Лавозимлардаги ўзгаришлар — ишга янгича ёндашув омили

11:32 08 Февраль 2022 Жамият
598 0

Фото: Халқ сўзи

Кеча Тошкент вилоятидаги айрим мансаб пиллапояларида ўзгаришлар юз бергани маълум бўлди. Жумладан, Халқ депутатлари Оққўрғон туман Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида кўрилган ташкилий масала ортидан қатор йиллардан буён ушбу туманга раҳбарлик қилиб келган, тажрибали ҳоким Фарҳод Омонов лавозимини тарк этди. Унинг ўрнини 1983 йилда Янгийўл туманида туғилган, мутахассислиги бўйича иқтисодчи бўлган Алишер Каримжонов эгаллади.

Ушбу сессияда маъруза қилган Тошкент вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Зойир Мирзаев ўзига қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича биринчи ўринбосар тайинланганини ҳам очиқлади. Маълумотга кўра, бу лавозимни бугунга қадар Фарғона вилоятининг Олтиариқ тумани ҳокими вазифасида ишлаб келган Холмирза Ниёзов эгаллаган. Назаримизда, Тошкент вилояти қишлоқ хўжалигидаги айрим оқсоқликларни Фарғона тажрибаси орқали бартараф этиш омиллари белгиланмоқда, шекилли.

 

 

Хуллас, Оққўрғон туманининг кексаю ёшига яхши таниш ва қадрдон бўлиб қолган, камтарин ва камсуқум собиқ ҳоким Фарҳод Омонов янги лавозимга — Тошкент вилояти маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи ўринбосари, вилоят ҳокимининг кексалар ва фахрийлар ишлари бўйича маслаҳатчилигига кузатилди.

Бундан бир ҳафта олдин эса Халқ депутатлари Ангрен шаҳар Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида ҳам ташкилий масала кўрилган, шу кунгача Ангрен шаҳар ҳокими лавозимида ишлаб келган Шукурулла Маҳмудов ўз лавозимидан озод этилиб, Тошкент вилояти ҳокимига қурилиш масалалари бўйича ўринбосар этиб тайинланган эди. Унинг ўрнига эса Пискент туманида туғилган, мутахассислиги молиячи бўлган, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясида ишлаб келаётган Нуриддин Абдураҳимов Ангрен шаҳар ҳокими сифатида фаолиятини бошлади.

Тошкент вилоятида юқори лавозимларда юз бераётган ўзгаришлар ижтимоий-иқтисодий янгиланишларга, аҳоли эътирозларига сабаб бўлаётган муаммо ва камчиликларни тугатишга, ҳудуд ривожини янги босқичга кўтаришга хизмат қилади, албатта.

Шодиёр МУТАҲАРОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?