Кутилган натижага эллик йилда етдим

17:13 01 Февраль 2026 Жамият
326 0

Қувасойнинг эрталабки ҳавосидан бир оз асал ҳиди келади. Ана шу ифор билан нафас олиб, умрини асаларилар орасида ўтказган 71 ёшли асаларичи Ғанижон Йўлдошевни Фарғона водийсида танимайдиганлар кам. Асаларичилик — унинг касби эмас, тақдири. Бу муҳаббат йиллар давомида йўқолмади, аксинча, авлоддан авлодга ўтиб, бутун оилага сингди. Бугун унинг ўғиллари — Расулжон, Хуршид ва Асилбек ҳам ота йўлини давом эттиряпти. 16 нафар набира эса бобосининг ҳар бир ҳаракатини диққат билан кузатиб, асаларилар тилини ўрганяпти. Гўё бу хонадонда асалари шовқини билан болаларнинг кулгиси қоришиб кетгандек.

— Асалариларни севмасанг, улар сенга асал бермайди, — дейди Ғанижон ота. — Бунга қалб керак. Албатта, ўз ишимни яхши кўраман. Асаларичилик осон иш эмас, у касб асалари заҳрига аллергияси борлар учун мос келмайди, чунки битта чақиш ҳам аллергиклар ҳаёти учун катта хавф туғдиради. Асаларичининг эса доим қўли остида доридор жамланмаси бўлиши шарт — у нафақат ўзига, балки атрофдагиларга ҳам керак бўлади. Бизнинг ишимиз баҳорда бошланади. Илк гуллар очилиши билан асаларилар осмонга кўтарилади. Битта асалари бир килограмм асал йиғиш учун минглаб километрларга тенг масофани босиб ўтади, 75 мингта гулга қўнади. У гул ифорини 30 километр узоқдан ҳис қилади ва йўлни ҳеч қачон адаштирмайди. Аммо асаларилар қолиши учун инсон уларга табиатдан ҳам яхшироқ шароит яратиши керак.

Ғанижон ота яхши билади: асаларичилик китоб билан ўрганиладиган ҳунар эмас. У тажриба, меҳнат, вақт ва сабр талаб қилади. Шу сабабли, у нафақат юртимизда, балки Украина, Исроил, Испания, Россия ва Қозоғистондаги асаларичилар билан тажриба алмашиб келади. Унинг меҳнати халқаро майдонда ҳам эътироф этилган.

Унинг хонадон кутубхонаси — асаларичилик тарихига бой. У эса бу билимларни ўзигина сақлаб қолмади. Маҳаллада ишсиз юрган 20 нафар ёшни шогирдликка олди. Натижада асаларичилик “Бунёдкор” маҳалласи учун иш ва асосий даромад манбаига айланди.

Бугун 30 сотихли ҳовли гулзорга ўхшайди. Асалари уялари қатор-қатор тизилиб, меҳнат қилаётган тирик организмдек жимжит жўш уриб туради. Бу ерда устахона бор, маҳсулотлар кўргазмаси бор, меҳмонлар учун доим эшик очиқ. Бу хонадонга кирган одам асал билан бирга меҳр ҳам олиб чиқади.

— Ҳозир хўжалигимизда 400 та асалари қутиси бор, — дейди отахон. — Ҳар йили 5–6 тонна табиий, шифобахш асал оламиз. Янги зотларни олиб келиб, маҳаллий шароитга мослаштиряпмиз. Бу — келажак учун сармоя.

Бу хонадонда асал оддий ширинлик эмас — у даво. Кимдир камқонлик билан келади, кимдир ҳолсизлик билан. Ҳар бир касалликка яраша асал бор. Айрим пайтларда битта асал мўмиёси ўнлаб дорилардан кўра кучлироқ таъсир қилади. Ғанижон ота баҳор ва ёзни тоғлару боғларда ўтказади. Қиш эса синов фасли. Ҳар бир асалари уясига 8–10 килограмм асал қолдирилади. Чунки асаларичи ўз меҳнатдошини қишда оч қолдирмайди.

— Асаларилар — деҳқоннинг ҳамкори, табиатнинг посбони, — дейди у. — Улар бўлмаса, ҳосил ҳам камаяди. Қишлоқ хўжалигида асалари беминнат, бечиқим дастёр. Афсуски, табиат мусаффолиги, экологияга жиддий зарар етказилаётгани сабабли кейинги йилларда асал йиғиш салмоғи камайиб бормоқда. Шу боис эрта баҳордан баланд тоғлар, кимёвий моддалардан холи боғларни излашади. Асалари покизаликни, тоза ҳаво, гулларни яхши кўради.

Ўрик, шафтоли гули, янтоқ, пахта майдонлари атрофида яхши ҳосил олиш мумкин. Қовун-тарвуз пайкаллари асалари иммунитетини оширади. Ибн Сино бобомиз ҳам “Тиб қонуни”да асал 20 дан ортиқ касалликларга шифо ва малҳамлигини қайд этган. У табиий антибиотик, ошқозон-ичак касалликлари, жигарни тиклаш, қонни тозалаш, иммунитетни оширишда ғоятда фойдали. Мисол учун, прополис юнончада қалъа, доира деган маънони билдиради. Унинг истеъмоли инсон ички организмини турли вируслар, касалликлардан қалъа девори каби тўсиб олиши аллақачон илмий жиҳатдан исботланган.

Агар таъбир жоиз бўлса, асаларичилар сулоласи хонадонидаги мўъжазгина илмий лаборатория, устахона пештоқига “асалари – ҳаким дастёри, деҳқон ҳамкори, ҳосил мадори” дея ёзиб қўйилгани бежиз эмас.

— Яқинда Япониядан уч марта хат келди, — дея давом этади Ғанижон ота.—Унда катта миқдорда пахта гулидан олинадиган асал харид қилиш истагини билдиришган. Чунки атом электр станцияларида ишловчилар учун ана шундай асал истеъмоли мунтазам равишда овқатланиш меъёрига киритилган. Япон олимлари ҳам пахта гулидан олинадиган асал атом нурини қайтаришда муҳим омиллигини исботлашган. Ҳар куни асалариларим билан гаплашаман. Боиси оиламизнинг фаровон яшашига сабабчи бўлаётгани, элу юртимизнинг ризқини улуғ қилаётгани учун митти дўстларимдан доимо миннатдорман.

Бугун Фарғона водийсида асаларичиликни ривожлантиришга қаратилган замонавий марказнинг ташкил этилиши ҳам ана шу қадриятларга бўлган эътибор самарасидир. Илм, тажриба ва ҳамкорлик уйғунлашган бу маскан асаларичиликни янги босқичга олиб чиқиш, табиат билан ҳамнафас яшаш маданиятини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Асаларидан ўрнак олган инсон ҳам ҳалол меҳнат, поклик ва ҳамжиҳатлик билан яшаса, меҳнатининг самараси албатта, ширин бўлади.

Ботир МАДИЁРОВ

( “Халқ сўзи” ) .

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер