Мақсадимиз, йўлимиз, манзилимиз бир

11:04 05 Июль 2022 Жамият
831 0

Тинчлик шундай бир неъматки, у бор жойда ривожланиш, тараққиёт бўлади. Еган ош-нонинг тотли, ўтаётган вақтинг завқли бўлади. У бор экан ҳаловат бор.

Аммо тинчликка раҳна солувчи, жамиятни издан чиқаришга уринувчи кучлар доим бўлиб келган. Айни кунларда Қорақалпоғистонда содир бўлган воқеалар бунга бир мисол.

Юртимизда кечаётган сиёсий жараёндан фойдаланиб, баъзи бир ғаламис ниятли кучлар нотўғри, ёлғон ахборотлар билан тинч аҳолидан фойдаланишга ҳаракат қилганининг гувоҳи бўлдик. 

Қорақалпоқ эли заминимизнинг ажралмас бир бўлаги. Унинг дарду-ташвишлари бизнинг дардимиз, орзуларимиз эса муштарак. Буни давлатимиз раҳбари ҳам кўп бор таъкидлаганлар.

Президентимиз Нукус шаҳрида Жўқорғи Кенгес депутатлари, Қорақалпоғистон фахрийлари ва фаоллари билан учрашувда Конституцияга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш муҳокамаси ҳали давом этаётганини инобатга олиб ҳамда Қорақалпоғистон аҳолиси билдираётган фикр ва мулоҳазаларни ўрганган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 70, 71, 72, 74, 75-моддаларини амалдаги таҳрирда ўзгаришсиз қолдириш зарурлигини айтди. Фуқароларимизнинг хоҳиш-иродаси, таклиф ва фикрларидан келиб чиққан ҳолда, ушбу лойиҳа ўзгаришини ва такомилига етказилишини таъкидлади.

Дарҳақиқат, Конституцияга киритилаётган ўзгаришлар халқ билан бамаслаҳат ҳолда амалга оширилмоқда. Аҳоли хабардорлигини ошириш ва уларнинг таклиф-фикрларини ўрганиш мақсадида жойларда учрашувлар ташкил этилмоқда. Ижтимоий тармоқлар, оммавий ахборот воситалари ёрдамида таклифлар олинмоқда. Ҳар бир фуқаронинг ушбу ислоҳотларга дахлдорлигини ва хабардорлигини ошириш мақсадида ҳатто уяли алоқа воситалари орқали бир неча маротаба хабарлар юборилди. Назаримда, бу халқ фикрини билишнинг замонавий ва самарали усулларидан бири.Биз депутатлар ҳам ҳудудларда бўлиб, Конституцияга киритилиши кутилаётган ўзгаришлар лойиҳасини сайловчиларимиз билан кенг муҳокама қилмоқдамиз, уларнинг фикрларини чуқур ўрганяпмиз.

Президентимиз таъкидлаганидек, “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги эълон қилинган Конституциявий қонун лойиҳаси умумхалқ муҳокамасидан ўтказилади. Шундан сўнг, фуқаролар томонидан билдирилган фикр ва мулоҳазалар асосида Қонунчилик палатаси томонидан такомилига етказилади. Кейин эса мазкур лойиҳа Ўзбекистон Республикаси референдумига қўйилиб, фуқароларимиз эркин овоз бериш орқали ўзларининг бу масала бўйича хоҳиш-иродасини ифода этади. Шундан кейингина Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар қонуний тусга киради. 

Қарабсизки, янги Конституцияда халқимиз хоҳиш-истаклари ифода этилади. Айни пайтда эса ҳар биримиздан оғир-босиқлик, турли хил иғволарга учмасдан, узоқни, фарзандларимиз келажагини, юртимиз эртасини ўйлаган ҳолда иш тутиш талаб этилади. Ўйлайманки, қорақалпоқ биродарларимиз буни жуда яхши англаб турибди ва улар билан мақсадимиз, йўлимиз, манзилимиз бир.

Жамшид Қосимов,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?