Кўп тармоқли марказий поликлиникаларда тиббий психолог штати жорий қилинади
Сўнгги йилларда юртимизда тиббий хизмат кўрсатиш самарадорлигини ошириш, рақамлаштириш ишларини жадаллаштириш, cоҳа ривожланишининг яқин ва узоқ муддатли истиқболларини белгилаш, рақобат ва хусусий секторни қўллаб-қувватлаш, тиббиёт ходимларининг билимини ошириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, аҳоли саломатлигини асраш учун буджетдан ажратилаётган маблағлар миқдори деярли тўрт баробарга оширилди. Натижада, аҳолига бепул кўрсатиладиган тиббий хизматлар сони ва бепул этказиб бериладиган дори-дармон воситалари сони сезиларли равишда ошди.
Шунингдек, аҳолининг руҳий саломатлигини муҳофаза қилиш, сифатли психиатрия ёрдами кўрсатишни ташкил этиш, руҳий ҳолат бузилишининг олдини олиш, ташхис қўйиш ва даволаш тизимини янада ривожлантириш борасида ҳам салмоқли ишлар қилинди. Жумладан, бу борада кадрлар масаласига алоҳида эътибор қаратилиб, «психиатрия» йўналиши бўйича давлат грантлари асосида магистратурага қабул квоталари оширилди, олий тиббий таълим муассасаларининг психиатрия кафедраларида фундаментал, амалий ва инновацион илмий-тадқиқот ишлари фаоллашди. Илк бор руҳий хасталикларга ташхис қўйиш ва даволаш бўйича хусусий тиббиёт ташкилотлари томонидан кўрсатиладиган хизматлар рўйхати тасдиқланди.
Яқинда қабул қилинган «Аҳолининг руҳий саломатлигини муҳофаза қилиш хизматини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарори аҳолининг руҳий саломатлигини муҳофаза қилиш хизматини такомиллаштириш, руҳий ҳолат бузилишларини эрта аниқлаш, уларга ташхис қўйиш, руҳий ҳолати бузилган шахсларни даволаш сифатини ошириш, соҳада самарали бошқарув тизимини жорий этиш, илм-фанни ривожлантириш, кадрлар салоҳиятини юксалтириш, аҳолига ўз вақтида психиатрия ёрдами кўрсатилишини ташкил этиш борасидаги ишларни янги босқичга олиб чиқишга қаратилганлиги билан янада аҳамиятлидир.
Қарор билан 2023 йил 1 июлдан бошлаб Республика ихтисослаштирилган наркология илмий-амалий тиббиёт маркази амалдаги молиялаштириш тартибини сақлаб қолган ҳолда, Республика ихтисослаштирилган руҳий саломатлик илмий-амалий тиббиёт марказига айлантирилди.
Ушбу марказда ихтисослаштирилган психиатрик, тиббий-психологик ва наркологик ёрдам кўрсатиш йўлга қўйилиб, ушбу йўналишларда юқори технологик моддий база ва илмий мактаб шакллантирилади. Шунингдек, руҳий саломатликни таъминлаш йўналишидаги ишларни соғлиқни сақлашнинг барча даражаларида мувофиқлаштиради ва назорат қилади.
Шу билан бирга, 2023 йил 1 августдан бошлаб туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникаларида Аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллигини ошириш марказининг туман (шаҳар) бўлинмалари штатларини қисқартириш ҳисобидан тиббий психолог, руҳий касалликлар шифохоналарида суитсидолог, қабул бўлимларида шифокор, навбатчи психиатр, тиббий психолог ёки психотерапевт штатлари жорий этилади.
Ҳудудлар даражасида бундай тор соҳа мутахассисларининг жорий қилиниши эса, ўз навбатида руҳий ҳолат бузилишини тиббиётнинг бирламчи бўғинининг ўзида эрта аниқлаш ва даволаш чораларини кўриш, руҳий ҳолати бузилган шахсларни клиник баҳолаш, даволаш ва кузатиб бориш бўйича кўникмаларини ривожлантириш ва билимларини ошириш имконини беради.
Шу билан биргаликда, қарор билан Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда ўқувчиларда ўзини ўзи бошқариш, мураккаб ҳаётий вазиятларни енгиб ўтиш кўникмаларини шакллантириш, депрессия, хавотирли ҳолатлар ва суитсидларнинг олдини олиш бўйича махсус ижтимоий-эмоционал ўқув соатларини (Соcиал Эмотионал Леарнинг, СEЛ) умумий ўрта таълим муассасаларида мактаб дастуридаги мавжуд фанлар ва дарсдан ташқари жараёнлар доирасида йўлга қўйиш ҳам белгиланмоқда.
2023 йил 1 сентябрдан бошлаб тиббиёт ходимларини «психиатрия», «суд психиатрияси», «тиббий психология» ва «наркология» йўналишлари бўйича қайта тайёрлаш курсларида ўқитиш харажатлари Иқтидорли ва малакали тиббиёт мутахассисларини қўллаб-қувватлаш ҳамда тиббиёт муассасаларига жалб қилиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
Бундан ташқари, 2023/2024 ўқув йилидан бошлаб эса, «Психиатрия», «Тиббий психология» ва «Наркология» клиник ординатура ва магистратура мутахассисликларига қабул фақат давлат гранти асосида умумий қабул параметрлари доирасида амалга оширилади ҳамда қабул кўрсаткичлари ушбу мутахассисликларга бўлган ҳақиқий эҳтиёжни ўрганиш асосида шакллантирилади.
Энг муҳим ўзгартиришлардан яна бири 1 июлдан бошлаб туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникаларида фаолият юритаётган психиатр ҳамда психиатрия даволаш муассасаларида фаолият юритаётган психиатр, тиббий психолог, психотерапевт ҳамда суитсидологларнинг лавозим маошига устама миқдори 25 фоиздан 50 фоизга оширилади.
Умуман олганда, қарорда белгиланган вазифаларнинг соҳа ва ҳаётимизга татбиқ этилиши, бугун жамиятимизда айрим ҳолатларда аҳолининг айниқса, балоғат ёшидаги ёшлар билан рўй бераётган кўплаб салбий ҳолатларнинг олди олинишига хизмат қилади.
Олтиной МАМИРОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
- Наманганда 3 та йирик институт битта университетга бирлаштирилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг