Ламин Ямаль «Реал» ҳимоячиси ҳақида «Бу менинг янги ўйинчоғим»

09:27 04 Июнь 2025 Спорт
154 0

Испания терма жамоасига янги чақирилган футболчилар — «Барселона» вакили Ламин Ямаль ва «Реал Мадрид»нинг янги футболчиси Дин Хавсен ўртасидаги дўстона ҳазил ижтимоий тармоқларда мухлислар эътиборини тортди. Иккала ёш футболчи терма жамоага бир вақтнинг ўзида чақирилди ва улар билан боғлиқ илк сурат терма жамоанинг расмий саҳифасида эълон қилинди.

Мазкур сурат остига Ламин Ямаль ўзининг ҳазиломуз изоҳини қолдириб, «Бу менинг янги ўйинчоғим», деб ёзди. Ушбу жумла «Эл-Класико»даги янги рақиби Дин Хавсен устидан илинжли кулги сифатида талқин қилинди. Ямалнинг ушбу изоҳи қисқа вақт ичида футбол жамоатчилиги орасида катта муҳокамага сабаб бўлди ва ижтимоий тармоқларда кенг тарқалди.

Дин Хавсен ҳам бу ҳазилга бефарқ бўлмади ва ўз навбатида Ямалга муносиб жавоб қайтарди. У изоҳга «Ўғлим менинг» деб ёзди. Бу қизиқарли сўз алмашинуви футбол мухлислари орасида илиқ қарши олинди ва икки футболчи ўртасидаги ижобий муҳитни акс эттирди.

Эслатиб ўтамиз, Дин Хавсен 2025 йил май ойида Англиянинг «Борнмут» клубидан «Реал Мадрид» сафига қўшилган эди. У 60 миллион евро эвазига трансфер қилинган бўлиб, «қаймоқранглилар» сафидаги фаолияти футбол оламида катта қизиқиш уйғотмоқда.

Ламин Ямаль эса «Барселона» тарбияланувчиси ҳисобланади. У ўтган мавсум Ла Лига доирасида 35 та учрашувда майдонга тушиб, 9 та гол ва 13 та голли узатма муаллифига айланган. У мавсумнинг энг яхшиларидан бири бўлди, балки «Олтин тўп» учун ҳам қаттиқ курашга кирган.

Маълумот учун, Испания терма жамоаси, бугун, 5 июнь куни, UEFA Миллатлар Лигаси доирасида Францияга қарши муҳим ўйинга чиқади. Янги чақирилган футболчиларнинг ушбу баҳсдаги иштироки футбол жамоатчилиги томонидан катта қизиқиш билан кузатилмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?