Конституцияда жамиятнинг барча қатлами манфаатлари инобатга олинган
Янги таҳрирдаги Конституция Ўзбекистон жамиятининг эволюцион ривожланишидан келиб чиқаётган ҳаётий зарурат бўлиб, бу иш мамлакат, миллат ва халқ сифатида кейинги қадамларимизни аниқлаб олишимиз учун ғоят аҳамиятли масала, адолатли жамият қуриш йўлидаги улкан қадамдир.
Қайд этиш жоизки, Конституция олим-у мутахассислар томонидан фақат кабинетларда яратилмади. Балки, даставвал икки босқичда халқимизнинг фикри, таклифлари ўрганилди, шундан сўнггина Конституция лойиҳаси тайёрланди. Авваллари эса, Конституция қабул қилишда дастлаб лойиҳа ишлаб чиқилиб, кейин халқ муҳокамасига қўйиларди.
Янги таҳрирдаги Конституцияда жамиятнинг барча қатламлари манфаатлари инобатга олингани, Янги Ўзбекистонни қуриш ғояси атрофида бутун жамият жипслашгани, Бош Қомусимиз том маънода халқ Конституцияси бўлганидан далолат беради.
Конституциядаги моддалар сони амалдаги 128 тадан 155 тага, нормалар сони 275 тадан 434 тага ошди. Яъни, Асосий қонунимиз матни қарийб 65 фоизга ортди ва халқимиз таклифлари асосида янгиланди.
Ундаги асосий нормалардан бири, Ўзбекистон – суверен, демократик, ҳуқуқий ва ижтимоий давлат экани қатъий белгилаб қўйилди. Бундан, эндиликда кучли ижтимоий ҳимоя ва муҳтожларга ғамхўрлик – давлат сиёсатининг муҳим йўналиши бўлиб қолиши англашилиб, инсонга эътибор ҳамда ғамхўрлик – давлат ва жамиятнинг энг асосий бурчи экани конституция даражасида мустаҳкамланди.
Бундан ташқари, Конституцияда ҳар кимнинг уй-жойли бўлиш ҳуқуқи белгиланди. Ушбу норманинг амал қилиши ҳар бир фуқаро, жумладан, ёш оилаларнинг ўз бошпанасига эга бўлишини таъминлаб, кишиларнинг ҳаётдан розилик даражасини оширади.
Сўнгги уч йилда қурилишлардан норози бўлиб, аҳолидан 15 мингта мурожаат келиб тушган, судлар томонидан биргина Тошкент шаҳрида 200 дан ортиқ қурилишлар тўхтатиб қўйилган, автомобиллар сони 1,3 миллионга кўпайиб, 3,6 миллионга етган, ҳар йили атмосфера ҳавосига 2,2 миллион тонна саноат ва транспорт ташланмалари чиқарилаётгани ҳам ушбу масала тобора долзарб аҳамият касб этаётганлигидан далолат бермоқда.
Шу боис, Конституцияда ҳар ким қулай атроф-муҳитга, унинг ҳолати тўғрисидаги ишончли ахборотга эга бўлиш ҳуқуқига эгалиги белгиланиб, аҳолимиз ва келажак авлод учун экологик тоза ҳудудни сақлаб қолишнинг конституциявий кафолатлари яратилди.
Шу билан бирга, унда ижтимоий давлатга хос ёндашувлар таълим соҳасига оид кўплаб модда ва нормаларда ҳам ўз ифодасини топиб, Таълим ва илм-фанга оид нормалар қарийб 2 баробарга оширилди.
Олий таълим ташкилотларига академик эркинлик, ўзини ўзи бошқариш, тадқиқотлар ўтказиш ва ўқитиш эркинлиги ҳуқуқи тақдим этилди. Конституциямизга ушбу норманинг киритилиши профессор-ўқитувчилар ва талабаларнинг ўқув жараёнидаги мустақиллигини таъминлашга хизмат қилади.
Яна бир муҳим янгилик – давлат оиланинг тўлақонли ривожланиши учун ижтимоий, иқтисодий, ҳуқуқий ва бошқа шарт-шароитлар яратиши конституциявий мустаҳкамлаб, жамиятимизда оила мустаҳкамлиги
ва мўътабарлигини барқарор таъминлаш учун муҳим пойдевор яратилди.
Ўз навбатида, ҳомиладорлиги ёки боласи борлиги билан боғлиқ сабабларга кўра аёлларни ишга қабул қилишни рад этиш, ишдан бўшатиш ва уларнинг иш ҳақини камайтириш тақиқланиши белгиланиб, давлатимизда гендер тенглиги принциплари тўлақонли амал қилиш борасида муҳим қадам қўйилди.
Конституцияга биноан, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори, Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси раҳбарлигига номзодлар аввал Сенатда кўриб чиқилиб, кейин Президент томонидан тайинланиши, шунингдек, республика коррупцияга қарши курашиш органи ва республика монополияга қарши органи раҳбарлари Сенат томонидан сайланиши амалиёти жорий этилди.
Бундан ташқари, Конституция адвокатура институтига бағишланган ва адвокатлар фаолиятининг кафолатларини мустаҳкамловчи алоҳида боб билан тўлдирилиб, адвокат, унинг шаъни, қадр-қиммати ва касбий фаолияти давлат ҳимояси бўлиши ва қонун билан муҳофаза қилиниши мустаҳкамланди ва бошқа муҳим ўзгаришлар амалга оширилди.
Юқоридагилардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, янги конституцияда инсон ва фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлаш, уларга ғамхўрлик қилиш, атроф-муҳитга алоҳида эътибор қаратиш, адвокатура ва бошқа институтларнинг фаолиятини кафолатлаш жараёнида муҳим қадам бўлди.
Ш. Нусратуллаев,
Адлия вазирлигининг Жиноий, маъмурий ва ижтимоий қонунчилик бошқармаси катта маслаҳатчиси.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда Касбий таълим агентлиги ташкил этилади
- Рўзиқул Бердиевнинг матбуот анжуманидаги фикрлари юзасидан суриштирув ўтказилади
- АҚШ Россияга босим ўтказишнинг муқобил усулларини ўрганмоқда
- Трамп Корея яриморолидаги можарога якун ясашга ваъда берди
- Ҳиндистонда «Монтта» циклони сабабли қарийб 90 минг киши эвакуация қилинди
- Ўзбекистоннинг янги траекторияси: Асосий хорижий трансферлар харитаси
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг