Косонсойлик спортчилар “Humo Arena”да майдонга тушадилар

18:22 15 Август 2023 Спорт
1592 0

Фото: “Халқ сўзи”

Наманган вилоятининг Косонсой туманида Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 32 йиллиги олдидан спортнинг шотакан каратэ-до тури бўйича мусобақа ташкил этилди. Шу йилнинг 8-10 сентябрь кунлари Тошкент шаҳридаги “Humo Arena“ мажмуасида спортнинг мазкур тури бўйича ўтказиладиган жаҳон чемпионатига номзодларни сараловчи беллашувда майдонга тушдилар.

Нуфузли чемпионатда қатнашишга муносиб номзодларни аниқлаш мақсадида ташкил этилган мусобақа айнан Косонсойда ўтказилгани бежиз эмас. Туманда шотакан караэ-до бўйича алоҳида клуб ташкил этилган бўлиб, спортнинг ушбу турини оммалаштириш бўйича ибратли ишлар амалга оширилмоқда. Бу галги мусобақаларда 5-18 ва ундан юқори ёш тоифаларида Тошкент, Хоразм, Самарқанд, Андижон, Фарғона, Наманган вилоятларидан 300 нафарга яқин спортчилар иштирок этди.

Муросасиз ўтган беллашувларда маҳорат ўз сўзини айтди. Мусобақа якунига кўра, умумжамоа ҳисобида биринчи ўрин мезбон – Косонсой тумани жамоасига насиб этди. Кейинги фахрли ўринларни Андижон вилоятининг Шаҳрихон тумани ҳамда Тошкент вилояти Қибрай тумани каратэчилари эгалладилар.

Мусобақанинг мутлақ ғолиби бўлган жамоага Косонсой туман ҳокими кубоги, шунингдек, шоҳсупанинг юқори поғонасидан жой олган спортчиларга медаль, диплом ҳамда эсдалик совғалари топширилди.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?