Коронавируснинг янги «омикрон» штамми қайд этилган мамлакатлар сони очиқланди

14:57 09 Декабрь 2021 Жамият
324 0

Фото: ССВ

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг сўнгги маълумотларига кўра, коронавируснинг янги «омикрон» штамми қайд этилган мамлакатлар сони 57 тага етди. Энг ёмони, бу кўрсаткич кун сайин ошиб бормоқда.

Хусусан, ЖССТ раҳбари Тедрос Гебреесуснинг сўзларига кўра, COVID-19нинг янги мутацияси пандемияга қандай таъсир кўрсатишини олдиндан айтиш қийин. Аммо янги штаммнинг тез суръатлар билан тарқалаётгани факт.

Пандемиянинг янги тўлқини, айниқса Европа мамлакатларини танг аҳволга солиб қўймоқда. Масалан, Францияда сўнгги 24 соат ичида 61,3 мингдан ортиқ кишида коронавирус инфекцияси аниқланган. Бу ўтган йилнинг 2 ноябридан буён қайд этилган энг юқори кўрсаткичдир.

Буюк Британияда ҳам аҳвол ташвишланарли. Касалланиш ҳолатлари кун сайин кўпайиб, кеча қарийб 50 минг 600 нафарга етган. Ҳукумат «омикрон» штамми кенг тарқалиб кетмаслиги учун қўшимча тартиб ва чекловларни жорий этишга мажбур бўлди.

Жумладан, 10 декабрдан Буюк Британияда жамоат жойларида тиббий ниқоб тақиш мажбурий этиб белгиланди. Қолаверса, 13 декабрдан масофавий иш форматига ўтилиши мумкин.

Бошқа мамлакатлар ҳам эҳтиёт чораларини кучайтиришга киришган. Масалан, Бразилияда «омикрон» рўйхатга олингач, бу ерда эмланмаган хорижлик сайёҳлар учун беш кунлик карантин жорий этилди.

Олимлар айни пайтда мавжуд вакциналарнинг янги штаммга нисбатан самарадорлигини ўрганмоқда. Хусусан, Африка Соғлиқни сақлаш тадқиқот институти (Жанубий Африка Республикаси) икки ҳафта давомида 12 нафар эмланган фуқаронинг қон таҳлилларини текширди.

Маълум бўлишича, вакцина олганларда иммунитет нисбатан яхши сақланиб қолади. Тўлиқ босқичда эмланганларда антитаначалар янги штаммга қарши фаолроқ курашди.

Шунингдек, куни кеча “Pfizer Inc ва BioNTech SE” компанияларининг илк лаборатория тадқиқотлари якунлари ҳам эълон қилинди. Унга кўра, Pfizer вакцинасининг учинчи — бустер дозаси антитаначалар миқдорини 25 баробар кўтаради ва бу «омикрон» ни «енгиш» учун кифоя қилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?