Макулатурага эмас — зиё масканига

15:01 15 Июль 2025 Жамият
139 0

Алишер Навоий номидаги Сирдарё вилояти ахборот-кутубхона маркази аҳолига хонадонларида ва шахсий кутубхоналаридаги фойдаланилмаётган адабиётларни макулатурага эмас, мазкур муассасага топшириш бўйича мурожаат билан чиқди.

— Бу билан кутубхоналарнинг адабиёт фондини бойитиш орқали кўплаб дурдона асарларни ўз ичига олган ноёб китоб нусхаларини сақлаб қолишни ҳам мақсад қилганмиз, — дейди Сирдарё вилояти ахборот-кутубхона маркази директори Муҳиддин Таштанов. — Чунки қайсидир хонадонда тўпланиб қолган ва узоқ вақтдан буён фойдаланилмаётган адабиётлар макулатурага топширилганда улар орасида ҳар доим бебаҳо ҳисобланадиган китоблар ҳам кўплаб учрайди. Аксарият ҳолларда эса улар яхши сақланган ва мутолаага тўлиқ яроқли бўлади.

Яна бир муҳим жиҳат. Сирдарё вилояти ахборот-кутубхона марказининг мурожаатида аҳолидан қабул қилинадиган адабиётлар ҳомийлик маблағлари ҳисобидан сотиб олиниши айтилган. Эътиборлиси, ушбу ибратли иш бошланган дастлабки кунларданоқ аҳоли томонидан мазкур зиё масканига 2 620 дона китоб топширилди.

Аҳмадали ШEРНАЗАРОВ

«Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?