Мактаб тўла муаммо, аммо...

10:33 09 Ноябрь 2020 Жамият
2522 0

Жорий йилнинг 2 — 15 ноябрь кунлари Ўзбекистон истеъмолчи ҳуқуқлари жамиятлари федерацияси томонидан куз-қиш мавсумига тайёргарлик бўйича кузатув мониторинг ишлари йўлга қўйилган. Бунда ишчи гуруҳ томонидан истеъмолчиларга ёнилғи-энергетика ресурслари ва кўмир маҳсулотларининг ўз вақтида етказиб берилиши, шунингдек, ижтимоий соҳа объектлари, хусусан, таълим муассасалари, маданият ва спорт объектларини куз-қиш мавсумига қай даражада тайёр экани ва уни амалга оширилиши керак бўлган тадбирларни назорат қилиш кўзда тутилган. Бу борада турли вилоят ва чекка ҳудудларда ҳам бу каби ишлар сезиларли даражада олиб борилмоқда.

Хусуcан, Бухоро вилояти ҳудудий бирлашмаси раиси раҳбарлигида тузилган ишчи гуруҳ томонидан Ғиждувон тумани Додарак МФЙда жойлашган 36-умумий ўрта таълим мактабида ўрганиш ишлари олиб борилганида, ушбу мактабда хоналарни иситиш мақсадида табиий газга мўлжалланган печь ўрнатилганлиги, бироқ, табиий газни ўзи анчадан бери тўхтатиб қўйилганлиги маълум бўлди. Ҳозирда эса ушбу мактабни иситиш учун хар йили мажбурий тарзда 43.364 кг (шундан 11.642 кг кўмир кукуни ва 31.722 кг брикет) кўмир берилади, аммо, ҳеч ким унинг зарарли томонларига эътибор ҳам қаратмаган. Хўжалик ишлари мудирининг сўзларига кўра, иситиш мақсадида (Газ бўлмаганлиги сабабли) ҳар йили қўлбола печлар ўрнатилади. Бундан келиб чиқадики, бу ерда ис газидан заҳарланиб қолиш ҳам ҳеч гап эмас. Танганинг икки томони бўлгани каби, масаланинг ҳам иккинчи томони бор яъни, бу мактаб аслида «Снос» га тушган, лекин уни қачон таъмирланишини эса ҳеч ким билмайди.

Мактаб омборхонаси кўздан кечирилганда бу ерда кўмир сақлаш учун етарли шароит яратилмагани, берилган кўмир эса талабга жавоб бермаслиги маълум бўлди. Бундан ташқари, спорт залининг том қисми талабга жавоб бермайди. Шунингдек, синфхоналардаги шароит умуман қониқарсиз аҳволда... Ўқув партаси синиқ, пол қисми бетонлаштирилган, линолеумлари эса абгор аҳволда. эшик ва дераза ромлари цинган, қишда дераза тирқишидан совуқ кирмаслиги учун целлофандан фойдаланилади. Бундан ташқари, Ёнғин хавфсизлик чоралари кўрилмаган, ўт ўчириш мосламалари билан тўлиқ жиҳозланмаган.

Хулоса шундайки, соҳада муаммоли масалалар ҳалигача ечимини кутмоқда. Уни бартараф қилишга ҳаракат қилишяпти, албатта. Балки, бу ерда занжирнинг бизга кўринмас ҳалқалари бордир? Муаммо борлигини кўрсатиш билан иш битмайди. Уни бартараф этиш учун эса аниқ таклифлар зарур.

Ўрганишлар давомида аниқланган камчиликлар юзасидан умумлаштирилган маълумотнома тайёрланиб, камчиликларни зудлик билан бартараф этиш кўзда тутилган.

Қайд этиш жоизки, бу каби ишлар бошқа ҳудудларда йўлга қўйилган. Шунингдек, амалга оширилган ишлар мониторинги жорий йилнинг 17 ноябрига қадар Федерация марказий аппаратига тақдим этилиши кўзда тутилган.

Ҳурматли истеъмолчи, Агарда сизнинг ҳуқуқларингиз бузилса 1091 ишонч телефони ва @PotrebitelUz_bot орқали мурожаат қилишингиз мумкин.

Шаҳбоз АБДУСАТТОРОВ,
Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини
ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси
матбуот хизмати мутахассиси

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?