«Манчестер Сити» кейинги босқичда, «Ньюкасл»дан йирик ғалаба, Стокдаги қизиқ ўйин

12:41 25 Сентябр 2025 Спорт
41 0

Кеча, 24 сентябрь куни Англия лига кубоги мусобақасининг 4-босқич ўйинлари якунланди. Оқшомда бўлиб ўтган 4 та ўйин якунига кўра, «Ньюкасл», «Манчестер Сити», «Арсенал» ва «Тоттенҳэм» нимчорак финал босқичига йўл олди. Қуйида ушбу клубларга кейинги босқич чиптасини тақдим этган ўйинларни шарҳлаймиз:

Стокдаги қизиқ ўйин

Ушбу босқичда АПЛ чемпионлигига асосий даъвогарлардан бири сифатида эътироф этилган «Арсенал» Сток шаҳрида жойлашган мўъжазгина «Вэйл Парк» стадионига ташриф буюрди. Қуръа Микель Артета шогирдларини Англия 3-дивизион вакили билан рўбарў қилганди.

Ўша куни майдон эгаси «Порт Вэйл» жамоасини қўллаб-қувватлаш учун 18 мингдан ортиқ мухлис ташриф буюрди. Сабаби бу жамоа Сток шаҳрида узоқ вақтдан бери бирорта номдор клубга қарши ўйнамаган эди.

Ўз навбатида 3 та фронтда кураш олиб бораётган «Арсенал» клуби таркибида ушбу баҳс олдидан жиддий ротациялар амалга оширилди.

«Манчестер Сити» клубига қарши ўтказилган ўйинга солиштирганда, таркибда 9 та ўзгариш амалга оширилди. Фақат ўша ўйинда «шаҳарликлар»га қарши ўйнаган Салиба ва Мерино бу ўйинда ҳам асосий таркибда майдонга туширилди.

Учрашувда ҳисоб 8-дақиқада меҳмонлар томонидан очилди. Эберечи Эзе бу мавсумдаги дастлабки голини киритди. Биринчи тайм 0:1 ҳисоби билан тугади.

Иккинчи бўлимнинг 81-дақиқасига келиб ҳисоб 0:2 кўринишини олди. Салибанинг узун пасидан сўнг, захирадан ўйинга қўшилган Леандро Троссард ўз номини таблога ёздириб қўйди. Ўйин айнан 0:2 ҳисоби билан ўз якунига етди.

«Sofascore» портали томонидан «Арсенал» ҳимоячиси Салибани «ўйин қаҳрамони» деб топилди. Унинг ҳаракатлари 7,8 баллга баҳоланган.

«Порт Вэйл» — «Арсенал» 0:2

Голлар: Эзе (8), Троссард (86).

Порт Вэйл: Гаучи, Деҳра, Ҳамфрейс, Ҳолл, Лоуренс-Габриел (Кларк, 66), Ҳолл (Гаррити, 66), Кросдейл, Волтерс, Ҳидли, Патон (Стокли, 70), Кюртис.

Арсенал: Арризабалага, Уайт (Магаляеш, 71), Салиба, Москера, Люис-Скелли, Нванери, Нергор, Эзе (Райс, 81), Сака (Довман, 63), Мерино (Гёкереш, 71), Мартинелли (Троссард, 81).

«Ньюкасл» «Брадфорд»ни тормор этди

3 фронтда куч синашаётган «Ньюкасл» жамоаси ҳам Англия лига кубогидан воз кечишни хоҳлаётгани йўқ. Кеча бўлиб ўтган ўйинлар натижасига кўра, Эдди Хау жамоаси ҳам нимчорак финал масаласини ҳал этди.

«Қарғалар» таркибида ҳам «Брадфорд»га қарши ўйин олдидан жиддий ротациялар амалга оширилди. АПЛ доирасида «Бормунт»га қарши кечган баҳс билан солиштирганда асосий таркибда 7 та ўзгариш амалга оширилди. Фақатгина ўша ўйинда майдонга тушган футболчилардан Свен Ботман, Малик Тиав, Льюис Холл ва Льюис Майли ушбу ўйинда ҳам майдонга тушди.

Учрашувда ҳисоб 17-дақиқада очилди. «Ньюкасл»нинг бразилиялик легионер футболчиси Жоелинтон ҳисобни очди. Орадан икки дақиқа ўтиб, Брунонинг узатмасидан кейин Осула «қарғалар»нинг иккинчи тўпини киритди.

75-дақиқага келиб ҳисоб 3:0 кўринишига келтирилди. Яна Брунодан пас ва бу гал Жоелинтон ўз дублини нишонлади. Орадан 4 дақиқа ўтиб, Англия учинчи дивизион вакили ўйиндаги ягона жавоб голини киритди. Ушбу голга Энди Кук муаллифлик қилди.

87-дақиқада Осула ҳам дублига эришди. Барнснинг узатмасидан сўнг, даниялик футболчи ҳисобни 4:1 кўринишига олиб келди. Учрашув айнан шу ҳисоб билан якунланди.

Ўйиндан сўнг «Sofascore» портали томонидан «Ньюкасл» футболчиси Жоелинтон «ўйин қаҳрамони» деб топилди. Унинг ҳаракатлари 9,8 баллга баҳоланди.

«Ньюкасл» — «Брадфорд» 4:1

Голлар: Жоелинтон (17, 75), Осула (19, 87) — Кук (79).

Ньюкасл: Рамсдейл, Крафт (Триппер, 61), Тиав, Ботман (Мерфи, 89), Холл (Ливраменто, 61), Жоелинтон, Гимараэс, Майли, Эланга (Волтемаде, 69), Осула, Гордон (Барнс, 69).

Брaдфорд: Уокер, Пеннингтон, Бирн (Маккинтайр, 80), Келли (Райт, 61), Холлидей (Нюфилл, 62), Ли, Пауэр, Туре, Пауэлл (Сарчевич, 46), Гамфрис (Кук, 62), Пойнтон.

«Манчестер Сити» ҳам кейинги босқичда

Ўзбекистонлик футболчи Абдуқодир Ҳусанов тўп сураётган «Манчестер Сити» клуби ҳам мусобақанинг ним чорак финал босқичига йўл олди. Жамоага 4-босқичда яқин йилларда АПЛ мусобақаларида қатнашган, аммо салбий натижалари сабаб айни пайтда Англия 3-дивизионида иштирок этаётган «Ҳаддерсфилд» жамоаси рақиблик қилди.

Пеп Гвардиола ушбу ўйин олдидан катта ўзгаришларни амалга оширди. «Арсенал» билан ўйинга солиштирганда асосий таркибда 9 та ўзгариш амалга оширилди. Фақатгина АПЛ учрашувида майдонга тушганлардан Нико ЎʼРайлли ва Фил Фоден ушбу ўйинни ҳам асосий таркибда бошлади.

Учрашувда ҳисоб 18-дақиқага келиб очилди. Мукасанинг узатмасидан сўнг, Фоден ҳисобни очди.

Иккинчи бўлимнинг 74-дақиқасида ҳисоб 0:2 кўринишини олди. Бу гал дастлабки гол муаллифи Фоденнинг узатмасидан сўнг, Савиньо ўз ҳисобига гол ёздириб қўйди. Ўйин айнан 0:2 ҳисоби билан тугади.

Учрашувдан сўнг, «Sofascore» портали «Манчестер Сити» аъзоси Фил Фоденни «ўйин қаҳрамони» деб топди. Унинг кечаги ҳаракатлари 8,6 баллга баҳоланди.

«Ҳаддерсфилд» — «Манчестер Сити» 0:2

Голлар: Фоден (18), Савиньо (74).

Ҳаддерсфилд: Николлз, Соренсен (Смит Свей, 77), Финни, Уоллес, Роган, Уайлс, Касуму (Мей, 83), Харнесс (Каслдайн, 62), Редмонд (Ашия, 62), Вост, Чарлз (Радулович, 77).

Манчестер Сити: Траффорд, Нунес, Стоунз, Аке, ЎʼРайлли (Хески, 76), Люис, Бобб, Фоден (Ренйдерс, 77), Нико (Филлипс, 83), Савиньо, Мукаса.

«Тоттенҳэм»дан йирик ғалаба

3 та фронтда кураш олиб бораётган «Тоттенҳэм» клуби ҳам Англия лига кубогининг ним чорак финалига йўл олди. Жамоа бош мураббийи Томас Франк асосий таркибга дам берган ҳолда ушбу ўйинда ҳам ғалаба қозонишни уддалади.

АПЛ доирасида бўлиб ўтган сўнгги ўйинга солиштирганда асосий таркибда 10 та ўзгариш амалга оширилди. Фақатгина «Брайтон»га қарши ўйнаган Педро Порро бу ўйинни ҳам асосий таркибда бошлади.

Учрашувнинг 14-дақиқасида ҳисоб очилди. Жоао Палинья жамоасининг дастлабки голини киритди. Орадан 3 дақиқа ўтиб, меҳмонлар вакили Жай Макграт ўз дарвозасига тўп киритиб қўйди. Шу тариқа биринчи бўлим 2:0 ҳисобида якунланди.

Иккинчи бўлимга қўшиб берилган дақиқаларда Бреннан Жонсон жамоасининг учинчи голини киритди. Ўйин айнан ушбу ҳисоб билан якунланди.

Учрашувдан сўнг, «Sofascore» портали «Тоттенҳэм» аъзоси Жоао Палиньяни «ўйин қаҳрамони» деб топди. Ҳимоячининг ҳаракатлари 8,5 баллга баҳоланди.

«Тоттенҳэм» – «Донкастер» 3:0

Голлар: Палинья (14), Макграт (авт. 17), Жонсон (90+4).

Тоттенҳем: Кински, Порро, Палинья, Данзо, Спенс (Удоджи, 75), Грей, Бентанкур, Симонс (Бергвалл, 61), Жонсон, Тел (Уилямс-Барнетт, 87), Одобер (Ришарлисон, 61).

Донкастер: Лоулор, Никсон, Греан, Макграт, Синиор, Бейли, Сбарра (Крю, 75), Клоуз (Готтс, 74), Олусаня (Хенлен, 61), Аджаи (Молино, 61), Миддлтон (Гибсон, 75).

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?