Маҳсулот ишлаб чиқаришни кластер даражасига етказиш – асосий мақсад
Фото: Халқ сўзи
Куни кеча Франциянинг “Orano Mining” компаниясидан бир гуруҳ мутахассислар «Навоийуран» ДКга хизмат сафари билан келгани ҳақида хабар берган эдик. Бугун компания вакиллари журналистлар билан мулоқотда дастлабки таассуротларини баён этишди.
Бертран Оливер Мари КВИНИУ, “Orano Mining” компанияси технологик жараёнлар бўйича мутахассиси:
— Ўзбекистон Республикаси Президентининг ўтган йил кузида Франция Республикасига расмий ташрифи доирасида эришилган келишувларга кўра, “Orano Mining” компанияси «Навоийуран» ДК билан кенг ҳамкорликни йўлга қўйиш белгиланди. Шу мақсадда бизнинг бир гуруҳ мутахассислардан иборат делегациямиз «Навоийуран» ДКда бўлиб турибди. Биз ўзимизнинг соҳамизга оид ҳар бир йўналиш бўйича маълумотларни ўрганиш ишларини олиб боряпмиз. Бундан мақсад ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва уран ишлаб чиқаришни кластер даражасига етказишдан иборат. Ўрганишлардан кейин қўшма ҳисоботлар қилинади ва бу ҳисоботлар натижасида ривожланиш чора-тадбирлари ҳамда стратегик «йўл харитаси» ишлаб чиқилади.
Яна бир муҳим жиҳатга эътиборингизни қаратишингизни истар эдик. Бундан беш йил олдин Ўзбекистонга, айнан шу корхонага ташриф буюрганимда бу ерга кириш ёки маълумот олиш, ўрганиш мутлақо мумкин бўлмаган эди. Бунинг оқибатида эса биз қарийб ҳеч қандай таассуротларсиз ортга қайтгандик. Бу галги ташрифимиздан шуни кўриб турибманки, ҳамма шароитлар яратилган, хорижий ҳамкорлар билан кенг ҳамкорлик қилиш учун йўллар очилган ва биз бундан жуда ҳам мамнунмиз. Бунинг натижасида шахсан ўзим ишлаб чиқариш, геология-қидирув жараёнларини ва кончилик соҳасидаги амалиётлар билан танишишга имконим бўлди.
Андреас МИТТЛEР, “Orano Mining” компанияси тоғ-кон саноати бўйича катта эксперти:
— “Orano Mining” компанияси фаолияти «Навоийуран» ДК билан бир йўналишда бўлгани учун ҳам ўзаро ҳамкорлик қилиш ҳар жиҳатдан манфаатли ва, албатта, жуда қизиқарли деб ўйлайман. Бизнинг бу ерда маҳаллий мутахассислардан ўрганадиган жиҳатларимиз жуда кўплигига амин бўляпман. Биз нафақат ўзимизнинг компанияда орттирган тажрибамизни, балки жаҳоннинг бир нечта мамлакатлари, хусусан, Қозоғистон ва Монголияда шу йўналишда олиб бораётган тажрибамизни ҳам қўллаб, ўз фикрларимиз билан ўртоқлашамиз. Бизни ҳайратга солаётган яна бир нарса шуки, конлар мураккаб географик-иқлим шароитида жойлашган бўлиши қарамасдан, уранни қазиб олишда юқори натижаларга эришилаётганлиги қувонарлидир. Бундай қийинчиликларга ва об-ҳаво инжиқларига қарамасдан, биргаликда уран ишлаб чиқариш даражасини икки баробарга етказишни мақсад қилиб қўйганмиз. Бу натижага эришиш учун кончилик ҳамда геология-қидирув ишларини рақамлаштиришни режалаштирганмиз. Мен ишонаманки, биз биргаликда фикрлашган ҳолда ҳамкорликда бу ишларни амалга ошира оламиз ва ўз хулосаларимизни берамиз. Албатта, халқаро тажриба ва тавсияларимиз ҳар икки томонга ҳам фойдали бўлади.
Темур ЭШБОЕВ, «Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
- Наманганда 3 та йирик институт битта университетга бирлаштирилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг