“Ливерпуль”дан камбек, “Барселона”дан йирик ғалаба

11:25 19 Март 2026 Спорт
157 0

Кеча, 18 март куни Европа чемпионлар лигаси мусобақасининг ним чорак финал босқичи ўйинлари давом эттирилди. Кун доирасидан ўрин олган баҳсда “Ливерпуль” жамоаси ўз майдонида Туркиянинг “Галатасарой” клубини қабул қилди.

Ушбу жамоалар ўртасидаги дастлабки ўйин Истанбул шаҳрида бўлиб ўтган ва унда мезбон жамоа 1:0 ҳисобида ғалаба қозонган эди. Шундан сўнг, кўплаб мутахассислар жавоб баҳси олдидан “Галатасарой” яхши имкониятга эга бўлиб олгани ҳақида ёзишди. Аммо, амалда “Ливерпуль” камбек амалга оширди.

Ўйинда ҳисоб 25-дақиқада Доминик Собослай томонидан очилди. Биринчи бўлим 1:0 ҳисобида якунланди. Иккинчи бўлимнинг 51-дақиқасида Уго Экитике жамоасини икки ўйин натижасига кўра ҳисобда олдинга олиб чиқди. Орадан 2 дақиқа ўтиб, Райан Гравенберх “Ливерпуль”нинг учинчи голини киритди. 62-дақиқада Муҳаммад Салоҳ ўйиндаги сўнгги голни киритди. Шу тариқа “Ливерпуль” мусобақанинг чорак финалига йўл олди.

Дастлабки ўйинда “Ньюкасл” билан Англияда дуранг ўйнаган “Барселона” мухлис-у мутахассисларнинг танқидлари остида қолиб кетган эди. Аммо, бу сафар “каталонияликлар” рақибни аяшмади.

Учрашувда ҳисоб олтинчи дақиқадаёқ очилди. Голга Рафинья муаллифлик қилди. 15-дақиқада Эланга ҳисобни тенглаштирди. Орадан 3 дақиқа ўтиб, “Барселона”нинг ёш футболчиси Марк Бернал ҳисобни 2:1 кўринишига келтирди. 28-дақиқада эса Эланга яна ҳисобни тенглаштирди. Биринчи бўлимга ҳакам томонидан қўшиб берилган дақиқаларда бош ҳакам “Ньюкасл” дарвозасига пенальти белгилади. 11 метрлик жарима тўпини Ламин Ямаль аниқ амалга ошириб, жамоасини танаффусга ғолиб ҳолатда олиб чиқди.

Иккинчи бўлимнинг 52-дақиқасида Фермин Лопес мезбонларнинг тўртинчи голини киритди. 56-дақиқада Роберт Левандовски ҳам ўз ҳисобига битта гол ёздириб қўйди. 62-дақиқада Левандовскининг ўзи дублга эришди. 72-дақиқада Рафинья ўйиндаги сўнгги голни киритди. Шу тариқа “Барселона” клуби мусобақанинг чорак финалига йўл олди.

Дастлабки ўйинда “Аталанта”ни ўз мухлислари кўз ўнгида мағлубиятга учратган “Бавария“ клуби бу гал ҳам ушбу жамоани йирик ҳисобда мағлубиятга учратди.

Учрашувда ҳисоб 25-дақиқада Харри Кейн томонидан очилди. 54-дақиқада Харрининг ўзи жамоасининг иккинчи голини киритди. Орадан 2 дақиқа ўтиб Леннарт Карл “Бавария”нинг учинчи голини киритди. 70-дақиқада Луис Диас “Бавария”нинг ушбу баҳсдаги сўнгги голини киритди. 85-дақиқада меҳмонлар футболчиси Лазар Самарджич ҳисобни биттага қисқартирди. Шу тариқа икки ўйин натижасига кўра 10:2 ҳисобида ғалаба қозонган “мюнхенликлар” мусобақанинг чорак финалига йўл олишди.

Дастлабки ўйинда Мадрид шаҳридан 5:2 ҳисобидаги мағлубият билан қайтган “Тоттенҳэм” жамоаси бу гал ўз майдонида “матрасчилар”ни қабул қилди. Учрашув Лондон жамоасининг 3:2 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди.

Ғолиблардан голларга Хави Симонс (2 та) ва Рандал Коло Муани муаллифлик қилди. “Атлетико”нинг жавоб голлари эса Хулиан Альварес ва Давид Ханцко ҳисобига ёзилди. Аммо, ушбу ғалаба “Тоттенҳэм”нинг кейинги босқичга йўл олиши учун етарли бўлмади.

Шу тариқа мусобақанинг ним чорак финал босқичи ўз якунига етди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?