Мамлакат таянчи, халқимиз фахри

09:57 10 Январь 2025 Жамият
85 0

“Ватан – азиз, жасорат – мангу!” республика танлови

Ҳар бир инсоннинг ўз туғилган гўшаси, Ватани бўлади. Ва бу Ватан она каби азиз, муқаддасдир. Ватан – умримиз маъноси, ҳаётимиз мазмуни, аждодларимиз абадий қўним топган тупроқ. Ўз Ватанини севган инсон то танида жон бор экан, уни бало-қазолардан асрайди, ёвдан ҳимоя қилади. Ўз туғилган остонасини гулу гулзорга айлантиради, она-заминдан ризқ топиб, яратувчилик билан шуғулланади. Зеро, Ватанга хизмат қилиш, уни қўриқлаш, бировларга қул бўлиб қолмаслик учун мустақиллигимизни ҳимоя қилиш шу юртда нафас олаётган ҳар бир инсоннинг муқаддас бурчи, асосий мақсади бўлмоғи керак.

Ўзбекистон ёшлар ишлари агентлигида Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси томонидан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ва бир қатор ташкилотлар ҳамкорлигида Қуролли Кучларимиз ташкил этилганининг ўттиз уч йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан эълон қилинган “Ватан – азиз, жасорат – мангу!” республика танлови ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Танловда юзга яқин журналистлар, ёзувчи ва шоирлар “Янги Ўзбекистон армияси – мамлакат таянчи, халқимиз фахри!” деган бош ғояни ўзида мужассам этган 200 дан зиёд мақолалари, ижодий ишлари билан иштирок этдилар.

Нуфузли ҳакамлар ҳайъати хулосасига кўра, ОАВ вакилларининг журналистик материаллари – телерадио, босма нашрлар ва интернет журналистикаси ёзувчи ва шоирларнинг бадиий асарлари бўйича 8 нафар иштирокчи ғолибликни қўлга киритди.

Жумладан, босма ОАВ йўналиши бўйича ҳарбий-ватанпарварлик мавзусидаги туркум материаллари учун Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти –“Ватанпарвар” Бирлашган таҳририяти бошқармаси бўлим (ҳарбий-ватанпарварлик тарғиботи) катта офицери (катта мухбири) Бобур Элмуродов, “Jadid” газетаси “Жадидлар меросини ўрганиш” бўлими катта муҳаррири Шаҳриёр Ибрагимов, Интернет журналистикаси бўйича ЎзА шарҳловчиси Умиджон Қурбонов ҳамда “yuz.uz” интернет сайти мухбири Жонибек Алижонов, ҳарбий ватанпарварлик мавзусида ёзилган шеърлар бўйича “Тафаккур” журнали бош муҳаррири Насрулло Эргаш, энг яхши ҳикоялар бўйича болалар ёзувчиси, рассом, таржимон Гулноз Тожибоева, шунингдек, ЎзМТРК Сирдарё вилояти телерадиокомпанияси Телевидение гуруҳи мухбири Нигора Имомқулова “Ватанпарвар” кўрсатувлари учун Қорақалпоғистон радиоканали “Мусиқий дам олиш ва кўнгилочар дастурлари” бош муҳарририяти катта муҳаррири Дарменбай Бобониёзовлар ҳарбий-ватанпарварлик мавзусидаги туркум радиоэшиттиришлари учун ғолиб деб топилди.

Ғолиб ва совриндорларга мукофотларни “Ишонч” газетасининг Бош муҳаррири, Олий Мажлис сенати аъзоси Ҳусан Эрматов, “Янги Ўзбекистон” – “Правда Востока” газеталари Бош муҳаррири Салим Дониёров, “Қишлоқ ҳаёти” газетаси Бош муҳаррири Чори Латипов, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари Ғайрат Мажид, Ўзбекистон журналистлар уюшмаси раиси Холмурод Салимов ва бошқалар топширди.

Тадбирда ОАВ вакиллари, таниқли ёзувчи ва шоирлар, олий таълим муассасалари талабалари ҳамда Ватан посбонлари – ҳарбий хизматчилар иштирок этди.

“Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер