Коронавирус «COVID-19»: биологияси, этиологияси ва физиологияси

14:20 11 Октябр 2024 Жамият
308 0

Фахриддин БОЗОРОВ/«Халқ сўзи». Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида шу мавзуда Халқаро илмий-амалий конференцияси ўтказилди. Унда дунёнинг 20 та давлатидан олим ва мутахассислар бевосита ва онлайн тарзда иштирок этишди.

Маълумки, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларида қайт этилганидек, 2019-2024 йилларда дунёнинг деярли барча мамлакатларида «COVID-19» рўйхатга олинган бўлиб, 700 миллиондан ортиқ беморларда касаллик аниқланган. Афсусланарлиси шундаки, улардан 7 миллион нафари оламдан ўтган. Мамлакатимизда зарур чоралар кўрилишига қарамасдан 260 мингдан ортиқ бемор коронавирусга чалинди ва 1637 нафари вафот этди. Конференцияда олимлар шу хусусда фикр юритар экан, бу касаллик хавфи ҳали ҳам мавжудлигини айтишиб, унинг олдини олиш, аҳоли ўртасида тиббий маданиятни ривожлантириш ҳам турли кўринишда намоён бўлаётган юқумли касалликларга қарши курашда вакциналар ишлаб чиқариш борасида фикр алмашишди.

—Яна пандемия бўлиши мумкин, бу охиргиси эмас,— деди Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Геномика ва биоинформатика маркази илмий котиби, биология фанлари номзоди Шуҳрат Шерматов. — Айтиш жоизки, дунёни ларзага солган бу касаллик фақат инсон саломатлигига эмас дунё иқтисодиётига ҳам салбий таъсир ўтказди. Бугунги глобаллашув даврида одамларнинг бир мамлакатдан иккинчисига ўтиши жуда тезлашди. Инфекцияни тарқалишига кенг имкониятлар яратилди. Шуларни ҳисобга олган ҳолда юқумли касалликларни ўрганиш, уларга қарши чоралар белгилаш мақсадида вакциналар ишлаб чиқариш, долзарб бўлиб қолмоқда. Мазкур анжуманнинг ўтказилиши, олимларнинг фикр алмашиши, тадқиқотлар олиб бориши шунинг учун ҳам долзарб аҳамият касб этмоқда.

Анжуманда мамлакатимизда Президентимизнинг тегишли қарорлари асосида коронавирус касаллиги кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш, даволаш бўйича зарур чора-тадбирлар ишлаб чиқилгани ўзининг ижобий самараларини бергани ҳақида ҳам фикрлар билдирилди. Хусусан, республика бўйлаб 200 га яқин ПЗР аппаратлари билан жиҳозланган вирусологик лабораториялар фаолияти йўлга қўйилди. Шунингдек, «COVID-19» га қарши эмлаш тадбирлари олиб борилиб, 65 миллион дозага яқин вакциналардан фойдаланилди. Мамлакатимизда «COVID-19» касаллигига қарши курашда олимлар жамоаси ҳам ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келмоқда. Коронавирусга қарши вакциналар яратилди, касалликни диагностика қилувчи тест системалари ишлаб чиқилди.

—Агар чуқур мулоҳаза юритадиган бўлсак, диабет билан касалланган одамларда коронавирусга чалиниш кўпроқ бўлади,— дейди Ўзбекистон миллий университети биология факультети одам ва ҳайвонлар физиологияси кафедраси доценти Ирода Каримова.— Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти берган маълумотга кўра, «COVID-19» инфекцияси кириб келганидан сўнг соғлом одамларда ҳам диабет касаллигига чалиниш ҳолатлари кўп учраган. Демак, бу диабетни чақириб келувчи омил ҳисобланади. Бошқа ёндош касалликларнинг келиб чиқиши кучаяди. Бошқа қўшимча асоратларни ҳам келтириб чиқаради. Жаҳон диабетологлар федерацияси берган маълумотига кўра, Европа аҳолисининг ўртасида 2040 йилга келиб айнан шу касалликка чалиниш 600 миллиондан ошиб кетиши башорат қилиняпти. Бу жуда катта кўрсаткич ҳисобланади. Бизнинг асосий мақсадимиз импорт ўрнини босувчи антидиабетик дориларни ишлаб чиқаришга қаратилган. Бу борада биз ўзимизда ўсадиган доривор ўсимликлардан дори тайёрлаб, синовдан ўтказмоқдамиз.

Халқаро илмий-амалий конференциянинг университетда анъанавий равишда иккинчи марта ўтказилаётгани таълим муассасасини дунё миқёсида обрў эътибори тобора ошиб бораётганидан далолат беради. Ҳақиқатда сўнгги йилларда Ўзбекистон Миллий университетида физиология соҳасида, яъни аҳоли саломатлигини сақлаш ва соғломлаштиришнинг энг муҳим масалалари доирасида амалий ва инновацион лойиҳалар амалга оширилмоқда. Физиология соҳасидаги илмий тадқиқотларни янада ривожлантириш ва мувофиқлаштириш учун университет таркибида Физиология илмий-тадқиқот маркази фаолияти йўлга қўйилгани ҳам дунё миқёсида эътироф этилмоқда.

Конференцияда аҳоли саломатлигини сақлаш бўйича юзага келаётган муаммолар ва уларни бартараф этиш бўйича таклифлар ҳамда соҳани ривожлантиришдаги устувор масалалар кенг муҳокама қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер