Кўпхотинлилик, жинсий камситиш, феминизм, ахлоқий бузуқлик… Депутат «инфоқаллоб»га қаттиқ чоралар кўрилишини сўрамоқда

18:19 23 Июль 2024 Жамият
480 0

Фото: Қонунчилик палатаси матбуот хизмати

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 23 июль куни бўлиб ўтган мажлисида «Таълим фаолиятини тартибга солиш тўғрисида»ги қонун қабул қилинди. Бу ҳақда Қонунчилик палатасининг матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, «Миллий тикланиш» партияси томонидан ишлаб чиқилган ташаббус маъруза ўқиб, осон пул топиш йўлларини ўргатишга ваъда берган шахс (инфоқаллоб) ларга қарши курашишга қаратилган.

«Бундай тадбирларда аҳоли, айниқса, ёшлар онги ва маданиятига турли ёт қарашлар, ғоялар, ҳиссиётлар сингдирилмоқда. Таъкидлаш керакки, тадбир ташкилотчилари томонидан гўёки маърифий деб ҳисобланадиган кўп сонли йиғинлар, учрашувлар, ўқув ва суҳбатлар махсус билим ва тажрибага эга бўлмаган, асосий мақсади ёлғон йўли билан пул ишлаш бўлган сохта тренерлар ва лекторлар томонидан амалга ошириб келинмоқда», деган маърузачи ЎзЛиДеП депутати Шаҳноза Холмаҳаматова.

Унинг сўзларига кўра, бундай тадбирларда кўпхотинлилик, жинсий камситиш, феминизм, ахлоқий бузуқлик, ҳуқуқбузарликлар тарғиб қилиниб, тингловчилар онгини манипуляция қилиш ҳолатлари кўпаймоқда.

Депутат ҳозирда бундай фаолиятни тўхтатиш, тақиқлаш ёки тартибга солишнинг иложи йўқлигини таъкидлади. Чунки амалдаги қонунчиликда маъруза, тақдимот, семинар, маҳорат дарси, курс, лекция, марафон ва давра суҳбати тарзида ўтказиладиган фаолият турлари акс эттирилмаган.

Депутатлар биринчи қоидабузарлик учун қандай жарима назарда тутилганини эълон қилишмади, бироқ такрор содир этилган ҳуқуқбузарлик учун жисмоний шахслар БҲМнинг 10 бараваридан 15 бараваригача (3,4 миллион сўмдан 5,1 миллион сўмгача), мансабдор шахслар эса БҲМнинг 15 бараваридан 20 бараваргача (5,1 млн сўмдан 6,8 млн сўмгача) жаримага тортилади.

Аввалроқ, энди бўлажак ҳайдовчилар биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича амалий имтиҳонлардан ҳам ўтиши кераклиги ҳақида хабар берилганди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?