Лифтда қамалиб қолган она ва бола қутқарилди (+видео)

16:26 09 Апрель 2025 Жамият
156 0

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги қутқарувчилари томонидан лифт ичида қулфланиб қолган она ва болага амалий ёрдам кўрсатилди. Бу ҳақида вазирлик ахборот хизмати маълум қилди.

Унда айтилишича, бугун, соат 11:51 да Тошкент шаҳар Фавқулодда вазиятлар бошқармасига «112» тизими орқали, Мирзо Улуғбек тумани Авайхон кўчасида жойлашган кўп қаватли уйларнинг бирида лифт ичида фуқаролар қолиб кетгани ва уларга амалий ёрдам кераклиги тўғрисида мурожаат келиб тушган.

Мазкур мурожаатда айтилган манзилга зудлик билан туман Фавқулодда вазиятлар бошқармаси қутқарувчилари етиб борган ва махсус асбоб-анжомлар ёрдамида лифт очилиб, ичида қамалиб қолган она ва бола соғ-саломат қутқариб олинган.

Тошкентда сўнгги 10 кун ичида лифтда қамалиб қолиш билан боғлиқ 4 та ҳолат юз берган

Унга кўра, 8 апрель куни соат 11:33да Тошкент шаҳар ФВБга «112» тизими орқали Шайхонтоҳур тумани Белтепа мавзесида жойлашган кўп қаватли уйларнинг бирида лифт ичида фуқаролар қамалиб қолгани ҳақида маълумот келиб тушган.

Ҳодиса жойига зудлик билан қутқарувчилар етиб бориб, махсус асбоб-анжомлар ёрдамида лифтни очишган ва фуқаролар соғ-саломат қутқарилган.

Маълум бўлишича, фуқароларнинг лифт ичида қамалиб қолиш ҳолати илк бор содир бўлаётгани йўқ. Жумладан, шу каби ҳолатлар 30 март ва 6 апрель кунлари Юнусобод ҳамда Мирзо Улуғбек туманларида ҳам кузатилган. Унда лифт ичида қамалиб қолганларнинг аксари болалар эканлиги маълум бўлган. Қутқарувчилар ҳодиса жойига етиб келиб, махсус асбоб-анжомлар ёрдамида лифтни очишган ва болалар соғ-саломат қутқариб олинган.

Лифт билан боғлиқ нохуш вазиятлар асосан электр энергияси етишмаслиги, қурилмада ҳаддан ташқари юк борлиги ёки унинг техник ҳолати ёмон, эски бўлиши туфайли юзга келади. Фуқаролар шуларни ҳисобга олган ҳолда ҳаракат қилиши ва эҳтиёткорликни қўлдан бой бермасликлари мақсадга мувофиқдир.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?