Конституциявий қонунийликнинг ҳолати ўрганиб чиқилди

11:43 07 Декабрь 2024 Сиёсат
478 0

Фото: Сирожиддин Воҳидов / “Халқ сўзи”

Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг 2024 йилда мамлакатдаги конституциявий қонунийлик ҳолати тўғрисидаги ахбороти кўриб чиқилган мажлисида Олий Мажлис палаталари, ҳукумат, Олий суд, Судьялар олий кенгаши, Бош прокуратура, Адлия вазирлиги, нодавлат нотижорат ташкилотлари, таълим ва илмий ташкилотлар вакиллари ҳамда Конституциявий суд Илмий-маслаҳат кенгаши аъзолари қатнашдилар.

Конституциявий суд раиси М.Абдусаломов бошқарган мажлисда Бош қомусимиздаги норма ва принципларни ҳаётга татбиқ этиш, шу жумладан, жамият ва давлатни Конституцияга мувофиқ ҳуқуқий модернизация қилиш, мамлакатда конституциявий қонунийликни янада мустаҳкамлаш бўйича ишлар жорий йилда ҳам фаол давом эттирилгани эътироф этилди. Зеро, конституциявий қонунийликни таъминлаш давлатчиликни мустаҳкамлаш ва унинг барқарор ривожланишининг муҳим шарти ҳисобланади.

Конституциявий суд ахборотида Асосий Қонунимизни амалга ошириш бўйича 15 та йўналишда олиб борилган ислоҳотларга алоҳида тўхталиб ўтилди. Рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, 2024 йил давомида Конституциявий судга жами 1400 та мурожаатлар, шундан 1350 таси фуқаролар, 50 таси юридик шахслардан келиб тушган. Фуқаролар пенсия, фуқаролик, уй-жой, меҳнат қонунчилиги алоҳида нормаларининг конституциявийлигини текшириш юзасидан мурожаат қилган. Конституциявий суд томонидан жорий йилда конституциявий назорат тартибида 70 та қонун ва 218 та бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг Конституцияга мувофиқлиги ўрганилган.

Конституциявий суд ахборотида Асосий Қонунимизни амалга ошириш бўйича давлат хизматчилари ўртасида Конституция тарғиботини кучайтириш, ҳуқуқшунослик йўналишида дарслик ва қўлланмаларни Конституция асосида янгилаш бўйича ишларни якунига етказиш каби қатор таклифлар илгари сурилди. “Янги Ўзбекистон – маърифий жамият” концепцияси асосида конституциявий таълим масаласига алоҳида эътибор қаратиш, парламент томонидан Конституцияни ўқиб-ўрганиш бўйича Миллий фаолият дастурини қабул қилиш энг муҳим таклифлардан бири сифатида таъкидланди.

Конституциявий суд муҳокама қилинган масалаларни ҳар томонлама ўрганиб чиқиб, мутахассис ва экспертларнинг фикр-мулоҳазаларини инобатга олиб, мамлакатдаги конституциявий қонунийлик ҳолати тўғрисидаги ахборотни тасдиқлаш ҳамда уни Олий Мажлис палаталари ва Ўзбекистон Республикаси Президентига юбориш ҳақида қарор қабул қилди.

Азиз НОРҚУЛОВ
Фото: Сирожиддин Воҳидов / “Халқ сўзи”

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?