Коррупциянинг олдини – олиш устувор вазифа

19:45 27 Ноябрь 2025 Жамият
102 0

Иллюстратив фото

“Микрокредитбанк” акциядорлик тижорат банки тизимида коррупциянинг олдини олиш, манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик ва қонун устуворлигини таъминлашга қаратилган кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда. Банк Бошқаруви томонидан коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштиришга оид йўл хариталари, назорат режалари ва ўқув дастурлари ишлаб чиқилиб, тасдиқланди ва ижроси қатъий назоратга олинган.

Ўтган даврида ходимлар малакасини ошириш мақсадида Прокуратура, Ички ишлар вазирлиги, Адлия вазирлиги ва Марказий банк мутахассислари иштирокида “Коррупцияга қарши курашиш”, “Манфаатлар тўқнашуви” ва “Банк сири” қонунларининг мазмун-моҳияти бўйича ўқув-семинарлари ўтказилди. 100 нафардан ортиқ ходим ИСО 37001:2025 халқаро стандарти бўйича малакасини ошириб, сертификатга эга бўлди. Янгидан ишга қабул қилинган 75 нафар ходимга ҳам коррупцияга қарши билим ва кўникмалар юзасидан ўқувлар ўтказилди.

Банкда эҳтимолий коррупцион рисклар таҳлил қилиниб, уларни бартараф қилиш бўйича ишлар амалга оширилмоқда. Давлат харидлари жараёнлари ўрганилиб, харидлар ва кредитлаш жараёнларида манфаатлар тўқнашувини аниқлашни автоматлаштирувчи “АНТИСОР-СТОП” модулини яратиш ишлари амалга оширилмоқда.

Ишга қабул қилиш жараёнида 124 нафар номзод ўрганилиб, салбий маълумотлари сабабли 10 нафарига рад жавоби берилди. Манфаатлар тўқнашуви юзасидан ўтказилган ўрганишларда 12 та ҳолат аниқланиб, бартараф этилди. Банк ходимлари ва мижозлардан келиб тушган 90 дан ортиқ мурожаат кўриб чиқилиб, қонунчилик доирасида чоралар кўрилди.

Бошқарув раисининг жорий йил 10 сентябрдаги фармойишига мувофиқ, ҳар ойнинг иккинчи чоршанбаси “Коррупцияга қарши курашиш куни” деб белгиланди ва ходимлар ўртасида қонунчилик ҳужжатларини ўрганиш амалиёти йўлга қўйилди. Марказий банк ва Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан тасдиқланган “Йўл харитаси”даги вазифалар ўз вақтида бажарилмоқда.

Йил якунига қадар Қорақалпоғистон ва Хоразм ҳудудий бўлинмаларини ИСО-37001 стандарти бўйича сертификатлаштиришга тайёргарлик кўриш, 65 нафар ходимни “Коррупцияга қарши курашиш виртуал академияси”да ўқитиш ва банкнинг ички меъёрий ҳужжатларини тўлиқ қайта кўриб чиқиш режалаштирилган. Шунингдек, семинарлар, давра суҳбатлари ва аноним сўровномалар орқали ходимлар ва мижозларда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни кучайтириш ишлари давом эттирилади.

Баҳодир Киргизов, Коррупцияга қарши назорат департаменти директори.

Ҳамкорлик ҳуқуқи асосида.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер