“Маънавият ва маданият департаменти” янгича руҳ ва замонавий қиёфага эга бўлди
Фото: Акмал Муҳаммадов / “Халқ сўзи”
Бугун, 6-декабр куни пойтахтимизнинг Олмазор туманида жойлашган “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуаси ҳудудида янгитдан бунёд этилган Мудофаа вазирлиги “Маънавият ва маданият департаменти” биносининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси, Мудофаа ва Маданият вазирлиги раҳбарияти, турли идора ва жамоат ташкилотлари масъуллари, ижод аҳли ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Тадбир иштирокчилари дастлаб янги бино ва унда яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишиб, вазирликнинг ижодий муассасалари ва ахборот хизматида олиб борилаётган ишлар, “Турон” ҳарбий театри, “Армия студияси” павилони имкониятларини кўздан кечирди.
Мазкур иншоот 4 қаватдан иборат бўлиб, унинг 1- ва 2-қаватида вазирлик Маънавият ва маданият департаменти, 3—4-қаватида эса Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти фаолият олиб боради.
Департамент мутлақ янги таркибий-штат тузилишида ташкил этилиб, унга Қуролли Кучлар Марказий ашула ва рақс ансамбли, Алоҳида кўргазмали-намунали ҳарбий оркестр, Қуролли Кучлар давлат музейи, “Турон” ҳарбий театри бириктирилди. Шунингдек, жойлардаги 5 та гарнизон Маънавият ва маърифат марказлари, 16 та ҳарбий оркестр ҳамда 56 та ҳарбий қисм Маданият марказлари фаолиятини мувофиқлаштириш ҳам департамент зиммасига юклатилди.
Замонавий талаб ва формат асосида ишга тушган муассасада 277 ўринга мўлжалланган катта анжуманлар зали, театр хоналари, ансамблнинг вокал, хор, балет ва созандалар гуруҳлари учун алоҳида репетиция хоналари ҳамда овоз ёзиш студияси барпо этилиб, замонавий ускуналар билан жиҳозланди. Универсал анжуманлар залида нафақат анжуманлар, балки маънавий-маърифий тадбирлар, жонли ижродаги консерт дастурлари, театр томошалари намойиш этиш, ҳатто кинозал сифатида фойдаланиш учун ҳам барча зарурий шароитлар яратилди.
Бинонинг 3- ва 4-қаватида Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти жойлашган бўлиб, у мудофаа соҳасидаги ислоҳотларни оммавий ахборот воситалари орқали кенг тарғиб қилиш, вазирлик фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш ҳамда армия ҳаётига оид маълумотларни аҳолига тезкор равишда етказиб боради.
Департамент Ахборот-медиа ва “Ватанпарвар” бирлашган таҳририяти бошқармалари, Электрон оммавий ахборот воситалари ва Веб-ресурслар билан ишлаш ҳамда фаолиятни таъминлаш бўлим ва бўлинмаларини ўз ичига олади.
Бугунги кунда Департамент томонидан давлат ва нодавлат телеканаллари билан ҳамкорликда ҳарбий-ватанпарварлик йўналишидаги “Ўзбекистон армияси”, “Ватанпарвар”, “Армия спорти”, “Мен ҳарбий бўламан” кўрсатувлари, информацион дастурлар учун хабар ва лавҳалар, шунингдек, буюк аждодлар ва миллий қаҳрамонларимизни мадҳ этувчи видеоматериаллар доимий равишда тайёрлаб келинмоқда.
Шу билан бирга, Қуролли Кучларимизда олиб борилаётган ислоҳотлар, тизимдаги янгилик ва хабарлар тезкор тайёрланиб, расмий веб-сайт ва ижтимоий тармоқларда кенг ёритилмоқда. Фаолиятнинг очиқлигини таъминлаш ва соҳадаги ахборотларни кенг оммага тарғиб қилиш мақсадида республика ахборот агентликлари, электрон нашрлар ва блогерлар билан мустаҳкам алоқалар ўрнатилган.
Айни пайтда департамент фаолиятини самарали ташкил этиш мақсадида телеканаллар ва махсус лойиҳалар билан ишлаш хоналари, овоз ёзиш ва 7 та телемонтаж хоналари ҳамда 300 кв.метрга эга бўлган “Армия студияси” павилони ўз фаолиятини мунтазам давом эттирмоқда. Миллий армиямизнинг шонли тарихини акс эттираётган “Ватанпарвар” газетаси таҳририяти ҳам ушбу бинода юқори қулайликлар асосида иш олиб бормоқда.
Тантанали очилиш маросимига бағишланган йиғилиш Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳамда қатор ҳамкор ташкилотлар иштирокида “Ҳарбий хизматчиларда юксак ватанпарварлик, юртга фидойилик сифатларини юксалтиришда маданият ва санъатнинг ўрни” мавзусидаги илмий-амалий конференсия билан давом этди.
Конференсияни Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазири генерал-маёр Шухрат Халмухамедов кириш сўзи билан очиб берди. Шундан сўнг, соҳага бевосита алоқадор ташкилотлар раҳбарларининг “Ватан ҳимоячиларининг жанговар ва миллий руҳини оширишда маданият ва санъатнинг ўрни”, “Ёшларда миллий ўзликни англаш, Ватан тақдирига дахлдорлик ҳиссини юксалтиришда театрнинг роли”, “Ҳарбий жадидлар хотираси барҳаёт” каби бир қатор мавзулардаги маърузалари тингланди.
Шундан сўнг халқ ва армия бирдамлигини таъминлаш, ўсиб келаётган ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ҳамда вазирлик қўшинларида маънавий ва маърифий ишлар самарадорлигини оширишга муносиб ҳисса қўшиб келаётган давлат ва жамоат ташкилотларининг бир гуруҳ вакиллари Мудофаа вазирлигининг эсдалик нишонлари билан тақдирланди.
Тадбирнинг бадиий қисми Қуролли Кучлар Марказий ашула ва рақс ансамбли, Мудофаа вазирлиги “Импулс” ҳарбий ансамбли хонандалари ва хор жамоаси, шунингдек, вазирликнинг Алоҳида кўргазмали-намунали ҳарбий оркестри ижросидаги консерт дастурлари, Мудофаа вазирлиги “Турон” давлат ҳарбий театри томонидан саҳналаштирилган композиция намойишлари билан давом этди.
Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистон Республикаси Президенти – Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондонининг тегишли қарори билан “Маънавият ва маданият департаменти”нинг ташкил этилиши чин маънода Мудофаа вазирлиги тизимида аввал тарқоқ бўлган маданият ва санъат йўналишлари фаолиятни мувофиқлаштириб, уларни аниқ мақсад йўлида бирлаштирди.
Фото: Акмал Муҳаммадов / “Халқ сўзи”
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
- Наманганда 3 та йирик институт битта университетга бирлаштирилади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг