Лимончиликда пешқадам учкўприкликлар
Учкўприк туманида томорқада цитрус мева – лимон етиштириш борасида ўзига хос тажриба мактаби яратилди. Айни пайтда тумандаги “Оқсув”, “Боғибўстон”, “Олтин водий”, “Сариқўрғон”, “Тожик”, “Сой бўйи”, “Катта қашқар”, “Қурбон қашқар” маҳаллаларида 3 минг 823 та хонадондаги 766 гектар майдонда ташкил этилган иссиқхоналар лимон етиштириш йўлга қўйилган. Бу маҳаллалар лимончилик ва бошқа цитрус мевалар етиштириш орқали ишсизликдан холи ҳудудга айланмоқда.
“Тожик” МФЙ туманда биринчилардан бўлиб ишсизликдан холи ҳудуд мақомига эришди. Бугунги кунда лимончилик, цитрус мевалар етиштириш, кўчатчилик маҳалланинг асосий драйвери ҳисобланади.
— Ҳозирда мингдан ортиқ хонадонда 4 минг нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилади, — дейди “Тожик” МФЙ раиси Камолжон Туробов. — Маҳалла аҳолисига томорқа сифатида ажратилган 47 гектар ернинг 37 гектарида замонавий иссиқхоналар ташкил этилган.
Маҳаллада лимончилик жадал ривожланиб, шу билан бирга лимон кўчатлари етиштириш, ички бозорда сотиш ва хорижга экспорт қилиш борасида ҳам салмоқли натижаларга эришилмоқда. Маҳалладаги энг миришкор томорқачи Козимхон Туробов хонадонидаги қарийб 35 сотих ер майдонидаги иссиқхонада лимон кўчати етиштириб, мўмай даромад олмоқда. Оила аъзолари банан ва ананасни маҳаллийлаштириш бўйича қувонарли ютуқларни қўлга киритаётгани ҳам эътиборга молик.

Козимхон Туробов маҳаллада лимончилик кооперациясини ҳам ташкил этган. Бу жараёнда ҳудуддаги 420 та хонадон қамраб олинган бўлиб, уларга лимон кўчати етказиб берилади. Ҳосил шартномада келишилган нархда қайта сотиб олинади.
“Катта қашқар” МФЙда ҳам аҳоли томорқаларида лимон парваришлаш ва мандарин, апельсин каби цитрус мевалар етиштириш, кўчатчилик маҳалла драйверига айланган. Айни пайтда маҳалладаги 1367 та хонадоннинг 900 га яқинида лимон етиштирилади. Ҳар йили ўртача 800 тонна лимон ҳосили олиниб, унинг 700 тоннаси МДҲ давлатларига экспорт қилинмоқда.
Маҳалла хонадонларида асосан 2-6 сотихли, баъзиларида 20 сотихгача иссиқхоналар барпо этилган. Битта оила лимончиликнинг ўзидан йилига ўртача 75-80 миллион сўмгача даромад олади. Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 2 апрелдаги “Республикада лимончилик соҳасини қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига кўра, Учкўприк туманида жорий йилда 800 та хонадонни, 2026 йили эса яна 1 минг 20 та хонадонни лимончиликка ихтисослаштириш ҳамда қўшимча қарийб 100 гектар майдонда янги иссиқхоналар ташкил этиш белгиланган. Бу йил туманда ўртача 2 миллион долларлик лимон экспорт қилиш мақсад қилинган. Учкўприк лимони асосан Россия, Қозоғистон ва Қирғизистон каби МДҲ мамлакатларига экспорт қилинади.
Ботир МАДИЁРОВ
«Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- АҚШ ва Британия Сурия муваққат президенти Ахмад аш-Шаръани «қора рўйхат»дан чиқарди
- G20 саммитининг Жанубий Африкада ўтказилиши шармандали ҳолат – Трамп
- Ўзбекистон U-17 терма жамоаси Жаҳон чемпионатидаги иккинчи ўйинида мағлуб бўлди
- Машинада хавфсизлик камарини тақиш мумкин бўлмаган касалликлар рўйхати тасдиқланади
- Ўзбекистон миллий терма жамоасининг халқаро мусобақа учун қайдномаси эълон қилинди
- “Доҳа — Қатарнинг юраги, тунги ритмда уриб турган шаҳар”
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг