Маданий мерос кодекси лойиҳаси халқ таклифлари асосида маромига етказилади

19:32 05 Август 2022 Маданият
1103 0

Жорий йилнинг 4 август куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Маданий меросни ҳимоя қилиш инспекцияси бошчилигида Маданий мерос агентлигида тегишли вазирликлар ва идоралар, соҳанинг етук мутахассис олимлари, хорижий экспертлар иштирокида «Маданий мерос кодекси»нинг дастлабки лойиҳаси ишчи гуруҳнинг биринчи йиғилишида кўриб чиқилди. Ишлаб чиқилаётган кодекс лойиҳаси 6 та бўлим, 23 та боб ва 154 та моддадан иборат.

Муҳокамада ишчи гуруҳ таркибига киритилган меҳнат фаолияти давомида юқори натижаларга эришган, маданият ҳамда маданий мерос соҳасини ривожланишида ўз ҳиссасини қўшган тарих фанлари доктори, профессор Р.Х.Сулаймонов, Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби, профессор Т.К.Кузиев, тарих фанлари доктори, профессор Ж.Ҳ.Исмоилова ва хорижий эксперт М.А.Юсуповалар ўз фикр мулоҳазаларини билдирдилар.

Жумладан, тарих фанлари доктори, профессор Р.Х.Сулаймонов археология соҳасига хорижий тажрибадан келиб чиқиб, хусусий мулк тушунчасини киритишни, тарих фанлари доктори, профессор, Ўзбекистон тарихи давлат музей директори Ж.Ҳ.Исмоилова Хитой Халқ Республикаси тажрибасидан келиб чиқиб, ҳудудда шу жумладан, аҳоли зич яшайдиган жойларда ҳам ер қазиш ишларини олиб боришдан аввал археологлардан иборат комиссия тузилиб, уларнинг хулосаларини олиш масаласини кодекс лойиҳасига киритиш таклифини билдирдилар.

Шунингдек, Адлия вазирлигининг масъул ходими Х.Содиқов кодекс лойиҳасида маданий мерос объектларини рўйхатдан чиқариш ва уни киритиш тартибларини жамоатчилик муҳокамасига қўйиш шу билан бирга, хорижий давлатлар хусусан, Жанубий Корея ва Россия давлатларининг тажрибасидан келиб чиққан ҳолда Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатининг ўрнига Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари Реэстрини юритишни таклиф қилди.

ЮНEСКО ишлари бўйича миллий комиссия Бош котиби ўринбосари С.Маллахонов кодекс лойиҳасига Номоддий маданий мерос объектлари бўйича алоҳида боб назарда тутиш таклифини билдирилди.

Муҳокама якуни юзасидан ишчи гуруҳ аъзоларига хорижий тажриба ва миллий қонунчиликни уйғунлаштирган ҳолда кодекс лойиҳасини бойитиш бўйича тегишли топшириқлар берилди.

Халқ фикрини ўрганиш мақсадида келгусида ушбу кодекс лойиҳаси жамоатчилик ўртасида муҳокама қилиниши режалаштирилмоқда.

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?