Майдон ўзгармасдан ҳосилдорлик ортмоқда
Президентимизнинг Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги ходимларига йўллаган байрам табригида қайд этилганидек, сўнгги йилларда глобал иқлим ўзгаришлари, табиий офатлар, ер ва сув ресурслари тақчиллигига қарамасдан қишлоқ хўжалиги соҳаси бугунги кунда иқтисодиётнинг асосий драйверларидан бирига айланди.
Кейинги йилларда соҳада қайта ишлаш, логистика тармоқлари, маҳсулотни сақлаш ва экспорт қилиш имкониятлари кенгайди. Янги иш ўринлари кўпайди. Асосийси, деҳқончиликда илм-фан ютуқлари, инновацион ишланмалар, янги техника ва технологиялардан фойдаланилмоқда.
Жорий йилда Самарқанд вилояти пахтакорлари 73,2 минг гектар майдонда ғўза парваришлади. Пахта ҳосилдорлиги гектарига ўртача 40 центнерга етди. Вилоятдаги пахта етиштирувчи 2217 фермер хўжалиги 59,2 минг гектар ерда эртапишар 6,6 минг гектарда маҳаллий янги навлар ҳамда 7,3 минг гектарда хорижий навлар экди. Шу ўринда эътибор қаратадиган жиҳати, ўтган йил билан солиштирилганда ғўза экин майдони ўзгармаган бўлса-да, ҳосилдорлик гектарига 3,8 центнерга ёки 27 минг тоннага ошди. Етиштирилган ҳосилнинг 19 фоизи терим машиналари ёрдамида йиғиштириб олинди.
94,2 минг гектар майдонга кузги бошоқли дон экилиб, 725,1 минг тонна ҳосил тайёрланди. Ўртача ҳосилдорлик гектарига 77 центнерни ташкил этди. Рақамлар ўтган йил билан солиштирилганда майдон ўзгармаган ҳолда ҳосилдорлик гектарига 3,2 центнерга, етиштирилган ҳосил эса 29,6 минг тоннага ошгани маълум бўлади.
Қишлоқ хўжалиги йўналишининг асосий мақсади озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган. Шундан келиб чиқиб 2024 йил ҳосили учун 33084 гектар сабзавот экинлари, 1165 гектар полиз экинлари 20 минг гектар асосий майдонда картошка экилди.
Вилоят аҳолисини 2024 йилда 10 турдаги асосий озиқ-овқат маҳсулотлари (картошка, пиёз, сабзи, ун, гуруч, гўшт, ўсимлик мойи, гўшт, парранда гўшти, тухум ва сут) билан таъминлаш чора-тадбирлари белгиланди. Бу борадаги режалар ортиғи билан бажарилди. Асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини янада кўпайтириш, аҳоли томорқалари, деҳқон ва фермер хўжаликлари ерлари, айниқса, дала четларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ҳисобига ички бозорда нархлар барқарорлиги таъминланди.
2023 йилда вилоятдан 172,3 миллион долларлик мева-сабзавот экспорт қилинганди, 2024 йилда эса бу кўрсаткич 355 миллион долларни ташкил қилди. Мева-сабзавотни сақлаш учун вилоятда 211 минг тонналик 10 та агрологистика маркази ҳамда 200 минг тонналик 251 та совуткичли омборхона фаолият юритмоқда. Жорий йилда лойиҳа қиймати 90,8 миллион долларлик яна 8 та совуткичли сиғимлар лойиҳаси амалга оширилди.
Бугун вилоятда 12 та пахта-тўқимачилик, 11 та ғаллачилик, 12 та мева-сабзавотчилик, 6 та картошкачилик ва 1 та доривор ўсимликлар агрокластери фаолият кўрсатмоқда.
Инвестиция дастури доирасида 3,02 триллион сўмлик 145 та лойиҳани ишга тушириш ҳисобига 2400 та янги иш ўрни яратилди. Шунингдек, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш лойиҳалари доирасида жами 146,3 мингта иш ўрни яратилмоқда.
Деҳқончиликда “тўқсонбости” усули деҳқонларимиз томонидан қадимдан қўллаб келинади. Бу усулда экилган уруғ 90 кунлик қишни қор остида ўтайди. Шу сабабдан ҳам бу усулни деҳқонларимиз “қорбости” ёки “тўқсонбости” деб аташади.
Тўқсонбости усулида экиш совуққа чидамли сабзавотлардан эрта кўкламда арзон ва мўл сабзавот етиштириш имконини яратиш баробарида, кундалик озиқ-овқат маҳсулотлари танқис “илик узилди” пайтида ички бозор эҳтиёжини қоплайди, экспорт имкониятларини кенгайтириб деҳқонларни бойитади.
Бу йилги мавсумда 2025 йил ҳосили учун барча тоифадаги хўжаликларда 70 минг 379 гектар майдонда тўқсонбости усулида сабзавот экинлари экилмоқда.
Бу ҳаракатлар аҳолининг эҳтиёжини қондириш, бозорлар тўкинлигини таъминлаш ва барқарорлигини сақлашга хизмат қилади.
Руслан МУРОДОВ,
Самарқанд вилояти қишлоқ хўжалиги
бошқармаси шуъба бошлиғи.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Собиқ бош вазир узоқ муддатга қамалди
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Туркияда қалбаки алкоголдан яна 3 нафар ўзбекистонлик ҳаётдан кўз юмди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- “Дунёда турмоқ учун дунёвий фан ва илм лозимдир”
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг