Маҳаллий экспертлар: Атом электр станциясининг қурилиши Ўзбекистонга қанчалик фойда келтиради?
Ўзбекистонда қуриладиган АЭС макети. Фото: Ҳасан Пайдоев/"Халқ сўзи".
Яқин келажакда Ўзбекистонда атом электр станцияси (АЭС) қурилади. Бу ҳақда ижтимоий тармоқларда турли фикр-мулоҳазалар билдирилмоқда. Саволлар ўртага ташланяпти. Хўш, АЭС қурилиши биз учун нега керак ва унинг аҳамияти нимада? Бу атроф-муҳит ҳамда аҳоли яшаш тарзи учун нечоғлиқ хавфсиз? Атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш қандай амалга оширилади? Россия Федерацияси Нововоронеж АЭС фаолияти билан яқиндан танишув ана шу каби саволлар ва масалаларга ойдинлик киритди.
Жўрабек МИРЗАМАҲМУДОВ,
“Ўзатом” агентлиги бош директори:
— Ўзбекистонда АЭСни қуриш қарори ўз-ўзидан, шунчаки қабул қилинган эмас. Бунинг учун ҳар томонлама чуқур ҳамда пухта таҳлилий ўрганишлар олиб борилди, хорижий тажриба ва соҳадаги замонавий тенденциялар эътиборга олинди. АЭСнинг қурилиши иқтисодий зарурат эди. Боиси ҳозирги кунда аҳоли сони кўпайиши билан электр энергиясига бўлган талаб ҳам ошиб боряпти. Тахминларга кўра, 2030 йилга бориб, бугунги кундагига нисбатан ушбу ресурсга бўлган талаб 2 баробар ошиши кутилмоқда. АЭС қурилиши эса ана шундай мураккаб масалалар ечимида ва аҳоли фаровонлигини таъминлашда катта роль ўйнайди.
Айни пайтда Ўзбекистоннинг электр энергиясига бўлган йиллик эҳтиёжи 69 млрд. киловатт/соат бўлгани ҳолда, ишлаб чиқариш ҳажми 64 млрд. кВт/соатни ташкил этади. Демак, орадаги фарқ талабга нисбатан 5 млрд. кам. Бундан ташқари, мазкур энергиянинг қарийб 85 фоизи газ, кўмир ҳисобидан олинса, атиги 15 фоизи гидроэлектростанциялар ҳиссасига тўғри келади. Мутахассисларнинг фикрича, 2030 йилга бориб, Ўзбекистоннинг электр энергиясига бўлган эҳтиёжи 117 миллиард кВт/с.га етади.
Беҳзод ЙЎЛДОШЕВ,
Ўзбекистон Фанлар академияси президенти:
— АЭСнинг юртимиз истиқболидаги ўрни катта. Самарадорлик ва экологик томондан атом энергетикасига тенг келадиган бошқа муқобил манба ҳозирча мавжуд эмас. Нефть-газ, кўмир, атомни ёқиш ҳамда муқобил йўл билан олинадиган энергиялар орасида атом энергияси энг тозаси. Чунки у зарарли газлар чиқармайди, сувни тежайди ва узоқ йил бемалол хизмат қилиб бериши мумкин. Шу жиҳатлари билан АЭС устундир.
Барқарор ҳамда экологик тоза энергия манбасини олиш учун ишни ҳозирданоқ бошлаш лозим. Атом электростанциясининг барпо этилиши ана шундай мақсадда босилган дастлабки қадам бўла олади.
Нововоронеж АЭС — Россия Федерациясининг энг кўҳна ва минтақадаги йирик энергия ишлаб чиқариш субъектларидан бири. Станция Воронеж областида электр энергиясига бўлган эҳтиёжнинг қарийб 85 фоизини, Нововоронеж шаҳрининг иссиқлик энергиясига бўлган 90 фоиз талабини қоплаш қувватига эга. Шунингдек, ушбу атом электр станцияси ҳудуддаги 20 дан ортиқ йирик корхоналарни электр манбаи билан таъминлайди. Иншоот Россиядаги илк сувли энергетик реактор саналади. Бугунги кунда станциядаги худди шу турдаги реакторларга эга бўлган 3 та энергоблок электр қувватини етказиб беришга хизмат қилмоқда. Улар ичида энг замонавий ва қудратлиси, бу — ВВЭР-1200 дир. Юртимизда ҳам худди шу намунадаги АЭСни қуриш кўзда тутилган.
Мақоланинг тўлиқ варианти билан “Халқ сўзи“ газетасининг 2018 йил 19 декабрь 262-сонида танишишингиз мумкин.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- G20 саммитининг Жанубий Африкада ўтказилиши шармандали ҳолат – Трамп
- АҚШ ва Британия Сурия муваққат президенти Ахмад аш-Шаръани «қора рўйхат»дан чиқарди
- Ўзбекистон U-17 терма жамоаси Жаҳон чемпионатидаги иккинчи ўйинида мағлуб бўлди
- Машинада хавфсизлик камарини тақиш мумкин бўлмаган касалликлар рўйхати тасдиқланади
- Ўзбекистон миллий терма жамоасининг халқаро мусобақа учун қайдномаси эълон қилинди
- “Доҳа — Қатарнинг юраги, тунги ритмда уриб турган шаҳар”
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг