бу ерга олиб келадиган кўчани асфальтлаб қўйиш зарурати туғиляпти. МФЙ еттилиги, маҳаллий ҳокимият бу масалада М. Абдуллаевга елка тутиб юборса, нур устига аъло нур бўларди. Ахир, бу инсоннинг ўзига ҳашаматли кошонадан кўра кўпчиликка зиё улашадиган маскан қуришни ихтиёр этганининг ўзи катта ибрат.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ

«Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?