Сўзаналарда яшаётган сулола

Истам ИБРОҲИМОВ/«Халқ сўзи». Ҳаёт тасодифларга бой. Бухоро вилоят педагог ходимлар малакасини ошириш институтида ўқигани келиши оддий қишлоқ муаллимасининг тақдирини батамом ўзгартириб юборди.
— Ўшанда кечқурун ётоқхонада ҳамкасбларим сериал кўриш билан банд чоғда мен онамерос ҳунар – кашта тикиш билан шуғулланар, шунинг ортидан уч-тўрт сўм пул ҳам топар эдим, — дея эслайди Шофиркон тумани «Гулистон» маҳалласида яшовчи Зуҳра Облобердиева. — Шунда Бухоро шаҳридаги мактаблардан бирининг раҳбари мен тиккан буюмларнинг анча-мунчасини сотиб олди. Мактабга хорижий меҳмонлар шарафига кўргазма ташкил этилаётган экан.
Эртасига эса кутилмаганда вилоят ҳокимлигидан муаллимани сўроқлаб келишди. Уни ҳунармандлар иштирокидаги тадбирга таклиф қилдилар. Маълум бўлишича, БМТнинг ўша пайтдаги ваколатхонаси раҳбари Холид Малик бошчилигидаги меҳмонларда қўл меҳнати маҳсули саналган каштачилик буюмлари катта қизиқиш уйғотган, уларда Зуҳра опа билан мулоқот қилиш истаги туғилган.
— Суҳбат жараёнида каштачилик анъанаси, сулоламиз ҳақида сўзлаб бердим, — дея давом этади З. Облобердиева. — Шунда Шофиркон каштачилик мактабини қайта тиклаш ғояси туғилди. Гап шундаки, бу мактаб илдизи туманимиз ҳудудида узоқ ўтмишда гуллаб-яшнаган, Бухородан ҳам қадимийроқ саналган кўҳна Варзонзега бориб тақалади. Меҳмонлар истагига кўра, уларни уйимизга бошлаб бордим. Холид Малик ва бошқалар тут сояси остида кашта тикиб турган онажонимни кўриб, жуда таъсирланишди. Буларнинг бариси ЮНEСКО билан каштачилик мактабини қайта тиклаш мақсади кўзда тутилган ўн йиллик шартнома тузишимизга туртки бўлди. Шу тариқа Ҳовлипоён қишлоғида Шофиркон каштачилик мактабига асос солинди. Нафақат ён-атроф, балки Нурота, Шаҳрисабз, Шеробод туманларидан ҳам ўнлаб ёшлар келиб биздан каштачилик санъати сир-асрорларини ўрганишди.
Воқеалар ривожидан ўзиб айтиш лозимки, Зуҳра опанинг бувиси Зубайдахон 105 ёшга, онаси Зулайхо ая эса 97 ёшда вафот этган. Иккаласи ҳам умрининг охирига қадар кашта тикиш билан машғул бўлган.
Сўзана, такияпўш, жойнамоз каби буюмлар ипак матога тикилади. Мато, ипак ип ва бигиз каштадўзнинг асосий қуролидир. Бу ҳунар кишидан кўз нури, қунт, сабр-тоқат, юксак дидни талаб қилади. Бир сўзана учун каштадўз ойлаб давомида меҳнат қилади. Айтмоқчи, Зуҳра опа қўлидан чиққан сўзаналар ўзининг нафислиги, гўзаллиги билан ажралиб туради. Бунга у алоҳида эътибор беради. Биргина «Нигор» деб аталган сўзанада юздан зиёд ранг ишлатилган. Буни бежиз айтаётганимиз йўқ. Сўзаналарда одамларнинг орзу умидлари, табиатга бўлган муҳаббатлари, гўзалликка интилишлари ўз аксини топиши мақсадга мувофиқдир. Дарвоқе, бу сулола иш фаолиятини мўъжаз бир кластерга қиёслаш мумкин. Табиий бўёқлар ҳам фарзандлари ва оила соҳиби Чўлибой Раҳимов томонидан тайёрланади. Эътиборлиси, айни дамда қарийб 200 нафар хотин-қиз каштачилик ортидан ризқ-рўз топмоқда.
Ҳунар ортидан дунёнинг ўттизга яқин давлатида бўлган, давлатимиз томонидан «Дўстлик» ордени билан тақдирланган қаҳрамонимизнинг фаолияти япониялик санъатшунос Еми Имахорени астойдил қизиқтириб қўйди. У атайин Шофирконга келиб, икки йил давомида каштачилик сир-асрорларини ипидан игнасигача ўрганди, Японияда Зуҳра Облобердиеванинг кўргазмасини ташкил этишга бош-қош бўлди. Бу эса кунчиқар юрт аҳолисининг миллий каштачилигимизга бўлган қизиқишларини оширди. Яқинда бир гуруҳ япон ёшлари Бухорога келиб, Зуҳра опадан маҳорат сабоқлари олишди.
— Мен Японияда ўтказилган кўргазмадан катта таассурот олгандим ва Зуҳра опага эргашиб, матога нақш туширгандим, — дейди улардан бири Наомо Ватамабе. — Шу ҳавас мени бир гуруҳ ватандошларим қатори Ўзбекистонга бошлаб келди. Каштадўзнинг маҳорат дарслари бизга маъқул тушди.
Зуҳра опа билан хайрлашарканмиз, у миллий қадриятларимизнинг ажралмас бир бўлаги саналган каштачилик санъати ҳам ўз бошидан оғир дамларни кечирганига эътиборни қаратди.
— Адашмасам, 1957–58 йиллар эди, мен ўшанда ёшгина қизалоқ эдим, — дейди ҳунарманд. — Онам қариндошлардан бирининг деразаси ташқи қисмида офтобдан сақлайди, деб осиб қўйилган сўзанани кўриб, ўзларини қўйгани жой тополмай қолгандилар. Уни олиб, кўзларига суртгани ҳали-ҳануз кўз ўнгимда турибди.
Ҳа, шўро тузуми даврида халқ амалий санъатининг кўплаб турлари каби каштачилик ҳам унутилаёзди. Аммо истиқлол шарофати, Зуҳро Облобердиевага ўхшаган фидойи инсонлар саъй-ҳаракати билан бу бетакрор санъат мактаби қайта бўй кўрсатмоқда. Зубайдаю Зулайхо аяларнинг орзу армонлари Зуҳра опанинг саъй-ҳаракати билан ушалди. Халқимиз ақлу заковати маҳсули саналган мўъжизавий сўзаналар эндиликда дунё кезаяпти, эътирофу эътиборга сазовор бўлаяпти.
Оққан дарё оқаверади, деганлари шу эмасми?!
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Саудия Арабистонида «Ўзбекистон маданияти кунлари» давом этмоқда
- Тошкентда «Ўзбеккосмос» ва «NASA» агентликлари ҳамкорлигида «NASA Space Apps Challenge 2025» Ҳакатон тадбири ўтказилмоқда
- Супер ой: Бугун Ернинг табиий йўлдоши одатдагидан анча катта кўринмоқда
- ЖССТ: Ғазода бирорта шифохона тўлиқ ишламаяпти
- Марказий Осиё педагоглари Нукусда жам бўлди
- Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тартиби белгиланди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг