Малайзия ва Индонезия тинчликпарвар қўшинларини Ғазога юборишга тайёр

15:22 03 Июль 2024 Дунё
355 0

Фото: CNA

Малайзия ва Индонезия Фаластинга қўшма тинчликпарварлик қўшинларини юбориши мумкин. Бу ҳақда Малайзия бош вазири Анвар Иброҳим маълум қилган.

CNA нашрининг ёзишича, БМТ Хавфсизлик Кенгашининг тегишли мандати берилса, Малайзия қўшинлари Индонезия тинчликпарвар кучлари билан биргаликда ҳаракат қилишади.

Анвар Иброҳим Индонезиянинг сайланган президенти ва мудофаа вазири Прабово Субианто билан телефон орқали суҳбатда «Малайзия – Индонезия халқаро тинчликпарвар миссияси доирасида ҳамкорлик қилиш ғоясини олқишлаши»ни айтган.

«Фаластиндаги гуманитар вазиятга тўхталиб, мен Прабовога агар БМТ мандат берса, Малайзия Индонезия билан ҳар қандай инсонпарварлик миссиясида ҳамкорлик қилишга тайёр эканини айтдим», деган бош вазир.

Кўп вақтдан бери Исроил ОАВлари Анвар Иброҳимни антисемит чиқишларда айблаган эди. Жумладан, у мухолифат етакчиси бўлганида Исроилнинг «Моссад» махсус хизматлари Малайзия ҳукуматини назорат қилишини айтганини эслашган.

Эслатиб ўтамиз, Малайзия ҳам, Индонезия ҳам Исроилни мустақил давлат сифатида тан олмайди ва у билан бирор бир дипломатик ёки иқтисодий алоқаларга эга эмас.

Аввалроқ, Исроил кучлари Хон Юнис аҳолисининг кўчирилиши ҳақидаги буйруқ туфайли 250 мингга яқин одамни сарсонгарчиликка қўяётгани ҳақда хабар берилганди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?