Кутубхоначилик ва мутолаа маданияти: жамият ривожида муҳим омил

19:58 20 Май 2024 Жамият
285 0

Мамлакатимизда кутубхоначилик ва мутолаа маданиятини оширишга бағишланган қатор халқаро тадбирлар бўлиб ўтди. Самарқандда кутубхончалик бўйича Халқаро форум, Жиззахда эса «Central Asia 2024: фан, таълим, маданият ва бизнесда интернет ва ахборот-кутубхона ресурслари» мавзуида анъанавий XVII халқаро конференциялари шулар жумласидан. Мазкур тадбирларда АҚШ, Арманистон, Беларусь, Қирғизистон, Қозоғистон, Россия ва Тожикистон каби 11 та давлатдан келган 42 нафар хорижий мутахассис, 400 дан ортиқ маҳаллий иштирокчи — ахборот-кутубхона ходимлари, кутубхоначилар, шунингдек, ёшлар ва кенг жамоатчилик вакиллари қатнашди.

Халқаро форум ва конференция доирасида соҳа юзасидан матбуот анжуманлари, илмий-амалий семинар-тренинглар, Марказий Осиё давлатларидаги кутубхоналар директорларининг махсус кўргазмали учрашувлари, ялпи мажлис, «Ахборот-кутубхона аълочиси» кўкрак нишони билан тақдирлаш маросимлари ўтказилди.

Илк тадбир Самарқандда ташкил этилиб, унга А. С. Пушкин номидаги ахборот-кутубхона маркази мезбонлик қилди. «Кутубхона ҳамжамияти: ҳамкорлик ва инновация» шиори остида бўлиб ўтган Халқаро ҳамдўстлик форуми доирасида «Ўзбекистон кутубхоналарида болалар ва ёшларнинг медиа ва ахборот саводхонлигини шакллантириш» мавзусида илмий-амалий семинар ташкил этилди. Унда ахборот-кутубхона марказларини замонавий-технологик ривожлантириш, рақамли муҳитда босма ва қўлёзма илмий мерослар тақдимоти, китоб мутолаасини кенг тарғиб этиш дастурлари, кутубхоналарда замонавий ахборот-коммуникация технологиялари масалалари муҳокама қилинди.

— Мазкур маънавий-маданий жиҳатдан юксак аҳамиятга эга бўлган тадбир ахборот-кутубхона, илм-фан, архив ва интернет тармоқларида иш юритувчилар учун ҳар томонлама кенг мулоқот майдонига айланди, — деди Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Асад Хўжаев. — Хусусан, соҳадаги камчиликларни ҳал қилиш, бўшлиқларни тўлдириш, истиқболли лойиҳаларни тақдим этиш, халқаро даражада ҳамкорликни кенгайтиришда назарий-амалий таянч бўлиб хизмат қилди.

Аёнки, ахборот-коммуникация технологиялари жадал ривожланишига қарамай, айнан китоб ва мутолаа жамият тараққиётида асосий восита бўла олади. Глобал ахборот жамияти ва кескин ижтимоий ўзгаришлар даврида китобхонлик ҳар доимгидан ҳам муҳим. Мутолаа ахборот ва билим, таълим, маданий кўникмаларни ўзлаштириш ва шакллантиришнинг асосий мезони ҳисобланади. Шу нуқтайи назардан, китобхонликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадга мувофиқ.

Шунингдек, ушбу кутубхонада «Трансчегаравий кутубхона ҳамкорлиги: халқаро ҳамкорликнинг янги истиқболлари» мавзусида Евроосиё кутубхоналари ассамблеяси вакиллари иштирокида видеоалоқа шаклида махсус йўналтирилган учрашув бўлиб ўтди. Унда трансчегаравий кутубхона ҳамкорлигининг махсус концепцияси ишлаб чиқилиши зарурати музокара қилинди ва уни Евроосиё кутубхоналари ассамблеясига тақдим этиш зарурати таъкидланди.

Жиззахдаги халқаро конференция ҳам ўзига хос руҳда ўтди. Тадбир иштирокчилари Шароф Рашидов номидаги вилоят ахборот-кутубхона марказида жам бўлди. Тадбир аввалида МДҲ давлатлари кутубхоналари раҳбарлари сўзга чиқиб, ушбу халқаро тадбирнинг аҳамияти ҳақида тўхталди, кутубхоначиликни ривожлантириш стратегиялари, хизмат сифатини оширишнинг замонавий тенденциялари ва бошқа муҳим масалалар юзасидан тажрибалари билан ўртоқлашди.

Шундан сўнг, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси директори Умида Тешабоева Ўзбекистонда хусусий ва маҳалла кутубхоналарини ташкил этиш ҳамда ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди.

Шунингдек, конференция доирасида Ўзбекистон Миллий кутубхонаси томонидан «Китобхонлик — тарихимиз, китобхонлик — бугунимиз, китобхонлик — келажагимиз» мавзусида кўргазма ташкил этилди.

Мазкур плакат кўргазмалар ўз вақтида мажбурий нусха сифатида Миллий кутубхонага тақдим этиб келинган бўлиб, уларда мамлакатимизда илм, таълим, мутолаа, тафаккур, ғоялар тарғиботининг тарихий босқичлари, жумладан, жадидчилик ҳаракатининг эзгу мақсад, саъй-ҳаракатлари ўз аксини топган. Кўргазма хорижлик меҳмонларда катта таассурот қолдирди.

Куннинг иккинчи ярмида маҳаллий ва хорижий ахборот-кутубхона соҳаси вакиллари иштирокида ялпи мажлис бўлиб ўтди. Ялпи мажлисда ҳар бир давлат вакили ўз фаолияти юзасидан тақдимот ўтказди. Хусусан, тизимда сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланиш, кутубхоначи кадрларни тайёрлашда таълим муассасалари билан ҳамкорлик масалалари, виртуал ўқув залларининг афзалликлари бўйича маърузалар тақдим этилди.

Якунда соҳада самарали фаолият олиб бораётган, «устоз-шогирд» анъаналари бўйича кадрлар тайёрлаш ва малакасини оширишда жонбозлик кўрсатаётган, аҳоли, жумладан, ёш китобхонларнинг маънавий-маърифий салоҳиятини оширишга меҳнати цинган қатор фаол ходимлар «Ахборот-кутубхона аълочиси» кўкрак нишони ҳамда рағбатлантирувчи пул мукофоти билан тақдирланди.

Раҳматжон БОБОЖОНОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?