Конституциявий одил судловга эришиш кафолатлари

14:48 26 Декабрь 2025 Жамият
104 0

Замонавий демократик давлат, эркин ва очиқ фуқаролик жамияти шароитида фуқаролар ҳамда тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини амалда таъминлашнинг энг мақбул ҳамда ишончли механизми сифатида самарали одил судлов фаолияти эътироф этилади. Шу боис суд тизими фаолиятини тубдан такомиллаштириш, уни бугунги мураккаб давр талабларига мослаштириш Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ҳуқуқий сиёсатнинг энг устувор йўналишига айланди, десак, айни ҳақиқат.

Кейинги 8-9 йил ичида суд органлари фаолиятини тубдан демократлаштириш, очиқ ҳамда шаффоф тартиб-таомиллар асосида ривожлантириш мақсадида етмишдан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Эътиборлиси, мазкур ҳуқуқий ҳужжатларнинг ҳар бири миллий суд тизими фаолиятини такомиллаштириш борасида ҳам шаклан, ҳам моҳиятан фундаментал янгиликларни олиб кирди. Мамлакатимиз суд тизими тарихида илгари мавжуд бўлмаган, халқаро талаб ва стандартга мос янги тузилма ҳамда янги органлар фаолияти йўлга қўйилди.

Аниқ изчиллик ва муайян тадрижийликка асосланган мана шундай ҳуқуқий ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида Президентимизнинг шу йил 18 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди фаолиятини янада такомиллаштириш ва замонавий рақамли технологияларни жорий этишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони имзоланди.

Мазкур ҳужжат Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди фаолиятини янада такомиллаштиришнинг асосий йўналишларини белгилаб беради. Таъкидлаш жоизки, мамлакатимиз ҳуқуқий тараққиётининг сифат жиҳатдан мутлақо янги босқичида Конституциявий суд фаолиятини такомиллаштириш билан боғлиқ туб ислоҳотлар амалга оширилди.

Ўзбекистон тараққиётининг янги босқичи бошланиши билан, яъни 2017 йилда янги таҳрирдаги “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди ва у Конституциявий суднинг янгиланиш даврини бошлаб берди. 2021 йил 27 апрелда эса “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги Конституциявий қонунда мамлакатимизда тарихан биринчи марта Конституциявий суд судьясини алмаштириб бўлмаслик принципи жорий этилди.

Судья ўз ваколатлари даврида алмаштирилмаслиги, судьянинг ваколатлари қонунда белгиланган тартибдан ҳамда асослардан бошқача тарзда тугатилиши ёки тўхтатилиши мумкин эмаслиги белгиланди. Ушбу демократик норма Конституциявий суд судьяларининг мустақиллиги ҳамда дахлсизлиги кафолатларининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашда, шунингдек, одил судловга оид халқаро талаб ва стандартларда белгиланган судьяларнинг алмаштирилмаслиги принципини амалда таъминлашнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлади.

Ўзбекистон ҳуқуқ тизими яқин тарихида (2023 йилда ўтказилган) улкан воқелик сифатида муҳрланган конституциявий ислоҳотлар жараёнида ҳам Конституциявий суд ўзининг энг муҳим вазифа ва ваколатлари доирасида ўта муҳим масалаларни ҳал қилди. Жумладан, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳаси бўйича “Ўзбекистон Республикаси референдумини ўтказиш ҳақида”ги қарорининг Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқлигини ўзининг тегишли қарори билан тасдиқлаб берди.

Давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди фаолиятини янада такомиллаштириш ва замонавий рақамли технологияларни жорий этишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони эса Конституциявий суд ҳамда конституциявий назорат институтини ривожлантиришнинг янги истиқболларини белгилаб берди. Ҳужжатда назарда тутилган энг муҳим вазифалардан бири — бу конституциявий суд ишларини юритиш жараёнларини тўлиқ рақамлаштириш орқали Конституциявий суд фаолиятида шаффофликни ошириш.

Бугунги кундаги давлат органларининг фаолиятини рақамлаштиришсиз тасаввур этиб бўлмайди. Гап шундаки, тизимни рақамлаштириш орқали, биринчидан, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари (шикоятлари)ни ўз вақтида, қонуний кўриб чиқиш имконияти кенгаяди. Иккинчидан, фуқаролар ҳамда тадбиркорлик субъектлари билан ишлаш, мулоқот ўрнатиш жараёнидаги тартиб-таомиллар соддалаштирилиб, бу борадаги ортиқча бюрократик тўсиқлар ва мурожаатчиларнинг сарсонгарчилик ёки оворагарчиликлари олди олинишига эришилади. Бундан ташқари, Конституциявий суд тизими фаолиятида очиқлик, ошкоралик, шаффофлик тўла таъминланишига олиб келади.

Мазкур фармоннинг яна бир аҳамиятли жиҳати, мамлакатимизда конституциявий назорат институтини янада ривожлантиришга қаратилган муҳим вазифаларнинг қўйилганлигида намоён бўлади. Ҳуқуқ назариясида шундай бир ўзгармас қоида белгиланганки, Асосий қомус ва Бош қонун — ҳар бир суверен давлатнинг ҳуқуқий рамзи, ўзига хос тимсоли сифатида эътироф этиладиган Конституцияда қабул қилинадиган барча норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мос бўлиши керак.

Конституциявий назорат институтининг моҳиятини ҳам айнан мана шу, яъни қабул қилинаётган қонунчилик ҳужжатлари Конституцияда белгиланган меъёрларга зид эмаслигини қатъий назорат қилиб бориш вазифаси ташкил этади. Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятлар томонидан чиқарилаётган ёки қабул қилинаётган барча ҳужжатларнинг Конституцияга мувофиқлиги тўғрисидаги ишларни кўриб чиқади.

Суд тизимида узоқ йиллар мобайнида ишлаб келаётган фахрий судья сифатида комил ишонч билан айтишим мумкинки, Конституциявий суд фаолиятини янада такомиллаштириш ҳамда унга энг замонавий рақамли технологияларни жорий этишга қаратилган ҳужжат юртимизда конституциявий одил судловга эришиш кафолатларини мустаҳкамлашга ҳуқуқий асос бўлади.

Убайдулла МИНГБОЕВ,

Ўзбекистон Судьялар ассоциацияси раиси,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган юрист.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?