Коррупцияга қарши курашда Самарқанд тажрибаси
Коррупция ҳолатини таҳлил қилиш ва олдини олиш мақсадида Самарқанд вилоят прокуратура органлари томонидан яхши тажрибалар йўлга қўйилмоқда. Унга кўра, вилоят ва туман-шаҳар прокуратураси ҳамда департаменти ходимлари барча даражасидаги ташкилотларга бириктирилган. Ҳозирга қадар улар ташкилотлардаги 11 600 нафар ходимлар билан профилактик суҳбатлар ўтказишди. Барча ташкилотларнинг “Йўл хариталари” ишлаб чиқилди. Ҳар ойнинг 1-5 кунлари махсус алгоритм асосида ўтказилаётган коррупцияга қарши муросасиз курашиш тадбирлари давомида коррупцион туйнуклар, схемалар аниқланиб, уларни бартараф этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Коррупцияга қарши муросасиз муҳитни, ҳуқуқий онг ва маданиятни болаликдан шакллантириш мақсадида прокуратура, суд, ички ишлар ва адлия идоралари ходимларига вилоятдаги 1267 та мактаблар бириктирилиб, ҳар ҳафта жума куни маънавият соатлари негизида 6-синфдан бошлаб коррупцияга қарши курашиш бўйича дарс машғулотлари ўтиб борилиши тўғрисида Қўшма қарор қабул қилинган.
Дарс машғулотларини ўтиш учун 6-7, 8-9, 10-11синфлар учун “Ҳалоллик ва тўғрилик” номли, олий таълим муассасалари талабалари, давлат хизматчилари, комплаенс-назорат тизими ходимларининг коррупцияга қарши курашиш борасидаги билимларини ошириш мақсадида “Коррупцияга қарши курашиш асослари” номли ўқув қўлланмалари тайёрланиб, улар асосида дарс машғулотлари олиб борилмоқда. Коррупцияга қарши курашиш борасида нодавлат нотижорат ташкилотлари билан яқиндан ҳамкорлик ўрнатиш мақсадида Ҳамкорлик меморандуми ва Йўл харитаси имзоланиб, бу борада уларнинг таклиф ва ташаббусларидан ҳам кенг фойдаланилмоқда.

– Вилоятда фаолиятни рақамлаштириш орқали коррупцияга қарши курашишга алоҳида эътибор қаратиляпти, – дейди Самарқанд вилояти прокуратураси бўлим бошлиғи Хуршид Мусурмонов. – “Sam – bozor” (Рақамли бозор) дастури ишлаб чиқилиб, вилоятдаги 2 ва ундан ортиқ кун давомида ишлаётган 19 та бозорларнинг фаолияти тўлиқ рақамлаштирилди. Натижада 2024 йилнинг июлида 19 та бозорнинг ойлик ўртача тушуми 4,2 млрд. сўмни ташкил қилган бўлса, жорий йилнинг июлида 6,7 млрд. сўмга етди. Ноқонуний фаолият юритаётган 760 та тадбиркорлик субъектларининг фаолияти қонунийлаштирилиб, яратилган 869 та иш ўринларида фуқароларнинг қонуний бандлиги таъминланди.
Шунингдек, йўловчи ташиш жараёнида амалга оширилаётган тўловлар шаффофлигини ва кўрсатилаётган хизматларни реал вақт режимида назорат қилиш имконияти яратилди. Хусусан, 550 та автобуслар, 115 та микроавтобуслар, 210 та “Дамас” автотранспорт воситаларига GPS воситалари ўрнатилиб, “Wialon” электрон дастурига уланди. Транспорт бошқармасида Ситуацион марказ ташкил қилинди.

Автобусларга сунъий интеллект ёрдамида дастурланган камералар ўрнатилиб, бугунги кунга қадар 140 та автобусда йўловчилар оқимини санаш ва шунга мутаносиб равишда тўловларни ҳисоблаб чиқариш имконияти яратилди. Вилоятдаги транспорт корхоналари ўтган йилнинг июлида 8,3 млн. кишини ташиган бўлса, жорий йилнинг июлида 10,5 млн. кишини ташиган. Йўловчи ташувчи корхоналар ҳисобига ўтган йил июль ойида 50,9 млрд. сўм тушган бўлса, жорий йилда 68,5 млрд. сўм тушишига эришилди.
Электр энергия соҳасида коррупцион ҳолатларни олдини олиш мақсадида Самарқанд тумани, Самарқанд шаҳри электр тармоқлари корхонасининг 54 нафар ходимларига бодикамера ва планшетлар ажратилиб, уларга “GPS” ускуналари ўрнатилган ҳамда иш жараёнини онлайн кузатиб бориш учун сервер жиҳозлари билан таъминланди. Йил якунига қадар барча ҳудудлар ходимлари фаолияти рақамлаштирилади.

Вилоятдаги мавжуд 56 та автотураргоҳларга “Hik — Sentral” дастури ўрнатилди. Шунингдек, 40 та жарима майдончалари давлат рақам белгиларини таниб олувчи камералар, компютер жиҳозлари ва бошқа воситалар билан жиҳозланиб, фаолияти тўлиқ рақамлаштирилди. кўп қаватли уйларни бошқариш компаниялари фаолияти рақамлаштирилиб, “Шаффоф уй” дастури яратилди. Солиқ ходимлари, Давлат меҳнат ҳуқуқи инспекторлари фаолиятидаги коррупцион хавф-хатарларни олдини олиш мақсадида уларнинг иш юритиши ҳам рақамлаштирилди.

Вилоятдаги 3 та туман-шаҳар (Самарқанд шаҳар, Иштихон, Булунғур) тиббиёт бирлашмалари, 4 та вилоят тиббиёт муассасаларига “D-MED” ахборот тизими ва сунъий интеллект ёрдамида ишлайдиган камералар ўрнатилиб, фаолияти тўлиқ рақамлаштирилди. Биргина вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида 2024 йил 8 ойда жами тушум 4,3 млрд. сўмни ташкил этган бўлса, рақамлаштиришдан сўнг 2025 йил 8 ойда тушум 13,9 млрд. сўмни ташкил этди.

Вилоят прокуратураси томонидан қўшимча 8 та соҳада рақамлаштириш ишлари давом эттирилмоқда. Бу жараён яширин иқтисодиётга қарши курашиш, хуфиёна иқтисодиётни қисқартириш борасида тизимли ишлар амалга оширишда самарадорликни таъминлашга хизмат қилмоқда.
Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ
«Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни
- Рўзиқул Бердиевнинг матбуот анжуманидаги фикрлари юзасидан суриштирув ўтказилади
- Ўзбекистонда Касбий таълим агентлиги ташкил этилади
- Ўзбекистоннинг янги траекторияси: Асосий хорижий трансферлар харитаси
- Ўзбекистон тасвирий санъат галереясида Самарқанд мактабининг янги нафаси
- Тошкентда дипломатик ваколатхоналар ва халқаро ташкилотлар ўртасида ХІХ халқаро мини-футбол турнири ташкил этилди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг